АЛАМЗАДА… (23 қисм. Иккинчи фасл)

0

 

 

* * *

 

Камерада калта юбка кийган, сочлари эркакча калталанган, юз-кўзлари, лабларига қадар қалин бўёқ сурилган ўттиз ёшлар атрофидаги аёл ўтирар, оёқларини керганча гўё ўзини ташқаридаги қўриқчиларга кўз-кўз қиларди.

Бўлари бўлаёзган Севинч уни кўрди дегунча баттар ваҳимага тушди. Умрида бундай беҳаё аёллар билан ёлғиз қолиб кўрмагани учунми, ижирғанди. Айниқса, унинг оёқ кериб ўтириши ғашини келтирди.

Бироқ шу тобда нафратнинг мавриди эмасди. Қалби безовталанар, тақдири нима билан тугашини тасаввур этгани сайин дунё кўзларига сувоқлари кўчиб тушган, ичини зах ҳиди қоплаган камерадан-да торроқ кўрина бошларди.

— Ҳа, қақажон, сени нимага қамашди? — Севинчнинг хаёлини бўлиб сўради аёл даст ўрнидан туриб. — Ўғирлик қилдингми, ё мелисаларнинг гапига кирмадингми? Бекор қипсан. Қара, чиройликкина, ойдеккина, ёшгина экансан. Камайиб қолармидинг? Ярим соат кўнглини олсанг, қўйиб юборишарди.

Аёлнинг бу гаплари Севинчга жуда оғир ботди. Шундоқ ҳам аламдан дод солай деб турган қиз кутилмаганда аёлга ёпишди.

— Мени ким деб ўйладинг, қанжиқ? — унинг томоғини сиқимлади Севинч. — Ўзингга ўхшатмагин, тузукми!?. Сенга ўхшаган бузуқимасма-ан!..

— Вой-дод, ёрдам беринглар! Ўлдириб қўяди-и!..

Аёлнинг хириллаб қичқириши бир зумда қўриқчилар қулоғига етди. Дарҳол камера эшиги очилди ва икки қўриқчи кира солиб Севинчга ёпишди.

— Ўзингни босвол! Қўйвор уни! Ўтир дедим!..

Нима қилсин? Севинч юм-юм йиғлаган кўйи бошини чангаллаганча бетон супача устига ўтириб қолди. Аёлни эса бошқа камерага кўчиришди…

Шу тахлит бир соатча ўтирибди. Жазава зўр келиб, ўзи билмаган ҳолда унсиз йиғлайверибди, қарғанибди, юпанибди, яна йиғлабди, худога нола қилибди, отасини кўмакка чорлабди. Аммо буларнинг барчаси бўғзидан нарига ўтмабди.

Севинч камера эшигининг шарақлаб очилишидан сесканиб бошини кўтарди.

Ичкарига тағин кўчада учраган, уни милиция қўлига топширган эркак кирди.

Бу гал эркак қандайдир жилдни қўлтиқлаб олганди.

Кирди-ю, эринмай камерани кўздан кечирди. Қайта-қайта норози бош чайқади. Шу аснода Севинчга билинар-билинмас назар ташлашга улгурди.

— Хўш, синглим, яхшимикан қамоқ? — сўради эркак беўхшов тиржайиб. — Тек ўтиришингга қараганда, ёқиб қолдими дейман камера-а?

Севинч илкис бош кўтарди-да, эркакка совуқ тикилди. Афтидан қарғашга, уришиб ташлашга чоғланди. Бироқ нимадир халал берди. Бир қадам ортга тисланиш билан кифояланди.

— Ҳали бу ўтиришинг ҳолва, — давом этди эркак. — Агар таклифимни қабул қилмасанг, эртага бунданам баттар кунлар бошингга тушади. Сени энг мараз каллакесарлар ўтирган камерага ўтказиб қўйишларини сўрайман. У ерда додингни ҳеч кимга айта олмайсан. Ўйлаб кўр, ҳозирча ёнингда турибман.

— Энди менга барибир, — аламли шивирлади Севинч. — Қандай ўлишнинг қизиғи қолмаган. Дадажонимнинг ёнига тезроқ борсам бас.

— Э йў-ўқ, — деди эркак жиддий тортиб. — Сени ўлдиришмайди. Чунки бизга керакли қизсан. Номусингга тегишларига эса минг фоиз кафолот бераман. Жонинг қийналади, белчаларинг қайишиб-қайишиб оғрийди. Шу керакми сенга?

— Ифлос, — дея эркакка нафратли нигоҳ ташлади Севинч. — Қани, шундай қилиб кўрларинг-чи, кейин биласанлар!..

— Майли, яхшиликчасига кўнмасанг! Яна бир соат вақтинг бор ўйлаб кўришга. Умид қиламанки, бир соат ўтиб қайтганимда, фикринг ўзгаради. Акс ҳолда… Ўзингдан кўр!..

Эркак жилдини бошқа қўлтиғига қистирди-да, эҳтиёт шарт бир неча дақиқа Севинчга термилганча туриб қолди. Садо бўлавермагач, қўл силтай-силтай чиқиб кетди.

