АЛАМЗАДА… (20 қисм. Иккинчи фасл)

0

 

 

* * *

 

Ҳамшира палатага кирди-ю, беморларга ҳиссиз назар ташлаб олгач, бир четда мунғайибгина ўтирган Ҳайдар сувчига юзланди.

— Амаки, сиз кетаверсангизам бўлади, — деди у қўлидаги дорилар жойланган халтачани кўрсатиб. — Мана, қизингизни ҳозир эмлаб қўяман. Тез кунда тузалиб кетади, худо хоҳласа!

— Қизим, алдамаяпсизми? — сувчи даст ўрнидан турди-да, шифтга тикилганча тек ётган Севинч томонга ишора қилди. — Қизалоғим тузаладими ростдан?

— Ҳа дедим-ку, — сал жеркиганроқ оҳангда жавоб берди ҳамшира. — Тузалади. Мени танимасангиз таниволинг. Исмим Дилнура. Юз фоиз кафолот бераман тузалишига.

— Илоё қўлингиз дард кўрмасин, Дилнурахон, — дуога қўл очди сувчи. — Қизим тузалиб кетса, сизни ўзим рози қиламан, ҳа! Албатта рози қиламан.

— Энди палатадан чиқинг! — деди Дилнура тоқати тоқ бўлиб халтача ичидаги дориларни чиқариб оларкан. — Менга халал беряпсиз!

— Х-хўп, хўп, — дея йўлак томон юришга чоғланди Ҳайдар сувчи. — Мен… Касалхонангиз ҳовлисида юра тураман! Ҳар ҳолда хавотир оламан-да! Лекин… Сиз сира сиқилманг, умуман халал бермайман, бошингизни қотирмайман, кўзингизга кўринмайманам!

Дилнура индамади. Шаффоф идишчадаги дорини қўлига олди-да, бир муддат тикилиб қолди. Бу орада сувчи йўлакка чиқиб улгурганди.

— Ҳой амаки, — турган ерида қичқирди Дилнура. — Қайтинг!

Сувчи қайтадан палата эшигини очиб, остонада ҳозир бўлди.

— Лаббай, қизим, бирор нима демоқчидингиз?

— Буёққа киринг, — деди Дилнура намланган кўзларини катта-катта очиб. — Сизда гапим бор, амаки!

Ҳайдар сувчи унга яқин келди-да, савол назари билан боқди.

— Манавини кўряпсизми, — Дилнура халати киссасидаги иккита элликталик пулни чиқарди-да, сувчига кўрсатди. — Пулларни кўряпсизми?

— Албатта кўряпман. Нимайди?

— Буни боя келган йигит ташлаб кетди. Биласизми ниманинг эвазига?

Ҳайдар сувчи ҳайрон бўлиб елка қисиш билан чекланди.

— Мана бу дорини Севинчга беришим керак экан. Биласизми бу қанақа дори? Заҳар, заққум. Агар шу дорини томирига юборсам, қиз шўрлик умрининг охиригачаям одам бўлмайди. Ростакамига жинни бўлади-ю, шу кўйи ўлиб кетади. Мана шу ишим учун менга юз сўм пора бериб кетишди.

— Н-нима-а? — Ҳайдар сувчи ранги бўзарганча Дилнурага яқин келди ва қўлидаги дори тўла идишчани тортиб олди. — Ахир… Шундай замондаям гуноҳ ишлар қилинарканми? Ахир, Севинчим кимга ёмонлик қилибди? К-ким берибди бу дорини ўзи?..

— Ўзингизам биласиз-ку ким берганини! Толиб деган одам-да! Ким бўларди? Аммо шу гўдакда нима қасди боракан, сира каллам етмай қолди, амаки!..

— Хўш, қиласизми шу уколни қизимга? — жавдираб сўради сувчи. — Айтинг, билиб-кўриб туриб шу ишга қўл урасизми?

— Ўзингизам қон қилиб юбордингиз одамни! — Дилнура зарда аралаш нари кетди. — Шу ишни қилсам, сизни тўхтатиб ўтирармидим? Индамай уколимни қилиб чиқиб кетаверардим-да! Амаки, сизни маслаҳатга чақирдим, ахир! Нима қиламиз энди? Агар айтганини қилмасам, ўлдириб юборишармиш мени, тушуняпсизми? Мениям икки болам бор! Қўрқиб кетяпман!

