Ўйлаб кўрдингизми? 2019 йил 21 сентябр куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қиларкин?

0

 

 

ҚЎЙ (21. 03 — 20. 04)

21 сентябр куни романтикани орзулайсиз. Аммо реал ҳаёт қаршингизда кўндаланг бўлади. Оиласизлар бугун ҳар қандай кўринишдаги учрашувлар, кўнгил изҳорлари, таклифларни четга суриб қўйишлари лозим. Эрталабдан кечга қадар оғир юмушларни бажаришингизга тўғри келади. Рўзғорингиздаги муаммоларни мустақил тарзда бартараф этиш қўлингиздан келмайди. Мутахассис чақиринг. Кечқурун овқатланиш режимингизни бир кўздан ўтказиб олинг.

 

БУЗОҚ (21. 04 — 21. 05)

 

Бугун эрталабдан яқин ўтмишдаги ёрқин хотираларга ошно тутинишингиз тавсия этилади. Қилган гуноҳларингиз учун худони айбламанг. Бунинг ўрнига тавба қилинг. Кўпчилик тушдан кейин иш юзасидан янги лойиҳаларни адо этишга киришиши мумкин. Тадбиркорлар куннинг иккинчи ярмида янги ҳамкорлар топиши, улар билан келишувлар бошлаши мумкин. Муҳаббатда ўзингизга ҳаддан ташқари ишониб юборманг. Сафарга чиқиш зарурати туғилса, бошқа кунга қолиринг. Ўзингизни эҳтиёт қилинг.

 

ЭГИЗАКЛАР (22. 05 — 21. 06)

 

21 сентябрда молиявий соҳада айримлар боши берк кўчада қолиб кетиши кутилади. Кейинги пайтларда харидларни кўпайтириб юборган бўлсангиз керак. Шунинг жабрини тортиб турасиз-да энди. Шахсий ҳаётда ҳам муаммолар оз эмас. Лекин оптимизмни йўқотманг. Муаммоларни камайтиришга ҳаракат қилинг. Ким биландир илгари жанжаллашган бўлсангиз, бугун ярашиш учун биринчи бўлиб қадам ташласангиз, хайрли кечади.

 

ҚИСҚИЧБАҚА (22. 06 — 23. 07)

 

Бугун рўзғордаги тартибсизликларни бартараф этишингиз талаб этилади. Аммо бир ўзингизга оғирлик қилади. Мутахассислар ёрдамига суянинг. Оила қуришга улгурмаганлар севгилиси билан учрашиб, тоғ ён-бағирларига дам олиш учун кетишлари эҳтимолга яқин. Умуман қаерда дам олишингиздан қатъи назар барибир романтика, руҳий хотиржамлик сиз билан бирга бўлади. Кечқурун тоза ҳавода сайр қилинг. Ухлашга ётишдан олдин оғир ҳазм бўлувчи овқатлар ейишингиз тавсия этилмайди.

 

АРСЛОН (24. 07 — 23. 08)

 

21 сентябр куни аввало ҳаётга муносабатингизни таҳлилдан ўтказиб олишингиз тавсия қилинади. Елкангизда ҳаётнинг оғир юки турибди. Бу юкни олиб юриш осон кечмайди. Бунинг учун жанговарликни йўқотмаслигингиз лозим. Молияда ҳам яқин ўтмишдан қолган муаммолар безовта қилиши кутилади. Лекин уларни ижобий ҳал этишга бир кун камлик қилади. Бошқа кунларга умид боғланг. Агар ишхонангиздаги раҳбарлар хизмат сафарига жўнатса, албатта рози бўлинг.

 

ПАРИЗОД (24. 08 — 23. 09)

 

Фаолликдан чарчагансиз. Демак, бугун унинг ўрнини хотиржамлик, сукунат эгаллаши керак. Ижодкорларнинг куни туғади. Яратган асарингиз мухлисларнинг олқишларига сазовор бўлади. Ҳаммомга тушиш, сузиш машқлари, танани чиниқтиришга қаратилган муолажалар хайрли ўтади. Бугун бировга пул қарз беришингиз тавсия этилмайди. Ирими шунақа. Сурункали хасталикка йўлиққанлар ўзларини жуда эҳтиёт қилсинлар. Соғлиғингиз ўзингизга азиз, унинг қадрига етинг. Кечқурун кимдир пластик карточкангизга пул ташлаб бериши мумкин. Демак, азизим, оч қолиб кетиш йўқ. Мошоллоҳ!