 

* * *

 

Эркакнинг сўнгги таҳдидлари Севинчни боши берк кўчага олиб кириб қўйгандек эди. Нима қилишни билмасди. Наздида у ҳам Толибнинг биридек, бир кунмас бир кун расво қилиб қўядигандек туюларди.

Шуларни ўйлаб ётиб, чарчоқ енгдими, кўзи илинибди-ю, тушига Мелибой мироб кирибди. У негадир арвачасидамас, тик оёқда кириб келганмиш. Камерага кирибоқ Севинчга дўқ ура кетибди.

«Нималар қилиб қўйдинг, аҳмоқ? — дермиш мироб қовоқ уйиб. — Бу зиндонда нима қилиб ўтирибсан? Қанд еяпсанми?»

«Мени мажбурлаб олиб келишди.» — жавоб қилибди Севинч қўрқа-писа ва шу баҳонада отаси билан кўришмоққа чоғланибди. Аммо мироб уни дарҳол итариб юборибди.

«Яқинлашма менга, шарманда! — уришиб ташлабди уни мироб. — Шу одамнинг гапига кўнишинг лозим эди. Менинг қийналганим етмасмиди сенга? Ҳозир ҳам кечмас, рози бўл! Ёлғон муҳаббатнинг саробларига асир бўлма! Толиб сенинг тенгингмас!..»

Шундай дебди-ю, кўздан ғойиб бўлибди. Севинч атиги ўн-ўн беш дақиқа ухлаган бўлса-да, туши тасирида қора терга ботиб уйғонди. Кўзларини очибоқ жонҳолатда ўрнидан қўзғалди. Камерада ҳануз сукунат ҳукм сурарди. У ваҳм аралаш атрофни кузатди. Бурчак-бурчакда катта-катта сувараклар мўйловларини силкитганча изғирди.

— Мен розима-ан! — қичқирди Севинч титраб. — Очинглар эшикни, розиман! Нега индамайсизлар?

Орадан бир неча ўн сония ўтиб камера эшиги очилди ва қўриқчи пайдо бўлди.

— Нега бақиряпсан? — дўқ аралаш сўради қўриқчи. — Катта холангнинг уйими бу ер?

— Бояги одамни чақиринг тез! — деди Севинч. — Унга айтадиган гапларим бор.

— Шундай демайсанми? Ҳозир, унингни ўчириб тур, чақираман!..

Қўриқчи чиқиб кетгач, Севинч яна ўйга толди. Миясига ўрлаган хаёлларни бир-бир тарозига солди. Ҳар жиҳатини чамалаб кўрди. Гарчи эркакнинг асл мақсадини билмаса-да, Толибнинг кетидан тушганига ишона бошлагандек бўлди.

«Мен таваккал қиламан, — ўйлади у муштларини тугиб. — Манавинақанги қамоқларда ўтириб хор бўлгандан кўра, ўша нусха айтган ишни бажарганим яхши шекилли. Ёрдам берсам, чиқариб юборишга сўз берди-ку! Алдамагандир кап-катта одам! Алдасин-чи, худога соламан-қўяман. Яратганнинг ўзи жазосини беради…»

Ҳеч қанча ўтмай, камера эшиги қайтадан очилди. Бу гал кутилганидек махсус хизмат вакили кириб келди. Унинг чеҳраси очиқ, кўзлари чақнарди.

— Она қиз, бўларкан-ку, — деди қувончини яшира олмай. — Ҳозир мелисалардан бир қарорга келганингни эшитиб, учиб келдим олдингга. Шу гапинг ростми?

— Ҳа, — деди Севинч эркакнинг кўзларига тик боқиб. — Шартингизни айтаверинг! Мен тайёрман!

— Жуда соз! Мана бу зўр гап бўлди. Тўғри-да, сенга керакми манавиндай сассиқ камераларда қийналиб? Бизга ёрдам қилворсанг, яхшилигинг унутилмайди.

— Нима қилишим керак? Гапни қисқароқ қилайлик!

— Олдин танишиб олайлик! Менинг исмим Жийронбек! Ўзинг билганингдек, махсус хизмат ташкилотида ишлайман. Толибдек зўравон, ашаддий жиноятчининг изидан тушиб, кирдикорларини фош қилиш, жиноятини бўйнига қўйиб ишини судга топшириш менинг зиммамга юкланган. Бунинг учун айнан сенинг ёрдамингга муҳтожман.

— Нима қилишим лозим? Аниқроқ айтсангиз-чи!

— Сени бугуноқ Толибнинг уйига олиб бориб ташлашади. Биламан, сен уникидан қочгансан. Эътиборинг учун бировнинг қизини куч билан уй қамоғида ушлаб туриш ҳам жиноят ҳисобланади. Суд албатта буни ҳисобга олади. Аммо сен шунисигаям рози бўласан. Толибнинг кўнглига йўл топиб, қанча, қачон, қаерда қотилликларга қўл ургани, қайси манзилда қанча гиёҳванд моддалар билан олди-берди қилувчи мижозлари борлиги, умуман, нима иш қилмасин, барчаси ҳақидаги фактларни шахсан менга етказиб турасан. Сенга телефон рақамимни айтаман. Фақат эслаб қол. Унутишга ҳақинг йўқ. Ўша рақам орқали маълумот етказишингга тўғри келади. Тушундингми?

— Кейин-чи? Кейин нима бўлади?

