ФЕРУЗА…

0

 

***

 

Қисматнинг қаттиқ тоши қароғимда қотганди,

Ожиз қолган онимда онлар мени ютганди,

Ўзим каби нотавон бахтим кулай деганда,

Ҳижрон тиғи бағримни тилиб-тилиб ўтганди,

Феруза деган қизда қалбим қолиб кетганди.

 

***

 

Мен, ахир, ҳеч ундайин ой қизни кўрмаганман,

Унинг каби санамга кўнглимни бермаганман,

Кўйида телба каби оҳлар ҳам урмаганман,

Ўзга қизлар ҳолимга кулиб-кулиб ўтганди,

Феруза деган қизда қалбим қолиб кетганди.

 

***

 

Қисматимга ёлвордим, мана, ҳолим кўр, дедим,

Севгимга гард юқтирма, урсанг, мени ур, дедим,

Ўшанда ҳам эзгин-у, бир манглайи шўр эдим,

Дард ямлаган дол қаддим толиб-толиб кетганди,

Феруза деган қизда қалбим қолиб кетганди.

 

***

 

Не қилайки, ишқимни талаб-талаб кетишди,

Хаста кўнглимни кулга белаб-белаб кетишди,

Рақиблар менга ёмон қараб-қараб кетишди,

Кимдир севиб қолма деб билиб-билиб айтганди,

Феруза деган қизда қалбим қолиб кетганди.

Олимжон ҲАЙИТ