Ҳайдар сувчи ҳамширанинг титраб кетаётганини кўрди-ю, пилдираганча бориб икки билагини сиқимлади. Кўз ёшларини қўлидаги чит рўмол четига артиб қўйди.

— Ит эмган-эй, — нари кетди сувчи лаби учиб. — Шундай қизни бадном қилмоқчи бўлибди-да! Отасини ногирон қилгани етмасмиди?

— Ногирон? — Дилнура ажабланиб сувчига қаттиқроқ тикилди. — Қ-қанақасига?

— Э, қишлоқдагиларнинг биридан эшитувдим. Дўстимнинг уйига ўт қўйиб кетишибди баччағарлар. Мели олов орасидан чиқолмай қолган. Иккала оёғиям куйиб кетгандан кейин дўхтирлар кесиб ташлашибди-да, қизим! Энди буниси… Падарингга лаънат сендақа ҳезалакларнинг!

— Ишонинг, мен қўрқиб кетяпман, — деди Дилнура вужудидаги титроқлар кучайгандек. — Демак, ўша Толиб дегани ёмон одамакан-да! Унақалардан ҳамма нарсани кутса бўлади.

— Қўрқманг, — Ҳайдар сувчи елка учириб олиб дераза қаршисига борди. — Бизам қараб турмаймиз. Бир бошга бир ўлим-да энди!

— Илтимос, амаки, мени қўрқитманг, — дея югуриб бориб сувчининг елкасига ёпишди Дилнура. — Ҳозир…

— Йўқ, йўқ, хотиржам бўлинг, ўзингизни босинг. Биз бир йўлини топишимиз керак. Шундай қилайликки, сих ҳам, кабоб ҳам куймасин.

— Нима қиламиз? — елка қисди Дилнура. — Билмасам…

— Унда менга қулоқ солинг! — Ҳайдар сувчи эндигина ҳамширага нималарнидир уқтиришга чоғланганди, ўрта яшар бемор аёл уйғониб, аста ўрнидан туриб ўтирди-да, сувчига бақрайганча қараб қолди. Ҳайдар сувчи унинг бежо тикилишини кўриб, беихтиёр безовталана бошлади. Бир аёлга, бир ҳамширага боқди. Дилнура унинг ҳолатини пайқадими, бемор томон кўз ташлаб олди-да, бош чайқади.

— Хавотирга тушманг, амаки, — деди у аёлни кўрсатиб. — Мен палатада бўлсам, сизга ҳеч нарса қила олмайди. Бемор-да, нимаям қилардик?..

— Унда эшитинг, — деди сувчи яна бир карра эҳтиёт шарт бемор аёл томонга ўғринча кўз ташлаб. — Менам жа ўқимишли одаммасман ўзи. Локигин унақа баччағарларни алдаш қўлимдан келаров! Нима дейсиз?

— Қайдам?

— Келади. Хуллас, мундай қиламиз. Севинчимнинг аҳволини қаранг. Ҳалиям ўсал ётибди. Нималардир деб талмовсираяпти. Сиз-чи, уйқу доридан кўпроқ бериб қўйинг. Ухласин. Анавилар келса, кўрсатасиз. «Мана, шунинг билан уч кун ухлайди, уйғонганда, бутунлай томи кетган бўлади» дейсиз. Унгача худо пошшо. Ажабмаски, қизим шунгача тузалиб қолса-ю, гапимга қулоқ соладиган бўлса. Тушунтирардим, уқтирардим.

— Сезиб қолишмасмикан? — сўради Дилнура дераза тарафга кўз ташлаб қўйиб. — Шарманда бўлсак-чи, амаки?

— Ҳаммаси рисоладагидай бўлади. Мен Толибнинг қандайлигини биламан. Жа сиз ўйлаганчалик ақллимас. Менга қолса, ўзиниям шу ерга ётқизиб адабини берардим… Анчагина томи кетган йигит-да, қизим, ишонинг!

— Бўпти, унда мен муолажа хонасига кирай-да, манави дориларни тўкиб, идишини бўшатай. Кейин… Севинчга сал дозасини ошириб уйқу дори бераман.

— Шошилинг! Фурсат борида отни қамчилайлик! Бўла қолинг!

 

* * *

 

Ҳаш-паш дегунча кеч тушди. Иш хамирдан қил суғургандек силлиқ битганидан Дилнуранинг кўнгли анча равшан тортди. Энди бемалол қолган беморларнинг ҳолидан хабар ола бошлади. Шу орада Ҳайдар сувчини ҳам бекитиқча бўлса-да, кўздан панароқдаги кимсасиз палатага жойлаштирди…

Ҳайдар сувчи ҳам юраги пича сокин тортган каби беморлардан холи палатада тек ўтирар, буёғига қандай йўл тутиш ҳақида бош қотирарди.

Шу маҳал кутилмаганда чироқ ўчиб қолди. Сувчи ҳайрон бўлиб эҳтиёткорона ўрнидан турди-да, палата эшигини очиб йўлакни кўздан кечирмоқчи бўлди. Улгурмади. Тутқичга қўл чўзгани ҳамоно эшик очилди-ю, барваста эркак бир ҳатлаб ичкарига кирди ва Ҳайдар сувчининг томоғига пичоқ тиради.

— К-кимсиз? — қоронғиликда пайпасланиб эркакнинг қўлидан халос бўлишга уринди сувчи. — Қ-қўйворинг!..

— Ўч! — буюрди номаълум кимса тиғни сувчининг томоғига сал қаттиқроқ тираб. — Товуш чиқарсанг, сўйвораман, ит! Ҳозир аста олдимга тушасан-у, кўчага чиқасан. Айтиб қўяй, унингни чиқарма! Тушундингми ё…

— Т-тушундим, — деди хириллаб Ҳайдар сувчи. — И-илтимос… Тиғни олинг!..

— Товуш чиқарсанг-чи? — сўради эҳтиёт шарт номаълум кимса. — Балки бирор нимани режалаштириб улгургандирсан?

— Йўқ, гап битта, — деди сувчи титраб. — Қимир этмай чиқаман. Қ-қайга бошласангиз…

— Унда юр, шошилмасдан, хотиржам қадам ташла! Кулимсирашни унутма! Гўёки мен яқин танишингман, гаплаши-иб аста чиқиб кетамиз!

— Хўп бўлади!

Пичоқ томоғидан тортиб олинди. Ҳайдар сувчи кимсанинг башарасига қарашга-да қўрқиб, олдига тушди-да, йўлакка чиқди.

Улар барзанги тайинлаганидек, ўта хотиржам ҳолатда касалхона ҳовлисини тарк этишди. Ҳайдар сувчи шу қадар қаттиқ қўрқиб кетгандики, фикрлаш, қайғуриш, Севинчнинг тақдири билан қизиқиш хаёлига келмасди. Нималар бўлаётганига ақли етмай, тезроқ ёнидаги каллакесарнинг қўлидан қутулишни хоҳларди.

Катта кўчага чиқишгач, барзанги сувчини қўлтиқлаб олди. Шу йўл билан ўтган-кетганни чалғитишга уринди ва тўғри йўлнинг нариги юзида турган машина томон бошлади.

Машина худди «Тез ёрдам» машинасига ўхшаш узун, фақат ранги бошқа, ёзувлардан холи эди.

— Қани, бобой, машинага чиқсинлар-чи, — ўдағайлади барзанги орқадаги икки тавақали эшикни очаркан. — Ичкарида яқин танишингизам бор. Бўлинг тез!

Ҳайдар сувчи барзангининг ёрдамида машинага чиқиб олди. Ичкарига кимнидир ётқизиб қўйишган экан. Сал қурса, ётганнинг оёғини босиб олаёзди. Яхшики, сал нарида бошқа бир эркак ўтирган чиқди-ю, сувчининг билагига чанг солиб ўзи томон тортди.

— Вей, кўзингга қара, бобой, буёққа ўтир! Кўрмисан?

Ҳайдар сувчи эркакнинг ёнига ўтириши билан машина жойидан қўзғалди.

— Хўш, бобой, кўнгил жойига тушдими энди? — дағдаға аралаш сўради барзанги қоронғиликда сувчининг кўзларига тик боқиб. — Сендан сўраяпман?

