Тошкентда тўрт болали аёл икки эркакка иккинчи хотин бўлди. «Кундош» эрлар бир-биридан бехабар бўлган

0

Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи тўрт болали аёл саккиз ой давомида икки эр билан яшаган — эркаклар бир-бири билан кундош эканидан бехабар бўлган. Бу ҳақда Facebook фойдаланувчиси Мусанниф Адҳам пост қолдирган; эркаклар ва уларнинг саккиз ойлик рафиқаси исмлари маълум, бироқ ошкор этилмайди.

Қайд этиш жоиз, бу бўлган воқеа сўнгги кунларда Facebook’нинг ўзбек сегментидаги айрим гуруҳларида энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бири бўлиб турибди.

Бир солиҳ киши кўп болали, эри ўлган, бева аёлга иккинчи хотин сифатида уйланганди. Мақсад: етим болаларни кафолатга олиш, онасига фарзандлари тарбиясида кўмаклашиш. Бир ойча аҳил яшашди, эр муҳтожликка учраган оиланинг барча эҳтиёжларини қоплади — янги уйланган аёлини, унинг болаларини даволатди; ўзининг уйида бўлмаган маиший жиҳозларни олиб берди; бу оила ижарада яшаётгани учун ватанли бўлиб қолсин дея янги қурилаётган уйлардан бирини сотиб олишга шартнома тузиб қўйди; болаларга янги ва қимматбаҳо кийимлар олиб бериб, ўз фарзандларидан ҳам аъло шароит қилиб берди; хуллас, бир сўз билан айтганда бир оила учун керакли бўлган барча ишни ортиғи билан бажарди.

Аммо… Ҳаммаси кейин бошланди: йиллар давомида рўшнолик кўрмаган аёл ўзгарди, эри билан ҳар турли майда-чуйда нарсалар хусусида жанжаллаша бошлади. Бунда балки эрнинг ҳам айби бордир — фақат бир томонни эшитиб хулоса қилиш тўғри эмас, бироқ воқеалар ривожи ғалати кечганидан бир тўхтамга келса бўлади.

Яқин 10 кун ичида яна бир иш бўлди: арзимаган нарсадан жанжал чиқарган аёл тун ярмида эрдан уйдан чиқиб кетишни талаб қилди. У чиқиб кетаётганида эса ошпичоқни вена томирига тираб, ўзини ўлдириш билан таҳдид қилиб, яна бир ўйин кўрсатди, орада эрдан нечанчи мартадир талоқ ҳам сўради. Бу машмашалардан тоқати тоқ бўлган эр аёлни шу ҳолатда ташлади-да, ўзига келиб, қилган ишлари хусусида ўйлаб олиши учун бир неча кунга уйни тарк этди. Чиқиб кетишидан олдин оиланинг камида икки ҳафталик рўзғорини бутлаб қўйганди.

Жанжаллардан тин олиб, энди хотиржам нафас ола бошлаган эрни ўша аёл билан ижарада турадиган маҳаллага чақиришди. Борса, ички ишлар ва миллий гвардия ходимлари эшик олдида турибди. Ҳар куни бир ўйин кўрсатишга ўрганган аёл милиция чақириб, «Фалончи мени урди», деб эрининг устидан ёзиб берибди. Аёл ўз гапини исботлаш учун милиция ходимига эрининг кўз олдида кийимининг этагини елкасигача кўтариб кўрсатди. Эр номус ва таҳқирдан тамом бўлди, шу ҳолатни кўргунча ҳатто қамалишга-да рози эди. Аммо ички ишлар ходимлари ҳам вазиятни тушунадиган одамлар экан, эрни ўзлари билан бўлимга олиб кетишди-ю, «Ўзи қийналиб яшаб юрган, кўп болали аёл бўлса, шаллақилик қилишга бало борми?», — деб энсалари қотганча азбаройи анави аризани ёпиш учун эрга нисбатан маъмурий баённома тузиб, қўйиб юборишди.

Эр энди бу оиладан бутунлай ажрашиш, узилиш қарорига келди. Бироқ ҳали олдинда бундан баттар машмашалар бор экан. Милиция можаросидан икки кун ўтиб анави аёлнинг етим болалари суратини ижтимоий тармоққа қўйганди, нотаниш бир киши унга алоқага чиқди: «Нима қилиб менинг болаларимнинг суратини тарқатиб юрибсиз? Буларнинг онасига мен уйланганман-ку!».

Солиҳ деб билинган киши бу гапдан даҳшатга тушди. Тезда ўша одам билан боғланди, учрашишди. Маълум бўлдики, у содда, камсуқум ва дунёга эътиборсиз деб билиб, шу ҳислатларига ҳаваси қилиб, етим болаларини тарбияламоқчи бўлиб уйланган аёл аслида 8 ойдан бери бошқа одамнинг никоҳида экан! Бировнинг никоҳидаги аёлга уйланибди!

Ўзини хокисор, беозор қилиб кўрсатган аёл на никоҳгача, на никоҳ жараёнида бир оғиз «Менинг бошимда эрим бор», демабди. Аксинча, ҳали никоҳи бузилмаган эрига бу одамни укаси сифатида таништирибди. Шу тарзда буниси бўлмаганда униси, униси бўлмаганда буниси билан яшашни бошлабди…

Буёғига ёзиш қийин. Мусибат устига мусибат…

Шундай таҳқирга чидаш, сабр қилиш имкони борми?! Биз эса воқеликдан бехабар фақат бир томонга панд-насиҳат қиламиз, маломатга тутамиз…

Мусанниф Адҳам