Бокс бўйича ЖЧ. Зоиров ярим финалга йўл олди, бироз олдин эса Мирзаҳалилов рингга кўтарилди

0

Екатеринбург шаҳрида бокс бўйича жаҳон чемпионатининг ўнинчи кун беллашувларига старт берилди.

Чорак финал босқичини Ўзбекистон терма жамоасидан Шаҳобиддин Зоиров (-52 кг) болгариялик Даниель Асеновга қарши баҳс билан бошлаб берди. Шиддатли ва муросасиз кечган беллашув якуни бўйича Шаҳобиддин Зоиров ярим финал йўлланмасини қўлга киритди. Шу тариқа, Зоиров ўзи учун жаҳон чемпионатининг камида бронза медалини нақд қилиб қўйди. У финалга чиқиш учун франциялик Биллол Беннама билан тўқнаш келади.

Бироз олдин эса -57 кг вазнда қатнашаётган Миразиз Мирзаҳалилов 1/4 финал босқичда қозоғистонлик Қайрат Ералиевга қарши тўқнаш келди ва рақибини мағлубиятга учратиб, кейинги босқичга йўл олди.

Шунингдек, бугун Бобоусмон Батуров (-69 кг), Дилшод Рўзметов (-81) ҳамда Баҳодир Жалолов (+91) ҳам чорак финал жангини ўтказади.