— Жиноятчи тутилади, олий жазога тортилади.

— Мен-чи? Ахир…

— Сен хавотирга тушма. Давлат сендай мард қизни кўчада дар қолдирмайди. Хизматингга яраша мукофотини оласан.

Севинч ўйга толди. Интиқом онлари яқинлашаётганини қалбан ҳис этди. Юраги энтикди. Кўз олдида отаси, онасининг ёрқин сиймоси намоён бўлди. Улар ҳам Севинчни ўч сари ундаётгандек туюлди. Вужудида битмас-туганмас куч, ирода туйган каби илкис бош кўтарди-да, Жийронбекка юзланди.

— Кетдик!

 

* * *

 

Севинчни машинага олиб чиқишганда, шаҳар аллақачон тун қўйнида эди. У орқа ўриндиқда қисинибгина ўтирарди-ю, қур-қур ўқчиб қўяр, нега кўнгли безовта бўлаётганига ҳайрон эди. Барчасини тузук-қуруқ овқатланмагани, сиқилганига йўярди. Шу орада Толибнинг уйига нима деб кириб бориш ҳақида бош қотирарди. Қандай баҳона топса, уни кечиришларини била олмай хуноб эди.

Жийронбек уқтирди. Ишни қандай ва нимадан бошлаш лозимлигини ипидан игнасигача айтиб берди. Аммо барибир бу хонадонга кириб олиш, қочиб кетганини Толибга тушунтириш, ёлғондан баҳоналар тўқиш мушкулдек туюларди.

Ярим соат деганда машина уни кўча бошига ташлади-ю, жўнаб кетди. Жийронбек эртагаёқ маълумот етказишга тушишини қаттиқ тайинлади.

«О қалбим, — хаёлан оҳ урганча кўча четида туриб қолди Севинч. — Бунчалар безовталикни ўзингга машғулот қилиб олмасанг? Мундоқ тинчлансанг-чи! Мен интиқом ўтида ёняпман-у, сен бўлсанг, Толибнинг қайноқ муҳаббатидан сўзлайсан, вужудимни титрашга мажбур қилаверасан! Қачон менга ростакам дўстлик қиласан ўзи? Ундан кўра, маслаҳат берсанг-чи! Менга йўл кўрсатсанг-чи, азизим! Боши берк кўчада қолиб сарсон бўлдим-ку! Кириб борсам, Толиб осонликча кечирмаслигини ҳис этиб турибман. Олдингисидан-да баттарроқ савдоларни бошимга солиши тайинлигини биляпман, сезяпман, амин бўляпман. Нима қилай? Ичкарига кирсам, Толибнинг, кирмай, номаълум тарафга қочсам, Жийронбекнинг ғазабига учрайман. Нимага? Қайси гуноҳларим учун? Наҳотки, худо биргина хатойим, Толибга ихтиёримни берганим, уни телбаларча севганим учун бошимга шу жазоларни ёғдираётган бўлса? Отамни, онамни топширдим. Ёлғиз қолиб ғамлар чекмоқдаман. Ҳеч кимга кераксиз хас каби ҳаёт кечирмоқдаман. Шулар гуноҳларим бадалини тўлашим учун етарли эмасми? Айт, йўл кўрсат, қалбим! Фақат тўғри маслаҳат бер! Телбалик гирдобига ташлаб қўйма мени!..»

«Сен қоч! — деди номаълум сас. — Асло Толибнинг хонадонига кира кўрма! Икки йўл орасида турибсан. Жонингга жабр қилма!..»

«Бу нима деганинг? — хаёлан ҳайқирди Севинч. — Икки йўл деганинг нима?»

«Вақти етганда билиб оласан. Ҳозир фурсатни қўлдан берма! Дуч келган томонга, кенг далалар қўйнига ўзингни ур! Ором, осойиш топасан. Шу ҳолингда Толибдек зўравонга бас кела олмайсан. Бу дунё шунақа. Жийронбек ҳам бало исканжасида қолсанг, қутқариб олмайди. Терс бурилиб кетаверади. Ўз манфаатини дейди. Ундайлар учун сенинг тинчлигинг, келажагинг, орзу-армонларинг бир пул. Қайсарлик қилма!..»

Бу сас шайтон ҳайқириғими, қалб садосими, ё отанинг ғойибона чорловими, била олмади. Шунга қарамай, бир кўнгли қоч деди, бир кўнгли Толибга бош эгишини талаб қилди. Қочмай деса, Жийронбекнинг таҳдидлари, камера азоблари вужудида қайта уйғониб, олдинга етаклайверди. Барчасига кўз юмиб дуч келган тарафга йўл солишни ихтиёр қилганда, қалби қайсарлик қилаверди. Ўтли муҳаббатнинг лаззатли онлари жисмини чумолидек қитиқлайверди. Севинч шу кўйи нима қилишни билмай анча вақт гарангсиган кўйи туриб қолди. Ўйлашни, чуқур мулоҳаза қилишни хоҳлади. Тафаккур ўтмаслашган тиғ каби наф бера қолмади.