Ўзига қолса, фарзанди тенги йигитни «сен»лагани учун тумшуғига туширарди. Афсуски, ҳозир шунинг қўлида банди каби қисиниб ўтирибди. Қаерга олиб кетишаётганини, келгуси тақдири қандай кечишини ҳам билмайди. Демак, қўл кўтариш тугул бир оғиз қарши сўз айтишга-да ҳадди сиғмайди. Ҳар ҳолда қаршисидаги нусха навқирон, бунинг устига безори ва босқинчиларнинг ҳамтовоғи бўлса керак. Кучи етармиди…

— Мен… Билмадим, — деди Ҳайдар сувчи елка қисиб. — Бизда кўнгил нима қилсин, иним.

— Танишингни кўргинг келяптими жудаям? — сўради барзанги ерда ётган кимсани кўрсатиб. — Очиғини айт, йўқса бир уриб жағингни эзиб қўяман!

— Ҳ-ҳа, — дея олди зўрға сувчи қўрқиб. — Кўрсатсангиз…

— Унда юзини ўзинг оч! Фақат эҳтиёт бўл, у ер бу ерини босиб олма довдираб!

Ҳайдар сувчи жуда эҳтиёткорлик билан ерда ётган кимсанинг юзига ёпилган матони кўтариб олди. Не кўз билан кўрсинки, ётган Севинч экан. Қўрқиб кетдими, ё бошқа сабабданми, жонҳолатда ўзини орқага олди.

— Хўш, қўрқиб кетдингми? Гапир!

— Ахир… Бу Севинч-ку! — деди сувчи йиғлагудек бўлиб. — У… Касал эди-ку, касал!..

— Менга қара, — барзанги Ҳайдар сувчига яқинроқ ўтирди-да, томоғига чанг солди. — Кўп валдирайверма! Гапир, валдирайсанми-йўқми?

— Й-йўқ, албатта, — сувчи барзангининг билагига ёпишиб билинар-билинмас силтаниб қўйди. — Товуш чиқармайман, ишонинг! Соқовман, соқов!..

Шундан кейингина барзанги қўлини тортиб олиб, нари сурилди. Сувчи эса беихтиёр ҳамшира ёдига тушиб беихтиёр безовталана бошлади. Барзангининг сокин тортганидан унумли фойдалангиси келдими, у томон ўгирилишга ўзида куч топа билди.

— Иним, — сўради у сал дадилланган бўлиб. — Анави… Нима демоқчийдим-а?.. Ҳа-а, Дилнура қани? Уни… Олиб кетмаяпсизларми?

— Нима? Ким у Дилнура?

— Ҳалиги… Ҳамшира-да! Севинчга укол қилган…

— Ҳа-а, уми? — совуқ тиржайди барзанги. — Ҳамшира, бобой, ҳозир ҳойнаҳой ҳури ғилмонларга укол қилаётган бўлса керак, хи-хи-хи-хи!..

Бу гап қулоқлари остида жаранглагандаёқ, сувчининг эти музлаб бўлганди. Юрагини мўри малах каби босиб олган таҳлика-ю, ваҳималар қўзғолон қила бошлади. Боягина бир кулимсираб, бир қовоқ уйиб сўзлаган Дилнуранинг чеҳраси кўз ўнгида гавдаланди. Бу моҳичеҳрани тасаввур этгани сайин ўлганига, мана бу босқинчиларнинг қўлида жон берганига сира ишонгиси кела қолмади. Аммо барзанги алдаётганга ўхшамади. Хабарни жиддий туриб айтди. Бир туки сесканмай масхарали ҳиринглади. Демак…

«Қандай кунларга қолдим? — ўйлади Ҳайдар сувчи иложи борича танасида зоҳир титроқларни барзангига сездириб қўймасликка интилиб. — Сал бўлмаса олов чангалида қолаёзганман. Жин урмаган мени. Саломат юртга қайтиб, тирикчилик қила бошлаганман. Қайси шайтон йўлдан урди-ю, буларга илакишдим? Нега Толиблигини билиб туриб, ўша ифлос ишга боришга рози бўлдим? Бош тортсам биров мени ўлдирмасди-ку! Тинчгина бир-икки сўмимни топи-иб юргандим. Тағин пича чидаганимда, бола-чақамнинг қучоғига борардим. Наҳотки, пешонамга шундай кунлар ёзилган бўлса? Энди манави ит эмганларнинг қўлида ўлиб кетаманми? Ўлигим-чи? Қайларда қолиб кетади? Итларга, қузғунларга ем бўладими? Қандай даҳшат!.. Ялинсам-чи? Шу барзангининг оёғига йиқилиб ёлворсам, нима деркин? Машинадан тушириб юборармикан? Тўхта, киссамда пулим бориди-ку! Ўша пулларнинг ҳаммасини қўлига тутқазсам, кўнар! Ўлибдими? Булар пул деса ўзини томдан ташлайди-ку!.. Эҳ, Мели, Мели! Сен фалокатга йўлиқдинг-у, ҳаммаёқ ағдар-тўнтар бўлди-я! Мени судраб нима қилардинг, хонасалот? Мана, ўзинг ногирон бўлсангам иссиқ уйда ўтиргандирсан. Буёқда қизинг, мен сарсонмиз. Ҳадемай ўлиб кетсак шаминг ёнар, баччағар?.. Расво бўлдим, расво! Бир вақтлар оёқ чалиштириб паловхонтўра еган чойхоналар, гап-гаштакларнинг ҳаммаси қулоғини ушлайдиган бўлди. Хотин-бола-чақа-ю, қариндош-уруғларам чапак чалиб қолаверади энди… Пешонам қурсин!..»

