«Тошшаҳартрансхизмат» ва «Тошкент метрополитени»да молиявий зарар юзага келган. Ҳукумат тегишли қарор қабул қилди

0

Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳар йўловчи ташиш транспорти ташкилотларини молиявий соғломлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда kun.uz хабар бермоқда.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва «Тошшаҳартрансхизмат” АЖнинг чекланган тарифлар бўйича йўловчи ташиш ҳисобидан юзага келган зарарларни қоплаш тўғрисидаги таклифига розилик берилди:

“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ автобус саройларининг – 2018 йил IV чораги ва 2019 йил I чораги бўйича 38 715 700 минг сўм;

«Тошкент метрополитени” УКнинг – 2018 йил ва 2019 йил 1 чораги бўйича 9 011 000 минг сўм.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги:

а) “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ автобус саройларида 2018 йил IV чораги ва 2019 йил I чораги бўйича 38 715 700 минг сўм миқдоридаги зарарни қуйидаги қўшимча манбалар:

27 771 650 минг сўм – Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети ҳисобидан;

10 944 050 минг сўм – Тошкет шаҳар маҳаллий бюджети ҳисобидан;

б) “Тошкент метрополитени” УКнинг 2018 йил ва 2019 йил 1 чораги бўйича 9 011 000 минг сўм миқдоридаги зарарни Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетининг даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан қоплайди.

“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ автобус саройларининг 2018 йил IV чораги ва 2019 йил I чораги бўйича зарарларни қоплаш учун ажратилаётган 38 715 700 минг сўм миқдоридаги маблағлар етказиб бериладиган дизель ёқилғиси учун “Ўзбекнефтегаз” АЖ ташкилотларига йўналтирилишини таъминлайди.

“Тошкент метрополитени” УК 2018 йил ва 2019 йил I чораги бўйича зарарларни қоплаш учун ажратилаётган 9 011 000 минг сўм миқдоридаги маблағлар истеъмол қилинган электр энергияси учун қарздорликни қоплашга йўналтирилишини таъминлайди.

Давлат активларини бошқариш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан биргаликда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ ва “Тошкент метрополитени” УКни молиявий соғломлаштириш ва уларнинг зарарларини камайтириш бўйича амалий чоралар кўриш тўғрисида икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.