«Нима бўлса бўлар, — ниҳоят бош кўтариб зулмат қаърига тик боқди у. — Қочаман. Пешонамда бўлса, унисигаям, бунисигаям чап берарман, бир йўлимни топиб яшарман. Уйларига ўт тушсин ҳаммасининг! Ёш жонимга жабр қилиб зарилми менга? Менинг сўроқлайдиганим, куядиганим бўлмаса. Ёруғ дунёнинг ёлғонларига ишониб ота-онамни йўқотдим. Отажоним билан видолашишниям худо менга раво кўрмади. Нимамга чиранаман? Кимман ўзим? Менга ким қўйибди қаёқдаги ёмон одамлар билан беллашишни? Бир туртса йиқилгулик ҳолим бор-ку!..»

Севинч таваккал йўлнинг тескари томонига юрди. Ҳозир қаерга боришни, қай манзилда тунашни, кейинги тақдири қандай кечишини билмасди. Барибир қадамини тезлатаверди, зулматга тик боққанча кетаверди.

Аксига олгандек, ярим чақирим йўл юрмай, кўнгли яна беҳузур бўлди. Бу галги ўқчиш кучлироқ чиқди. Ҳар ўқчиганда, ичи узилай деди. У ортиқ юра олмаслигига фаҳми етиб йўл четига ўтириб қолди.

Ҳали маҳалладан узоқлашиб улгурмаган экан. Толибдан чамаси беш-олтита уй нарида яшайдиган Орзиниса кампир кимникидандир чиқиб, уйига келаётганди. Йўл четида кимдир бежо ўтирганини кўриб, тўхтади.

— Ҳай, кимсан? Нега бу ерда ўтирибсан? — кафтини пешонасига тираганча Севинчга яқинлашиб саволга тутди кампир. — Ие, айтгандай… Севинчмисан?

Қиз базўр бошини кўтарди-ю, тепасида Орзиниса кампирни кўрди. Танирди. Орзиниса кампир Толибникига кўп кирган. Охирги марта қарз сўраб борганди. Толиб мақтангиси келганми, пулга қўшиб бир қоп гуруч, ун, уч-тўрт кило гўштни ҳам ҳадя қилиб юборган. Орзиниса кампир бетон зинага ўтириб олиб Толибни узоқ дуо қилган…

— Нега индамайсан? — Севинчдан садо бўлавермагач, чўк тушиб, икки елкасидан тутди кампир. — Мазанг йўқми? Вой, титраб кетяпсан-ку! Қани, тур-чи, ой қизим, тур! Меникига кирайлик-чи, ўзим дўхтир чақиртираман!

— Керакмас дўхтир, — қайсарланиб ўзини нари олишга уринди Севинч. — Мен…

— Бўлди, аҳволингни қара, қизим, зўрға оёқда турибсан. Кўнглингам айнияптийкан негадир. Дўхтир кўрса, аниқлайди, дори ёзиб беради-да! Қани, юрақол!

Жони оғриб турса, одамнинг кўзига ҳеч нарса кўринмаскан. Севинч кампирнинг таклифини рад эта олмади. Рад этадиган аҳволда ҳам эмасди. Итоаткорона кампирнинг қўлтиғига кирган ҳолда таниш ҳовли томон юрди.

Орадан ярим соат ўтар-ўтмас, «Тез ёрдам»чилар кириб келишди. Севинчни врач текшириб кўрди. Қоғозга нималарнидир ёзиб кампирга тутқазди. Қулоғига сирли шивирлади-да, чиқиб кетди.

— Сен, қизим, ҳомиладор экансан-ку, — деди врач чиқиб кетгач, Орзиниса кампир. — Бу аҳволда кўча кезишинг нимаси? Ё Толиббой хафа қилдими?

— Нима? — бу гапни эшитиб, Севинчнинг ранги ўзгарди. — К-ким ҳомиладор, эна?

— Ким бўларди? Сен-да! Менга қара, боланинг отаси ким? Нима, сен турмушга чиққанмисан?

Севинч каловланди. Билади, кексалар бу номақбул ишидан хабар топсалар, сира кечира олишмайди. Унга худди жирканч маҳлуққа қарагандек қарай бошлашади. Бундай оғир гуноҳни елкасига илгани учун қарғашдан ҳам тойишмайди. Хўш, нима десин? Кампир шу кунга қадар Севинчни Толибнинг яқин қариндошига йўйиб юрган бўлса, айбдор эмас-ку! Қандай гап бошласин? Қай йўл билан ўзини оқласин? Ўзини кампирга гуноҳсиз кўрсатиш, нафратига учрамаслик учун не баҳона топсин?..

— Ҳ-ҳа, — деди Севинч юзини терс буриб. — Турмушга чиққандим…

— Чиққандим деганинг нимаси? — ижикилади кампир. — Ажрашганмисан?

— Шунақа десаям бўлади, — ёлғондан лаб бурди Севинч. — У киши қишлоқда бошқасини топиб олган. Шунга…

— Эркакларнинг уйи куйсин, илойим! — қарғаниб ўрнидан турди Орзиниса кампир. — Ҳаммаси бир гўр булар. Яхшиям бахтингга Толиббой боракан. Жонингга оро кирди уйинг донга тўлгур! Жа қўли очиқ йигит-да Толиббой!

