«Яллама» постидаги жиноий гуруҳ фаолияти фош қилинди!

0

«Яллама» постидаги жиноий гуруҳ фаолиятидан жабр кўрган фуқароларнинг алоқага чиқиши сўралди.

Тошкент вилояти божхона бошқармасига қарашли «Яллама» чегара-божхона постига туташ ҳудудда 5 август куни ДХХ ва Давлат божхона қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида жисмоний шахслар ва божхона ходимларидан иборат жиноий гуруҳ фаолияти фош этилган эди.

Ушбу жиноий гуруҳ аъзолари Ўзбекистон-Қозоғистон давлат чегарасида жойлашган «Яллама» чегара-божхона постидан юк автотранспорт воситаларини навбатсиз ва тезлаштирган ҳолда ўтказишни ваъда қилиб, автотранспорт воситалари ҳайдовчиларидан ҳамда тадбиркорлардан таъмагирлик йўли билан мунтазам равишда пул олиб келишган.

Хабар беришларича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Айни вақтда тергов органлари ушбу жиноий гуруҳ аъзоларидан жабр кўрган фуқароларнинг алоқага чиқишини сўрамоқда.

«Ҳурматли фуқаролар! Агарда Сиз ушбу жиноий гуруҳ аъзоларидан жабр кўрган бўлсангиз, (+99871) 259-35-40, (+99890) 950-04-40, (+99897) 443-00-22 телефон рақамларига мурожаат қилишингизни сўраймиз», — дейилади мурожаатда.

loading...