Садоқатли ит эгасининг мурдаси билан муносиб тарзда видолашди…

0

 

Филиппиннинг Тарлак шаҳрида яшовчи Карлито Сембрано юрак хуружи туфайли фавқулодда касалхонага олиб кетилганди. Кетишдан олдин бемор ўзининг «Чучу» лақабли ити ҳам касалхонага бориши шартлигини айтиб туриб олди. Врачлар қаршилик кўрсатишмади. Орадан бир неча кун ўтгач, Сембрано оламдан ўтди. Ит эса касалхонани кезиб эгасини изларди. Чунки врачлар мурдани итга кўрсатмасдан ўликхонага олиб кетишганди. Чучу эгасини топа олмагач, касалхона дарвозаси ёнига ястаниб олганча Сембранони кута бошлади. Шу кўйи бир неча кун дарвоза олдидан жилмади. Марҳумнинг оила аъзоларидан бири итга емиш олиб келганда эса Чучу эгасининг велосипедини таниб қолди-ю, бир сакраб велосипедга чиқиб олди. Уни уйга олиб кетишди. Уйда марҳум ётқизилган тобутга кўзи тушди. Шу ерда жониворнинг эгасига бўлган чексиз муҳаббати намоён бўлди. Чучу росмана кўз ёш тўкиб йиғлар, бир сонияга бўлсин, тобутни тарк этмасди…

Ҳозирги кунда Чучуни марҳумнинг яқинлари парвариш қилмоқда. Тез-тез йўқолиб қолади. Уйдагилар билишадики, Чучу узоққа кетмаган. У қабристонга бориб марҳум эгасининг қабри тепасида ўтирган бўлади.