Тунги хабар (ҳаётий воқеа)

1

— Бу уйда тинчлик бўлмайди ўзи, ҳой бола, нимага пойабзалга шампунь суртиб ювасан, ота-онангнинг шампунь заводи борми? — қайнонамнинг овози болаларникига қўшилиб кетди. Яна бир ёқда эрим, буларнинг оёқ кийимини ўзига ювдирмай, ўзинг ювгин, деб танбеҳ бераркан, унинг овозига чақалоғимнинг йиғиси уланиб кетди. Йўқ, бу аҳволда жинни бўлиб қолиш ҳеч гапмас. Ҳамма иш ҳам менга, норозилигу, алам ҳам менга. Болаларни ухлатиб, кир-чирни ювгунимча ярим кеча бўлди. Тунги сукунатни қўл телефонимга келган хабарнинг овози бузди. Ярим кечада ким менга хабар ёзди экан, ёки яна бемаъни рекламалардир-да , деб ҳафсаласизлик билан хабарни ўқий бошладим.
“Айёмингиз билан, опажон. Бу дунёнинг тугамас ташвишлари олдида таслим бўлмай, кулишга куч топиб юрибсизми? Аслида, байрамдан бошқа вақтда сизни йўқламайдиган мендек ношуд укангиздан қанча хафа бўлсангиз, шунча кам. Жиянларим ҳам катта бўлиб қолишгандир? Узоқда бўлсам ҳам, кўнглим сизда. Сизнинг синиқ жилмайиб туришингиз, доим нималаргадир куйиб-пишиб юришингизга ўрганиб қолган эканман, мусофирчиликда ўрнингиз жудаям билинди. Иш, иш деб, ҳатто қўнғироқ қилолмаётганим учун узр. Байрам сизга жамики яхшиликларни олиб келсин, сабрингизга яраша ажр албатта қайтсин. Мен сизга бир сирни айтайми? Аслида, сизнинг, уйда ҳамма яхши, поччанг мени ер-у кўкка ишонмайди, қайнонам ҳам қизидек кўради, деган ёлғонларингизни соғиндим. Бу ерда эса, ҳамма рост гапиради. Қанийди, опагинамга ўхшаб чиройли алдашни биладиган биттагина одам бўлса эди, деб ўртаниб кетаман. Ёлғонларингиз тугамасин, опа, ҳаётнинг фақат яхшилигини айтадиган ёлғонларингизнинг хумори тутганида, сизга етиб боролмаётганим алам қилади. Ҳар урганида жигарларини эслаб ёнадиган юрагингизга улкан матонат тилаб қолувчи укангиз”.
Негалигини билмайман, аммо кўзимдан ёш чиқиб кетди. Балки укам ростдан ҳам узоқ юртдалиги учундир. Кейин рақамга қарадим. Мутлақо нотаниш. Бу хат балки бегонаникидир. Лекин шу тобда у менга ўзим анчадан бери кутаётган далдани бера олганди. Эртасига рақам эгасига хат ёзиб, кимсиз, деб сўрадим.
“Кечирасиз, янглишиб, сизга жўнатибман” деган жавоб келди. Мен эса, “тез-тез янглишиб туринг, ука” деб жавоб юбордим. Сени юпатса, ярим кўнглингга малҳам бўлолса, ўша сўз эгаси омон бўлсин, деб юбораркансан. Эҳтимол, ўша вақтда бирор қимматбаҳо буюм ҳам айни ўша нотаниш кимсанинг юпанч бериб ёзган табрикномаси ўрнини тўлдиролмасди.
Яқинларингизни кўришга вақт тополмаяпсизми? Унда бир энлик хат ёзинг, ўзининг ёлғиз эмаслигини сезсин, ҳаётида сиздек меҳрибони борлигини икки оғиз гап билан етказингки, сўзнинг улкан қудратини у ҳам ҳис қилсин.

1 ТА ФИКР

Comments are closed.