 

ТАРОЗИ (24. 09 — 23. 10)

 

21 сентябрда куч ва имкониятларни тўғри сарфлашингиз керак бўлади. Энг муҳим ишларгагина эътиборингизни қаратинг. Аёллар зудлик билан гўзаллик салонига боришлари ва ташқи кўринишига ижобий ўзгартиш киритишлари лозим. Пулингиз бор, демак, кийимлар харид қилиб қўйсангиз ҳам зиён қилмайди. Кечқурун овқатланишда меъёрни бузманг. Ўзингизга яхши бўлади.

 

ЧАЁН (24. 10 — 22. 11)

 

Кунни дам олишдан бошлашингизга тўғри келади. Анчадан бери дам олмагандингиз. Бугун қулай шароит бор, фойдаланиб қолинг. Шахсий ҳаётингизда ижобий ўзгаришлар кўзга ташлана бошлайди. Оиласиз бўлсангиз, бугун кечки пайт орзуингиздаги инсонни учратасиз. Демак, кечқурун романтика меҳмонингиз бўларкан. Куннинг иккинчи ярмида баъзилар олис сафарга отланишлари кутилади. Сафар сизга фақат яхшилик ҳадя этади, ишонинг. Кечқурун бировларнинг кўнглини оғрита кўрманг, гуноҳга ботасиз.

 

ЎҚОТАР (23. 11 — 21. 12)

 

21 сентябр куни турли ролларни ижро этишингизга тўғри келади. Аммо кечқурунгача ўзлигингизга қайтмасангиз бўлмайди. Айниқса, ёлғизлар муҳаббатда ўз қиёфасида қолмаса, муваффақиятсизликдан бошқасига эга чиқа олмайди. Тадбиркорларнинг ишлари бугун унумли кечади. Шу кунга қадар қилган меҳнатингизнинг мевасини бугун кечқурун оласиз. Фақат янги лойиҳаларга пул тикмай туришингиз тавсия этилади. Ухлашга ётишдан олдин сут ичсангиз, тушингиз тотли кечади.

 

ТОҒ ЭЧКИСИ (22. 12 — 19. 01)

 

Билинг, бугун лоқайдлик, дангасалик, телефон орқали кимлар биландир лақиллашиш ўтмайди. Севимли ишингиздан айрилиб қолишингиз мумкин. Кечқурун вақтингизни яқинларингиз ва севган инсонингиз учун ажратинг. Улар билан бўлиб ўтадиган суҳбатлар қалбингизга гармония олиб киради. Кайфиятингиз кўтарилади. Ухлашга ётишдан олдин китоб мутолааси тинч ухлашингизда катта ёрдам беради. Саломатликни кўз қорачиғингиздек асранг.

 

ҚОВҒА (21. 01 — 19. 02)

 

21 сентябр сиз учун кучли босимларга бой бўлиши кутилмоқда. Аммо сизда куч етарли. Бошлаган ишларни албатта якунига етказасиз. Муҳаббатда ҳам муаммоларингиз сизнинг фойдангизга ижобий ҳал бўлади. Жуфтингиз ёки бўлғуси жуфтингиз сизга ўзингиз кутаётган романтика ва гармонияни бажонидил тортиқ этишга тайёр. Кечқурун хасталанган ҳамда кекса қондошлар ҳолидан хабар олинг. Савоби албатта тегади.

 

БАЛИҚ (20. 02 — 20. 03)

 

Кунни ақлни ишлатган ҳолда тақсимласангиз, муаммоларга дуч келмайсиз. Бироқ бу осон иш эмас. Сизни ҳадеганда чалғитишади, қўнғироқ қилишади, қаерларгадир чақириб қолишади. Оилалилар бугун уй таъмири, хўжалик ишларини бажариш билан банд бўлишади. Бош оғриқлари, варикоздан безовталаниш кабилар бугун сизни четлаб ўтиши кутилмоқда.

Хушвақт бўлинг! Ҳаммавақт бўлинг!

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади

loading...