— Иним, — қўрқа-писа савол беришга тутинди сувчи. — Мени ўлдирманглар! Мана, пича пулим бор, ҳаммасини бераман. Ўлдирманглар, илтимос, жўжабирдай жонман, ахир!

— Вей, анқов чол, — деди барзанги сал қаддини кўтариб. — Ким сени ўлдираман деяпти?

— Ахир… Дилнурани…

— У айтганни қилмади. Шунинг учун тинчитиб қўя қолишибди йигитлар. Агар сенам қайсарлик қиладиган бўлсанг, унда ўлишинг аниқ.

— Қайсарлик?.. Нега? Нима қилишим керак ўзи?

Буларнинг ўлдириш нияти йўқлигини пайқабоқ Ҳайдар сувчига даъфатан жон кирди. Пешонасини қоплаган муз тер қуригандек бўлди. Танасидаги титроқлар ариди. Қалбида қайтадан умид учқунлай бошлади.

— Кўп билган тез қарийди, бобой, — кулиб жавоб қилди барзанги. — Боргандан кейин биласан! Ҳозирча дамингни чиқармай жим ўтир!

— Хўп, хўп, — Ҳайдар сувчи ҳарқалай ўлмаслиги муқаррарлигига яна бир карра амин бўлиб дарров тилини тия қолди. — Индамайман! Жимман!

 

* * *

 

Машина чайқала-чайқала бориб қаердадир тўхтади. Шу заҳоти барзанги даст ўрнидан турди-да, эшик маҳкамланган узун темирни зулфиндан суғуриб олди.

— Қани, туш пастга! — буюрди у Ҳайдар сувчига. — Имиллама! Вақт жуда кам, бўл тез!

Ҳайдар сувчи эмаклаб бориб машинадан пастга сакради ва кўз ўнгида кенг, ҳайбатли дарё намоён бўлди.

Бу орада машинанинг олд тарафидан яна икки эркак тушиб келди. Улар барзангининг қулоғига нимадир деб, ўзлари нари кетишди.

Бу ҳаракат яна сувчининг юрагига ғулғула сола бошлаганди. Эркакларнинг ниманидир сир тутишаётгани Ҳайдар сувчини гумонсирашга, шубҳалар ботқоғига ботишга мажбур этди. Бир қаршисидаги барзангига, бир дарё соҳилига қараб кетган икки эркакка жавдиради.

— Тушир анавини! — тўнғиллаганча машинадаги Севинчга ишора қилди барзанги. — Кўтарволгин-да, дарё томонга олиб бор!

— Севинчними? — талмовсираб сўради сувчи. — Уни… Нима қилмоқчисизлар, иним? Тинчликми?

Ҳайдар сувчига жавобан барзанги яқинроқ келиб икки елкасини сиқимлади.

— Сенга боя айтмаганмидим? Тилингни тийиб юр демаганмидим? Тезроқ қимирла!

Дастлаб Севинчни машинада кўргач, Ҳайдар сувчи буткул бошқача хаёлга борганди. «Бошқа касалхонага олиб бориб ташлашмоқчи, шу йўл билан айбларини яширишмоқчи» деб ўйлаганди. Энди эса… Дарё бўйига келганларининг боисини тўлиқ англади. Демак, бу ярамаслар Севинчнинг ҳам бошига етишни мўлжаллашибди. Лекин нега? Қандай оғир айб қилибдики, бегуноҳ қизни сувга чўктиришса?..