— Тўғри айтасиз, — кампирга маъюс термилди Севинч. — Толиб ака жуда меҳрибон. Қишлоқда эзилиб юрганимни кўриб…

— Ие, шундай экан, нима қилиб қоронғида тентираб юргандинг? Тағин ҳомиладор бўла туриб-а? Худо кўрсатмасин, болага бир нарса бўлиб қолса нима қилардинг, болам?

— Тушга яқин… Шаҳар айланишга чиқувдим, — ёлғонлар тўқишда давом этди Севинч. — Адашиб қолдим. Шу ерга етганда, мазам бўлмай ўтириб олгандим-да, эна!..

— Шўрим қурси-ин, — ичига туфлаб қўйди Орзиниса кампир. — Ёмон одамларнинг қўлига тушиб қолсанг нима бўларди? Толиббой хавотир олаётгандир ҳойнаҳой-а? Ҳай, сал яхши бўлдингми? Юра оласанми?

— Яхшиман, — деди Севинч кулимсираб. — Хавотирга тушманг, эна, яхши бўлдим!

— Унда турақол, сени Толиббойникига обориб қўяй! Биласан-ку, жуда тезоб йигит! Юр, қизим!

Бу таклифни эшитиб, Севинч ичидан зил кетди. Ягона нияти сира амалга оша қолмаганидан куйди. Аммо кампир орқали эшитган врачнинг хушхабари ёдига тушди дегунча кўнгли ёришиб кетди. Она бўлиш истаги зўр келиб, қалбида турли янги орзулар юз очди. Кўксида муҳаббати мевасининг қайноқ тафтини туйди. Ўша тафт Севинчга янги куч, шашт ато этгандек дадиллашди.

— Ҳа, майли, — деди Орзиниса кампирга жилмайиб. — Бора қолайлик, тағин Толиб акам уришиб юрмасин!

— Уришиш ҳам гап эканми? — деди кампир қўл силтаб. — Ҳаммаёқнинг тўс- тўполонини чиқарар! Юр, кечикмайлик! Шундоғам алламаҳал бўлиб кетди!

Севинч кампир билан ёнма-ён юриб борарди-ю, қувончдан ёрилай дерди. У кундузги иши учун Толиб кечиришига, янгиликни эшитгач, севинишига қаттиқ ишонарди. Шундай ширин хаёл, турли орзулар оғушида Толибнинг ҳовлисига кириб борди.

Ҳовли жимжит эди. Толибга теггишли хона чироғи ёқиб қўйилибди. Демак, у уйда. Ҳозир тўғри ўша хонага кириб боришса бўлади.

Кутганидек, Орзиниса кампир Севинчга сирли қараб қўйди-да, ҳовли айланиб юрган хизматчилар билан бош ирғаш орқали саломлашиб, Толибнинг хонаси томон юрди. Бироқ уёқдан буёққа безовта бориб келаётган паст бўйли шотир йўл тўсди.

— Хўжайин йўқ, — деди у дағал оҳангда Севинчга совуқ назар ташлаб. — Овора бўлиб кириб юрманглар уёққа!

— Вой, ҳали келмадими Толиббой? — сўради кампир шотирга жавдираб. — Қачон келаркин? Билмайсизми, болам?

— Очиғини айтайми? — уларга яқинроқ келди шотир. — Хўжайин Севинчни қидириб юрибди. Лекин аниқ қаердалигини билмаймиз. Бизга ҳисоб бермайди у киши. Билганим, кун бўйи ҳаммани оёққа турғазди. Сарвар иккаласи чиқиб кетди-ю, ҳалиям қайтишмади. Синглим, бекор шундай қилибсиз-да! Роса жаҳли чиқди хўжайиннинг.

— Қизим ёшлик қип қўйибди-да, болам, — Севинчни оқлай кетди кампир. — Шаҳар айланаман дебди. Кейин адашиб қопти.

— Мен билмадим, — деди шотир елка қисиб. — Хоҳласангиз, кутиб ўтиринглар ичкарида. Келиб қолсалар керак ҳадемай.

— Ҳа, худди шундай қиламиз, — Севинчни туртди Орзиниса кампир. — Мен қизимни Толиббойнинг қўлига топширмагунча кетмайман. Қани, қайси хонага кирайлик?

— Сингил билади ўзининг хонасини. Ўша ёққа кирасизлар-да!

Улар олдинма-кетин Севинч учун ажратилган хонага киришди. Орзиниса кампир чарчаган эканми, кира солиб диванга ўтириб олди-да, астойдил ичкарини кўздан кечира бошлади.

— Жа дидли йигит-да Толиббой, — кўз қисиб деворга чизилган суратларни кўрсатди у. — Қара, қизим, мана шу суратларни атайин Бухоройи шарифдан усталар чақиртириб чиздирганмиш. Кўргин, бирам чиройли!..

Шу тобда Севинчнинг қулоғига гап кирмасди. Ўйга тушиб қолганди. Толиб билан рўбарў бўлиш ҳақида бош қотиргани сайин тўкилиб борарди. Келгуси ҳаёти, Толибнинг ҳомиладорлигини қандай қабул қилиши-ю, бу давр қандай кечиши хусусидаги чалкаш хаёллар бағрини эзарди. Иккинчи тарафдан Жийронбек кўз олдига келганда, кимсасиз саҳрода ёлғиз қолиб кетган одам каби хаёлан алангларди. Фарзандининг отасини ҳукуматдагилар қўлига топшириши, кирдикорларини фош этишини ўйласа дунё кўзларига тор кўрина борарди.

