Кўзи очилмаган оталарга жиноят иши очилди

0

Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддасида вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддатга бўйин товлаган шахсларга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланилиши белгилаб қўйилган. Бордию, маъмурий қамоқни ўтаб чиққан шахс яна икки ойдан ортиқ муддатга алимент мажбуриятларини бажармаса, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 122-моддаси билан жиноий жавобгарлик масаласи кўриб чиқилади.

Қонунчиликда белгилаб қўйилган бундай тартибнинг сабаби йўқ эмас, албатта. Чунки орамизда ота деган номга нолойиқ шахслар ҳам борки, улар ойлар, йиллар давомида ўз фарзандининг моддий таъминотидан бўйин товлаб, суд томонидан белгилаб қўйилган алимент мажбуриятларини бажармайди. Шундай оталарнинг иккитасига нисбатан МИБ Навоий шаҳар бўлими томонидан 10.09.2019 йилда жиноят иши очилди. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам Навбаҳор туман маъмурий судининг 16.04.2019 йил ва 07.05.2019 йиллардаги қарорлари билан маъмурий қамоқ жазосини ўтган.

Жумладан, Мажбурий ижро бюроси Навоий шаҳар бўлими иш юритувидаги ижро ҳужжатига кўра, қарздор Ж.Д.дан ундирувчи Н.Д.нинг фойдасига 3 нафар фарзандлари учун жами 13 млн 886 минг 435 сўм миқдордаги алимент пулларини қасддан тўламасдан келган.

Қарздор О.Б. эса ундирувчи К.Р.нинг фойдасига 1 нафар фарзанди учун жами 10 млн 101 минг 000 сўм миқдордаги алимент пулларини тўламаган.

Аслида, фуқароларни жазолаш ёки таъқиб остига олиш эмас, балки одамларни эртамизнинг эгалари бўлган ёш авлодни, ўз фарзандларимизнинг тақдирига, моддий таъминотига бефарқлик билан қарамасликка ўргатиш, моддий ёрдамга муҳтож фарзандларни қаровсиз қолдириш биз яшаётган юртнинг қадриятларига зид эканлигини янада кучлироқ тушунтиришдир. Бунинг исботи сифатида шуни айтишимиз мумкинки, мазкур қонунга мувофиқ, агар бундай жиноятни содир қилаётган шахс, ишни кўриш жараёнида қарздорликни ихтиёрий равишда тўласа, жавобгарликдан озод қилиниши белгиланган.

Шу ўринда бир нарсани таъкидлаб ўтиш жоизки, мазкур жиноят ЖКнинг оилага, ёшларга ва ахлоққа қарши жиноятлар бобининг биринчи моддасида ўз аксини топган бўлиб, бу ҳам ўз навбатида жамиятнинг асосини ташкил қилувчи оилага бўлган муносабатни яхшилаш, фарзанд тарбияси борасида асрий анъаналаримизга содиқ қолишимиз учун хизмат қилиши муҳимдир.