На илож? Ҳеч ким жонини гаровга қўя олмайди. Шайтони лаин шу ишга ундаганда ҳам барибир жонини ўйлайди, қайғуради, ундан воз кечишни хоҳламайди.

Ҳайдар сувчи итоат билан ҳануз дори таъсирида пишиллаб ухлаётган Севинчни елкалади-да, барзанги кўрсатганидек, дарё соҳилига олиб борди.

— Энди уни ўзинг дарёга чўктирасан, — деди барзанги шерикларига қараб қўйиб. — Тезроқ бўлақол! Бўшашма, бобой! Ўртароғига обор, тезроқ чўкади!..

Бу буйруқ Ҳайдар сувчини адо қилаёзди. Мана шу қўллари билан жонидан азиз қизни, дўстининг ёлғизини ажал чангалига итқитиши лозимлигини ҳис этгани сайин ўлаёзди. Бахтга қарши орқада уч бирдек барваста, совуққон, шафқат нелигини билмас кимсалар тиш қайраб турибди. Башарти ортиқча ҳаракат содир этишга, қочишга, ё қарши сўз айтишга мойиллигини сезишса, сувчининг ўзи мана шу тубсиз дарёга ғарқ бўлади.

«Мундай олиб қараганда, — кўнглидан ўтказди аста-секинлик билан бўлса-да, шайтон йўриғига кира бошлаган Ҳайдар сувчи. — Отасиям ногирон, қизининг аҳволи манавинақанги чатоқ. Мелини кўраманми-йўқми, худо билади. Кўрмаслигим тайинроқ. Шундай бўлгандан кейин иккиланиб нима қилдим? Ҳар кимнинг жони ўзига ширин. Бу қизни чўктирмай, анавилар билан олишган тақдиримдаям, Мели келиб менга раҳмат демайди. Келгандаям мени тополмайди. Чунки ўзим мана шу дарё тубида бўламан… Йўқ, яхшиси, буйруқни бажараман-у, жонимни асраб қоламан. Мениям бола-чақам бор. Болаларимнинг онаси йўлимга кўз тикиб ўтиргандир. Каллакесарларнинг ишини битириб бераман-у, ҳайё-ҳуй деб қишлоққа жўнайман. Шаҳарларини елкамнинг чуқури кўрсин!..»

Шуларни хаёлидан кечириб, Ҳайдар сувчи тўсатдан бардам тортди ва Севинчни қайтадан елкасига ортди-да, дарёга тушди.

 

* * *

 

Ҳайдар сувчи пича ичкарилаб боргач, томоғига қадар сувга ботди. Соҳилда нотаниш кимсалар тайинлашганди. Сув иягигача етса, Севинчни ташлаб юбораверса бўларкан. Тўлқиннинг ўзи уни ичкарига тортиб кетаркан.

Сувчи елкасидаги Севинчни пастга туширишга шайланди-ю, юрагини ваҳм босди. Қайсидир томира тортишиб кетгандек қисиниб-қисиниб олди. Нималар қилаётгани, қандай қабиҳ ишга қўл уриб қўйганини сўнгги бор чуқур ҳис этди. Афсуски, вақт зиқ. Агар тезроқ елкасидагини ташлаб ортга қайтмаса, ўзи ҳам оёғи тойиб дарё домига кириши ҳеч гап эмас. Ҳайдар сувчи соҳилга яқин бўлса-да, оқимнинг тезлигидан адо бўлай деб эҳтиёткорлик билан пайпаслана-пайпаслана бир оёғини қиррали тошга тиради. Шундай қилса, қур-қур оғзи аралаш урилиб қайтаётган кичик тўлқинлар зуғум қилмайдигандек туюлди.

Шу маҳал соҳил тарафдан кимларнингдир бақир-чақири қулоғига чалинди. Кимдир кимнидир ҳақорат қилди. Кимларнингдир инграгани атрофни тутди. Ҳайдар сувчи юраги така-пука бўлиб Севинчни қайта елкалади-да, аста ортга бош бурди. Қоронғида ҳеч кимни аниқ кўриб бўлмасди.

Ҳали хаёлини бир жойга жамлаб улгурмай, аллакимнинг қичқириғи қулоқлари остида жаранглади.

