САРАТОНДАН ЎЛИМ ТОПИШ АРАФАСИДАГИ 4 ЯШАР БОЛАНИНГ СЎНГГИ ТИЛАГИ… (воқеа ҳаётдан олинган)

0

 

Англияда туғилиб ўсган Нолан Скалли исмли бу болакай тўрт ёшидаёқ дадаси каби полициячи бўлишни, халқига ҳалол хизмат қилишни орзуларди. Афсуски, уч ёшида у саратон хасталигига йўлиққанини айтишди. Ота-онаси аламдан куйиб ўлаёзди. Аммо илож қанча. Ота ўлаётган боласининг тилагини бажо этишга аҳд қилди. Маҳаллий полиция маҳкамасидагилар Ноланни фахрий полициячи этиб тайинлашди. Буюртма бўйича форма ҳам тиктиришди. Врачлар эса қўлларидан келганча болакайнинг яшаш муддатини чўзишга ҳаракат қиларди. Аммо худодан устун келиб бўлмайди. Саратон сўнгги стадияга ўтиб улгурганди. Онаси Рут нима қилиб бўлмасин бу кўргиликка мардона бардош айлашга интиларди. Яккагина фарзандининг кўнглига қарар, имкон борича унга кўз ёшларини кўрсатмасликка ҳаракат қиларди…

Яқинда Рут хоним ўғли Нолан билан бўлиб ўтган сўнгги суҳбатини айтиб берибди. Суҳбат қуйидагича кечибди:

— Болам, нафас олишга қийналяпсанми?

— Ҳа, бироз.

— Жонинг қаттиқ оғрияптими?

— Ҳа.

— Болам, касаллик сендан зўр келди. Энди бундан кейин уни деб жонинг қийналмайди.

— Ростданми? Ойижон, унда бундан кейин сизни деб жонимни қийнайман.

— Йўқ, жоним! Ундай дема!

— Хўп.

— Болам, яхши она нима қилиши керак?

— Боласининг жони оғримаслиги учун ҳаракат қилиши керак.

— Жоним, сен ҳақсан. Аммо бундан буёғига ҳаракат қилишимдан фойда йўқ. Сен Яратганнинг ҳузурига борасан. Жаннат ҳурларига қўшиласан. У ерда саратон йўқ. У худодан қўрқади. Уёқларга бора олмайди.

— Демак мен уёқда то сиз келгунча ҳурлар билан ўйнаб турарканман-да, ойи? Шундайми?

— Албатта, жоним! Ойинг сени ташлаб қўярмиди!?. Албатта етиб бораман.

— Раҳмат, ойижон! Ўзимнинг меҳрибон ойижоним! Фақат эсингиздан чиқмасин-а? Уёқда сизни кўзим тўрт бўлиб кутаман!..

Шундан кейин анча толиққан Нолан онасига душ қабул қилиб олиш учун рухсат берди. Сўнг кўзларини юмиб олди. Онаси душга кириб кетиши билан Нолан чуқур кома ҳолатига кириб бўлганди. Она йиғлай-йиғлай, душдан чиқиб, Ноланнинг ёнига ёнбошлади. Шу пайт худонинг қудрати билан Нолан кўзларини очди ва ёнида онажонини кўриб уни маҳкам қучиб олди. Рут хоним боласини жон таслим қилгандан кейингина бағридан бўшатди.

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади