Ўзбек олимлари қимматбаҳо металлар яширин конларини топишнинг ноёб усулини яратди

0

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази илмий ходимлари Шотландиянинг Глазго шаҳридаги Минерал конлар амалий геология жамияти конференциясида иштирок этдилар. Минерал конлар амалий геологияси жамияти (SGA) – фойдали қазилма конларининг геология фанини тарғиб қилувчи халқаро илмий жамиятдир. SGA 1965 йили ташкил этилган бўлиб, жаҳоннинг 1300 нафардан ортиқ илм-фан вакиллари ва тоғ-кон саноати вакиллари унинг аъзоларидир. Жамият матбаа (тоғ-кон ва иқтисодий геология бўйича дунёдаги энг етакчи нашрлардан бўлмиш “Mineralium Deposita” журналини чоп этади) ва таълим фаолияти билан ҳам шуғулланади, шунингдек, икки йилда бир халқаро конференция ўтказади.

2019 йилги SGAнинг 15-конференциясида 75 давлат вакиллари иштирок этдилар. Мазкур нуфузли конференцияда Илғор технологиялар маркази директор ўринбосари, геология-минералогия фанлари номзоди Рустам Холматов биринчи марта Ўзбекистон номидан маъруза қилишга муяссар бўлди. Унинг нутқи хорижий ҳамкасблар орасида қизиқиш уйғотди.

Р. Холматов анжуман иштирокчиларига Илғор технологиялар маркази олимлари томонидан ишлаб чиқилган қимматбаҳо металлар яширин конларини қидириш, типлаштириш ва баҳолашнинг минерал-геокимёвий нанотехнология усули ҳақида сўзлади. Мазкур усул қимматбаҳо металларнинг янги конларини топиш имконини беради. Гап шундаки,бугунги кунда сиртки қатламдаги барча конлар аллақачон топилган бўлиб, эндиги мақсад – қимматбаҳо металларнинг яширин конларини топишдир, деб таъкидлади Рустам Холматов.

Конференцияда, шунингдек, Илғор технологиялар марказининг Геофизика ва наноминерология лабораторияси етакчи илмий ходими, профессор Рустам Конеев постер маърузаси билан иштирок этди.

Учрашув якунларига кўра олимларимиз хорижий ҳамкасблар билан янги алоқаларни ўрнатиб келишди. Чехия Геология хизмати билан қўшма тадқиқотлар бўйича музокаралар олиб борилди.

ЎзА