«Ахир, болам етим қолади-ку, — ўйларди у. — Толибни қамаб ташлашади. Айби қалтис бўлса, олий жазога тортишади. Кейин болам иккимиз нима қиламиз? Қай кўчага кирамиз? Кимлардан нажот, шафқат сўраймиз? Қишлоғимга юрак ютиб бора олмасам, шаҳарда ҳеч кимни танимасам, қўлимда ҳунарим бўлмаса. Қандай тирикчилик қиламиз? Дилбандим эсини танигач, отасини сўроқласа-чи? Унга нима дейман?.. Нималар деб валдираяпман? Қанақа бахтни орзулаяпман ўзи? Отамнинг бошига етган каллакесарними? Нега уни аяб қолдим? Эсимни едимми тағин? Қайси аҳмоқ ўзини бахтсиз, ташландиқ бир бандага айлантирган одамни орзулайди? Ким уни еру кўкка ишонмасдан севади? Қанақа севги? Шунчалик иродасизманми ҳали? Саробни деб ўтмишимни унутиб қўядиган даражага етдимми? Қалбсиз, орсиз қизга айланиб бўлдимми? Йўқ, мен ўзимни қўлга олишим керак. Бола менинг кўксимда улғайяпти. Демак, у фақат меники. Менинг болам ташландиқлигимдан, бахтсизлигим, қўли юпқалигимдан орланмайди. Аксинча мени хўрлаганлардан аёвсиз ўч оладиган инсон бўлиб ўсади. Ҳа, у ўғилми, қизми, фарқи йўқ, асосийси, менинг фарзандим. Бир кун келар, албатта ҳақиқатни англаб етади. Менинг дилбандим онасини ҳеч кимга хафа қилдириб, хўрлатиб қўймайди… Энди кўзим очилди…»

Севинч бир қарорга келди. У қандай аҳволда бўлмасин, интиқом йўлидан боради. Ёлғон муҳаббатга бўйсунмайди. Сароб ортидан чопмайди. Шайтон йўриғидан қочади. Нафс жазавасига қарши курашади. Қаттиқ туради. Толибга кўзи тушса ҳам иродасининг етагида бўлади. Майли, Жийронбек ўз мақсади йўлида маълумот талаб қилсин. Беради ўша маълумотни. Балки шу йўл билан аламини олгани маъқулдир Толибдан. Чунки кучи етмаган, зўр бўла олмаганлар айёрлик йўлини танлаши тайин. Айёрлик ҳам душманни енгишнинг бир йўли…

Шу маҳал хона эшиги шарақлаб очилди-да, ичкарига Сарвар кириб келди.

Уни кўриб кампир ўрнидан туриб кетди. Севинч эса тек ўтираверди.

— Ие, она, сизам шу ердамисиз? — сўради Сарвар кампирга сўрашиш учун елка тутаркан. — Тинчликми? Қайси шамоллар учирди, она?

— Толиббой келмадими, болам? — хавотир аралаш сўз қотди Орзиниса кампир. — Негадир кўринмаяпти…

Сарвар жавоб бериш ўрнига Севинч томонга сирли қараш қилди. Шу кўйи беўхшов тиржайишни-да унутмади.

— Хўжайин кечроқ келаркан, — деди Сарвар кампирга тик боқиб. — Зарур ишингиз бўлса, айтаверинг! Ҳал қиламиз.

— Менда иш бўлармиди? — қўл силтади Орзиниса кампир. — Қизимни опкелдим, Толиббойнинг қўлига топшириб, кейин кетай деб ўтирувдим-да!

— Шунақами? — қайта Севинчга нигоҳ ташлади Сарвар. — Жуда яхши қипсиз, она! Унда сиз бораверсангизам бўлади. Севинч ўз уйида, ҳализамон хўжайин келади, ҳаммаси яхши бўлади.

— Уришмасмикан ишқилиб? Шундан хавотирдаман-да!

— Уришса жияни-ку, она, — кулди Сарвар. — Ўзлари келишволишади.

— Бўпти, унда мен кета қолай! Қизим, оғир бўлмай юргин!

Бу гапни эшитган Сарвар бирдан безовталанди-ю, ҳолатини сездириб қўймаслик учун тескари қараб олди.

Севинч кампирни ҳовлигача кузатиб қўйди-да, истар-истамас, ортга қайтди. У Сарвар қандайдир муҳим гап айтишидан умидвор эди. Шу сабабли ичкарига кирибоқ қулоқларини динг қилди.

— Сен бугундан бошлаб Толиб аканинг хонасида яшаркансан, — кирган заҳоти маълум қилди Сарвар ўзи ташқарига чиқишга шайланиб. — Юр, хонани очиб бераман!

— Толиб ака қаерда? — сўрашга жазм этди Севинч юраги номаълум қўрқувдан ҳилвираб кетаётган бўлса-да, ер чизиб. — Қачон келади?

— Кеп қолади акаям, зарур ишлари боракан. Юр тезроқ!..

Севинч шотирнинг ортидан айтилган хонага кирди. Бу айни муддао эди. Агар худога айтгани бўлса мақсадига етар. Толиб келгунча уёқ-буёқни титкиласа, балки бирор қўлга илингулик маълумот топар… Қанийди…

Бироқ Сарвар чиқиб кетишга шошилмади. Кирганданоқ телефонга ёпишди. Афтидан Толибга қўнғироқ қилди.

«Ҳа-а, Толиб биронтасининг уйида шекилли, — кўнглидан кечирди Севинч Сарварнинг ҳаракатларини зимдан кузатаркан. — Йўқса, қандай қилиб Сарвар билан телефон орқали гаплашарди?!.»

— Ака, ўзи кепти, — деди Сарвар совуқ кулимсираб. — Ана, айтганингиздай хонангизга опкириб қўйдим. Энди нима қилай? Нима? Ўткирни дейсизми? Анави шилтами?? Тушундим. Униям… Хўп, ака, ест қиламиз ҳозир. Айтганча, қачон келасиз? Бўпти, тушундим, тушундим, ака! Хайр!

Гаплашиб бўлиб, гўшакни жойига қўйгач, Сарвар оғир хўрсинганча Севинчга юзланди.

— Хуллас, шу хонадан қимирламай ўтираркансан, — уқтирди у ташқарига юриш асносида. — Хўжайин кеп қолади. Қаттиқ тайинлади. Ҳа-а, чироқни ўчириб олармишсан.

— Нега? — ҳайрон бўлиб сўради Севинч. — Тинчликмикан?

— Мен қайдан билай? — деди қўл силтаб Сарвар. — Аканинг гапини етказдим сенга, тамом!

Шундай деди-ю, Сарвар чиқиб кетди. Хонани жимлик қоплади. Севинч ёлғиз қолгандан кейин ҳам бирпас хона ўртасида қаққайиб туриб қолди. Ўзича стол устига қўйилган ноз-неъматлардан татиб кўрмоқчи бўлди. Юрагига сиғмади. Таомларга қараса, кўнгли айниб, ўқчиб юборадигандек бўлаверди. Қўрқиб юзини терс бурган кўйи хона чироғини ўчирди-да, қоронғиликдан пича таскин топган каби оҳиста диванга ёнбошлади. Дивандан таралган таниш ис дарров кўнглини ғаш торттирди. Яқин ўтмишдаги ишқий саргузаштлар, Толибнинг эркалаш оҳангида айтган сўзлари ёдига тушди. Бардоши етмай даст ўрнидан туриб кетди ва ҳеч қурса сув ичиш илинжида кранга яқин борди. Бир маҳал хона эшиги ғийқиллаб очилгандек туюлди. Севинч сесканиб ортга ўгирилди. Остонада бўйдор эркак турганини кўрди. Аввалига уни Толиб деб хаёл қилди. Аммо эркакнинг нафас олиши бежо эди.

— Кимсиз? — титраган товушда сўради Севинч деворга суяниб олиб. — Менда…

Эркак жавоб ўрнига хона эшигини ичкаридан тамбалади ва хона чироғини ёқди.

Не кўз билан кўрсинки, қаршисида боя Сарвар тилган олган Ўткир иршайиб турарди. Севинч уни бор йўғи бир мартагина Толибнинг ҳовлисида кўрганди.

— Сизга ким керак? — сўради Севинч тиззаларига қадар дағ-дағ титраб. — Чиқинг бу ердан!

— Сен кераксан-да, жонидан, — деди Ўткир тобора Севинчга яқинлашиб келаркан. — Қарасам, ёлғиз қолибсан. Кўнглингни олайин дедим, асал! Келақол! Менам Толиб акадан кам эркаламайман! Мана кўрасан! Қани, келақол, жонидан, келақол!..

Кутилмаган таҳдиддан Севинчнинг жони чиқаёзди. Жонҳолатда ортга тисланиб, кимдандир ҳимоя излагандек дераза орқали ташқарига аланглай бошлади. Бу орада Ўткир унга жуда яқин келиб қолганди.

— Йўқол, ифлос, — қичқирди Севинч номуси хавф остида қолганига тўлиқ амин бўлиб. — Яқинлашма менга! Ҳозир Толиб акам келса…

Ўткир жавоб ўрнига уни қучоқлаш ниятида олдинга интилди. Бироқ эпини топа билмади. Севинч эпчиллик билан уч тавақали баланд кўзгу ортига ўтиб олди.

— Нозинг бунчаям чиройли бўлмаса ўзингга ўхшаб? — Ўткир ташқарига ўғринча кўз ташлаб қўйди-да, бир ҳатлаб кўзгу ёнида ҳозир бўлди. — Кел энди, акангни зор қилмагин! Ҳеч ким йўқ-ку барибир!

Шундай деб у Севинчни маҳкам қучоқлаб олди ва юз, томоқлари остини ҳирс билан ўпа бошлади.

Бундай хўрликка дуч келиб ўрганмаган Севинч нима қилишни билмасди. Бор кучини ишга солиб босқинчининг чангалидан халос бўлишга уринар, силтана-силтана, унинг билакларини чимдиларди. Аммо наф йўқ эди.

Нафси қутургандан қутурган Ўткир куч билан уни полга ётқизиб олди ва кийимларига чанг солди.

