Абдурашид АБДУҚОДИРОВ: Таълим тизимидаги порахўрликларга қачон барҳам берилади?

0

Бугунги кунда мамлакатимизда давлатимиз раҳбарининг бевосита раҳбарлиги ва ташаббуслари асосида барча соҳада узоқни кўзлаган ҳолда ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мақсад битта: халқимизни рози қилиш, фаровонлигини таъминлаш, Ватанимизни дунёдаги тараққий этган мамлакатлар қаторига қўшишдир.

Тараққиётга эришишнинг ўзи бўлмайди, бунинг бир қатор шартлари мавжуд. Энг аввало, жамиятдаги турли иллатлар — бефарқлик, коррупция ва адолатсизликларга эътибор бермай туриб, кўзланган улуғвор мақсадларга эришишнинг имкони йўқ. Мамлакат ривожи ва тараққиётида барча ишларни амалга оширадиган асосий куч, бу билимли, ватанпарвар, фидоий, ҳалол ва бугунги кун талабларига жавоб бера оладиган салоҳиятли кадрлардир.

Бежизга Президентимиз таълим тизимига ва тизимда фаолият кўрсатиб келаётган ўқитувчи ҳамда мураббийларни жамиятдаги обрўси ва нуфузини ошириш мақсадида тизимли ишларни олиб бормаяпти, чунки мамлакатнинг эртанги ривожи бугун таълим тизимида таҳсил олаётган ёшларимизга тўғридан-тўғри боғлиқдир.

Гап кадрлар тўғрисида кетар экан, бу кадрларни тайёрлаб бераётган таълим тизимида аҳвол қандай, деган ҳақли савол туғилиши табиий. Давлатимиз раҳбари таълим тизими нуфузини кўтариш учун барча ишларни амалга ошириб, ҳамма муаммони ҳал қилиб берди, соҳада 30-40 йил давомида ечимини кутиб турган масалаларга ечим топилди.

Ўқитувчилар таълимга алоқаси йўқ жамоат ишлардан ва мажлислардан озод этилиб, уларнинг фақат ўз устида ишлаши учун барча шароит яратилаётган бугунги кунда, энг ачинарлиси, айрим таълим муассасаларида порахўрлик ва коррупция ҳолатлари давом этаётгани, таълим сифати ва мазмуни билан шуғулланиш ўрнига маҳаллийчилик ҳамда жамиятга қарши иллатлар билан шуғулланаётгани, буни кўриб-кўрмасликка, эшитиб-эшитмасликка олаётган ёки айрим ҳолларда ўзлари ҳам шерик бўлаётган раҳбарларни хеч иккиланмай хиёнатчи деса тўғри бўларди.

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 23 август куни таълим тизими тараққиёти билан боғлиқ масалаларга бағишланган йиғилишда ҳам, олий таълим тизимида бугун давом этаётган коррупция ва порахўрлик иллатлари ҳақида гапириб, соҳа мутасаддилари ва олий ўқув юртлари раҳбарларидан жиддий норозилигини билдирган эди. Бир қатор олий ўқув юртлари, жумладан, Тошкент давлат юридик университетидаги ва яна молия, иқтисодиёт соҳасида фаолият кўрсатаётган олий ўқув юртларидаги аянчли ҳолатни, порахўрликни кескин танқид қилган эди. Есемурат Каньязов мисолида ректорлар Улуғбек Азизов ва Баҳодир Ходиев ўзлари учун тегишли хулоса чиқармасдан, ҳеч қандай амалий чоралар кўрмасдан келмоқда. Улар қаерга қараяпти, нимага коррупция илдизини олиб ташлашга ҳаракат қилмаяпти?

Орадан анча вақт ўтди, вазирлик ва олий таълим муассасалари бундан ўзлари учун қандай ҳулоса чиқарди, деган ҳақли савол туғилади. Жавоб эса йўқ.

Хўш, бошқа олий ўқув юртларидаги аҳвол қандай?

Агар инсоф билан айтганда, шунчалик шароит яратиб берилган, соҳани коррупциясиз тизимга айлантиришдек хайрли мақсад сари катта саъй-ҳаракатлар кетаётган бир даврда, бундай ишларга йўл қўйиб бераётган ёки унинг олдини ололмаётган раҳбар давлатга ва мамлакат Президентига хиёнат қиляпти десак, тўғри бўлади. Чунки таълим тизимида бундай иллатнинг бўлиши миллионлаб ёшларимизни жамиятга, мамлакат келажагига ишончини йўқотади, саводсиз кадрлар кўпайиб кетишига йўл очади.

Бу иллатларга барчамиз жиддий қарши курашмоғимиз лозимдир. Порахўрликка, адолатсизликка қарши кураша олмаган таълим муассасаси раҳбарларидан воз кечиш керак, бошқа йўл йўқ.

Абдурашид АБДУҚОДИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати