МИБ 130 миллиондан ошиқ солиқ қарздорлигини ундириб берди

0

Пайариқ туманлараро Иқтисодий судининг ижро ҳужжатига асосан қарздор “Оқдарё Пилла” масъулияти чекланган жамиятидан ундирувчи Оқдарё туман Давлат солиқ инспекцияси фойдасига 130 млн 746 минг сўм солиқ қарздорлигини ундириш белгиланган.

Ушбу ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Оқдарё туман бўлими иш юритувига келиб тушган ва ижро иши юритиш қўзғатилиб томонларга юборилган.

Ижро ҳаракатлари давомида қарздор “Оқдарё Пилла” масъулияти чекланган жамиятининг “Агробанк” Оқдарё туман филиалидаги ҳисоб-рақамига давлат ижрочисининг қарорига асосан банд солинган.

Мазкур ижро ҳужжатининг ижросини таъминлаш мақсадида қарздорга тегишли бўлган Оқдарё туман, Лойиш шаҳарчаси, Меҳнат кўчаси 10-уйда жойлашган пилла қабул қилиш пункти бино иншоотлари хатланиб, ушбу кўчмас-мулк биноси Бюро ҳузуридаги электрон онлаён-аукционларни ташкил этиш маркази орқали “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасида сотиш учун савдога чиқарилган.

Мазкур ижро ҳужжати бўйича қарздор “Оқдарё Пилла” масъулияти чекланган жамиятининг Оқдарё туман Давлат солиқ инспекцияси олдидаги 130 млн 746 минг сўм солиқ қарздорлигини тўлиқ тўлиб берди. Натижада қарздорга тегишли бино иншоотлари ягона электрон савдо майдончасидан қайтарилди.

loading...