Расул Кушербаев: Ҳукумат раҳбари номидан ёлғон хабар тарқатиш – бу жиддий сигнал

0

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг матбуот хизмати интернетдаги айрим ижтимоий тармоқларда маҳаллалардаги масжидлар сони, диний либосда юрадиган, соқол қўйган, миссионерлик фаолияти билан шуғулланадиган ҳамда турли мақсадларда чет элга кетган фуқаролар сонини аниқлаш бўйича саводсизларча ёзилган хабар жойлаштирилиб, йиғилган маълумотни ички ишлар идоралари ва маҳалла жамғармасига тақдим этиш кўрсатиб ўтилган хабар юзасидан раддия берилган эди.

Ушбу ҳолатга Олий мажлис депутати Расул Кушербаев ўз муносабатини билдирди.

“Вазият Бош вазир номидан фойдаланиб, ёлғон маълумотларни тарқатишдан ҳам тап тортмайдиган даражага етиб борибдими, демак ахборот маконида мамлакат барқарорлигига путур етказиш учун кучли тактик хуруж уюштиришга уринаётган ниқобли гуруҳлар борлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Ҳукумат раҳбари номидан а! Бу жиддий сигнал.

Балки нотўғридир, бироқ мен ахборот тарқатиш билан боғлиқ ҳаракатларни тартибга солишга қаратилган ҳар қандай қонун ҳужжатларини ўзгартириш масаласига доимо оғриқли масала сифатида қараганман ва маъқулламаслик позициясида бўлганман. Чунки бу соҳада одамлар ўз ўзини тартибга солиши керак. Давлатнинг аралашувисиз жамоатчилик ўз муносабати билан буни тўла назорат қилишга қодир, деган фикр шундай позицияда бўлишга ундаган. Бироқ бугун вазият мен ўйлагандан кўра анча ёмон эканлигини кузата туриб, сал адашганмиканман, деб ўйлаб қолдим. Афсус, вазият жимлик сиёсатини юритиб, шунчаки кузатиб туришга йўл қўймайди.

Демак, бу соҳада ахборот хуружларига қарши кескин кураш чораларини кўриш, қонунчиликни такомиллаштириш кечиктириб бўлмайдиган ишга айланмоқда. Тан олиш оғир. Бироқ ўзини ўзи назорат қилиш институти самарасиз турган пайтда мамлакат келажаги учун ташаббусни бошқа куч олишга мажбур бўлади. Унгача барча фойдаланувчиларга интернетдаги ҳар қандай маълумот ва хабарларни камида иккита ёки ишончли манбадан текширмагунча ишонавериш керакмаслигини ва тарқатишдан тийилиб туришни маслаҳат берган бўлардим. Айниқса, шок хабарларда”, – деб ёзган депутат.

Zarnews.uz