— Қайт қирғоққа! Вей, қайт дедим, ифлос! Кимсан ўзи? Итдай отиб ташлайман! Қайтар Севинчни, қайтар, ит!

Ҳайдар сувчи бир муддат нима қилишни билмай гарангсиб қолди. Таҳдид такрорланавергач, яна эҳтиёткорликни қўлдан бермаган ҳолда инқиллай-инқиллай қирғоққа юрди.

Ҳолдан тойган экан. Аранг қирғоққача ета олди. Сувдан бир оёғини юқорига чиқарди-ю, Севинчни ерга қўйди. Ўзи эса тепасидаги кимсаларга-да қарашга ҳоли етмай юзтубан ётиб олди.

— Тур ўрнингдан! — кимдир биқинига тепди-ми, нафаси ичига тушган каби хириллаб бошини кўтарди. Не кўз билан кўрсинки, қаршисида Толиб гезарганча турарди. — Катта холангнинг уйими бу ер ястаниб олдинг? — қичқиришда давом этди у. — Тур!

Ҳайдар сувчи қўрқа-писа ўрнидан қўзғалди. Сал нарида машина чироқлари ёруғида ўзини олиб келган нотаниш кимсаларнинг думалаб ётганини кўрди. Атрофда изғиётган тўрт йигит Толибга тегишли эканини ҳам тушуниб етди.

— Мен… Мени… — дея олди Ҳайдар сувчи титраб. — Мажбурлаб… Қўрқитиб опкелишди… Анавилар… Ўлдирмоқчи бўлишди.

Толиб сувчининг сўзларига қулоқ тутмади. Бақира-бақира йигитларга Севинчни машинага жойлашни буюрди. Шундан кейингина Ҳайдар сувчига юзланди.

— Ие, ҳалиям ўлмаганмидинг? — сўради Толиб шундагина сувчини таниб. — Ҳали сен душманларимнинг югурдагига айланганмидинг?

— Й-йў-ўқ… Мени… Мажбурлашди, ҳа, мажбурлашди!..

— Шунақами? Сен, ифлос, Севинчни танирдинг-ку! Отаси оғайнинг эди шекилли адашмасам-а?

— Ҳ-ҳа, шундай. Мен…

— Нонкўр! Тузимни еб тузлиғимга тупурдингми ҳали? Севинчда нима айб бор эди? Унинг ўрнига ўзинг чўкиб ўла қолмадингми? Жон ширинлик қилган-да-а? Шунақами?..

— Ахир…

Ҳайдар сувчи шундагина барчасини англаб етгандек бўлди. Олиб келганлар, Севинчни ўлдириб юбормоқчи, укол қилдириб ҳақиқий телбага айлантирмоқчи бўлганлар аслида Толибга тегишли эмаслигини тушунди. Аммо кеч эди. Шу тобда нима демасин, қандай йўл тутмасин, ўзини оқлай олмайди. Сабаби, қилар ишни қилди. Шайтоннинг йўлига юрди. Ҳаммасига кўз юмди. Ўз жонини, ҳаловатини деб бир тупроқда ўсиб-улғайган қизни мана шу қўллари билан сувга чўктиришга уринди. Агар Толиб вақтида келиб қолмаса…

Ҳайдар сувчи кўзлари энди-энди очила бошлаган каби беихтиёр ўкириб йиғлаган кўйи Толибнинг теварагини айлана бошлади. Бу ҳаракатларини кўрди-ю, Толиб шартта икки билагидан тутиб ўзига қаратди.

— Ҳой, Сарвар! — қичқирди у ерда ётгганларни астойдил тепкилаётган шотирига қараб. — Тез кел олдимга!

Ҳаш-паш дегунча Сарвар Толибнинг қаршисида ҳозир бўлди.

— Ака, хизмат борми яна?

— Манавини нима қиламиз? — сўради Толиб афтини бужмайтириб. — Севинчни тамом қилаёзибди-ку! Чўктирмоқчи бўлибди-ку!

— Ўзини ўша сувга чўктирвориш керак, вассалом! — деди Сарвар пинагини бузмай. — Бунақаларнинг жазоси шу, ака!

— Ахир, жиноят қилиб қўямиз-ку тағин?