Шу тобда Севинч Ўткирнинг қўйин чўнтагидан ўткир пичоқ сирғалиб полга тушганини кўриб қолди-ю, сергак тортиб, гўё ихтиёрини буткул топшира бошлагандек қўлларини икки ёнга ташлаб юборди. Аслида ўнг қўли билан бирдирмайгина пичоқни кўтариб олди-да, эҳтиёткорлик билан Ўткирнинг қорнига тиради. Тиғ заҳрини дарҳол ҳис этган шотир пишқирганча Севинчнинг билагига ёпишди. Афсуски, кеч эди. Қиз нима қилаётганини, бу ишнинг оқибати нималарга олиб келишини тасаввур қилмасди. Бу ҳақда ўйламасди ҳам. Фикри-зикри номусини ҳимоя этиш, Ўткирга ўзини топшириб қўймасликда эди. У иккиланиб ўтирмай, тиғни қоринга маҳкамроқ тиради. Пичоқ ярмига қадар Ўткирнинг танасига кириб борди. Сизиб чиққан қон Севинчнинг кийимларини ҳам булғаб юборди.

Ўткир эса аллақачон бўшашиб қолган, иҳлаган кўйи қорнини чангаллаб Севинчнинг ёнига ағдарилиб тушганди.

Қўрқиб кетган Севинч ток ургандек ўрнидан сапчиб турди. Кўрдики, ҳаммаёқ қонга беланган. Ҳатто кўйлаги этагидан қон томчиларди. Ўткир жон аччиғида гавдасини у ёндан бу ёнга ташлаб иҳламоқда.

— Мен… Одам ўлдирдим! — ҳайқирди Севинч қўлидаги қонга ботган пичоққа даҳшат аралаш тикилиб. — Уни ўлдириб қўйдим, ўлдириб!.. Энди нима қиламан? Қаерга қочаман?.. Йўқ, йўқ, у ўлмабди, ўлмабди! Ўлдираман уни, ўлдираман!..

Жазава қулига айланган қиз телба каби типирчилаётган Ўткирнинг тепасига борди-да, қайтадан унинг танасига пичоқ санчди. Аслида нима қилаётганини идрок этмади. Тиғни санчаверди, санчаверди. Чарчаб, қўлларидан мадор кетгачгина, гандираклаб бориб диванга ўтириб қолди.

Кейин эса кийимларини пайпаслаб кўрди. Кафтларига шилимшиқ нарса ёпишди. Қон иси Севинчнинг қалбини забт этган қўрқувни минг чандон кучайтирди ва қўлидаги пичоқни бир четга ирғитиб юборди.

— Вой-до-од, ёрдам беринглар! — беихтиёр бақириб юборди у. — Ким бо-ор? Ёрдам берингла-ар!!!

Хона эшигини кимдир тепа-тепа бузиб кирди. Севинч остонада пайдо бўлган кимсани кўриб турарди. Толиб эканини ҳам биларди. Аммо тирик мурда каби унга ҳиссиз нигоҳларини қадаганча тек қотиб турарди. Бир оғиз сўз демасди. Нимадир дейишга тили айланмасди. Фақат нуқул ўпкаси тўлиб келар, йиғи бўғзидан нарига ўта олмаганидан лаблари пулкилаб қўярди холос.

Ҳаш-паш дегунча Толибнинг ортидан шотирлар ҳам хонага чопиб киришди.

Толиб эса индамади. Гоҳ думалаб ётган Ўткирнинг жасадига, гоҳ Севинчга боқди. Шу орада аста бориб хона бурчагига ирғитилган пичоқни кўтариб олди-да, дераза токчасига қўйди.

— Нима қилиб қўйдинг, аҳмоқ? — ниҳоят Севинчга яқин борди Толиб. — Нима қилиб қўйганингни биласанми? Одам ўлдирдинг, одам! Ҳали сен… Сенинг қўлингдан одам ўлдириш ҳам келармиди-а? Гапир!..

Севинч даъфатан титрашдан тўхтаб, қаҳратон қаҳридан-да баттарроқ музлаб қолган нигоҳларини Толибга тикди.

Сўнгра бурилиб, ўзи бошига етган Ўткирнинг жасадига кўз ташлади-ю, кўнгли озиб бораётганини ҳис этди. Сал ўтиб хона чириллаб айлана бошлади ва Севинч шилқ этиб йиқилди.

Ҳушини йўқота бошлаганда, аллакимларнинг бақир-чақири, бўралаб сўкинишларини эшитди. Кимдир уни даст кўтариб, хона бўйлаб айланганча чопаётгандек туюлди. Ўша кимса шу қадар тез айланиб чопдики, Севинчнинг юраги шувиллаб кетаверди.

Кейин эса ҳаммаси тугади. Хона айланмай қўйди. У чамаси туш кўра бошлади.

Кўз ўнгида ям-яшил водий намоён бўлди. Сал юрганди, кўм-кўк сувли кўлга рўбарў келди.

Севинч ҳайратини жиловлаб улгурмай раҳматли онаси ўша кўл ичидан чиқиб, у томон кела бошлади.

Бу соғинч юрагини ўртаб юборган қиз учун ҳақиқий бахт эди. Ҳаяжонини сир тута олмай баланд овозда қичқирганча онаси томон талпинди.

— Онажо-он! Бормисиз, она-а-а-а!!!

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