— Ака, — сўзлаш асносида Ҳайдар сувчининг белига мушт туширди Сарвар. Сувчи мушт зарбидан бир муддат яна нафаси қайтиб, қайта-қайта энтикиб олди. — Қанчасини кечирдингиз! Биронтаси билдими? Тузингизни оқладими? Ҳечам. Бунинг ўрнига сизни сотаверишди, сотаверишди. Энди бўлса…

— Сен ҳақсан, — деди Толиб асабий лаб тишлаб. — Бунақалар яхшиликни билмайди. Агар қишлоқдоши, яқин дўстининг кўзига чўп тиқмоқчи бўлибдими, эртага мениям сотади.

— Тўппа-тўғри, — унинг гапини маъқуллади Сарвар. — Сотқинларни кечириб ўтириш аҳмоқликдан бўлак нарсамас.

— Унда чақир Мўйдинни! Чўктирсин бу ит эмганни!

Сарвар ими-жимида машинада Севинчни қўриқлаб ўтирган шотирни Толибнинг олдига жўнатди. Ўзи эса унинг ўрнида қолди.

Ҳайдар сувчи қоронғиликда ўзига яқин келган барваста, шоп мўйловли йигитга жавдираб боқди. У қўлидаги тўппончани сувчига тўғрилаганча Толибнинг сўнгги буйруғини кутарди.

— Обор бу нонкўрни! — дарё томон ишора қилди Толиб нари кетаркан. — Агар ўз хоҳиши билан чўкмаса, отиб ташла!

Бу сўз Ҳайдар сувчи учун ўлимдан-да қўрқинчлироқ эди. У ўлимни қалбан ҳис этгани сайин дағ-дағ титрар, машина томон кетаётган Толибга нимадир дегиси келиб шайланар, шоп мўйловлидан тирик қолдиришини сўраб ёлворишга чоғланарди. Аммо тили айланмасди. Ҳалитдан гўё мурда қиёфасига кириб қолгандек эди. Фақат тик оёқда турарди холос.

— Қани, туш сувга! — буюрди йигит Ҳайдар сувчига ўқрайиб. — Йўқса итдай отиб ташлайман, туш дедим!

Ҳайдар сувчи итоаткорона дарёга тушди ва истар-истамас ичкарилай бошлади.

Дарё тобора чуқурлашиб боргани сайин Ҳайдар сувчининг вужудига чирмашган қўрқув негадир тумандек тарқалган каби ҳийла эркин нафас олди. Ҳатто сув томоғини ўпгач, бирдан тўхтаб, ортга ўгирилишга-да ўзида куч топа билди.

Шоп мўйловли барваста ҳануз тўппончани у томон тўғрилаганча тек турарди.

— Сенлар бекорга менинг бошимга етяпсанлар! — беихтиёр бақириб юборди сувчи алам аралаш. — Қишлоқда бола-чақам етим қоладиган бўлди. Ўшаларнинг уволига қоласан. Менинг қарғишим сениям бошингни ейди, хонасалот! Ҳалиям бу ниятингдан қайт! Балога гирифтор бўлмагин! Жувонмарг кетмагин!

Шоп мўйловли сувчининг ҳайқириғига жавобан тўппончани осмонга қаратиб, бир марта ўқ узди. Ўқнинг варанглаган овози оламни бузаёзди. Шу заҳоти таҳлика исканжасида қолган сувчининг миясига шайтон ўрлаб, йўл-йўриқ кўрсатишга тушди.

«Тўппончанинг ўқи баданингни тешиб ўтса, — деди шайтон. — Жонинг дўзах азобини тортади. Кўзингдан гўё ўт чақнайди. Беҳуда жонингни оғритиб зарилми сенга? Ундан кўра, олдинга юр. Барибир бошқа йўл йўқ. Чўкишинг шарт! Ишон, дарё домига тортдими, тамом, ичингга сув тўлади-ю, нафас олишдан тўхтайсан. Ҳеч нарсани сезмай қоласан. Бир неча дақиқа ичида уёқларда бўласан. Аҳмоқлик қилма! Қайсар феълингни ташла!..»

Ҳайдар сувчи кўзлари тўла ёш билан йўл-йўлакай худога нола қила-қила яна олдинга юрди. Тўлқинлар дарҳол боши оша урилди. Зум ўтмай сувчи кўринмай қолди. Шамол сабаб соҳилга пишқириб яқинлашган кучли тўлқин уни дарёнинг ўртасига суриб кетганди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