ҚАЛБ ЎҒРИСИ…

0

 

Дунёда ҳиссиётини жиловлай олмайдиганлар ҳам учраб туради. Ана шундайлардан бири ҳис-туйғу бир кун келиб душман бўлиши ҳам мумкинлигини вақтида англаб етмади. Оқибатда эса…

 

* * *

 

Бу қизнинг исми Шарофат эди. Хотинидан яқиндагина ажралиб, кейинги пайтларда ёлғизликнинг аччиқ ошини татиб кўра бошлаган Маъмур ундан бир қарашдаёқ кўз узолмай анграйиб қолди. Қизнинг юпқа лаблари, узун киприклари-ю, майин сочлари йигирма бешни уриб қўйган норғул ва табиатан қайсар йигитнинг тинчини ўғирлади.

— Шу қиз меники бўлиши шарт. — ўзига ўзи сўз берди Маъмур. — Фақат ўзимники бўлади…

Мана шу сўзлар йигитни олдинга етаклади. Қалбини жунбушга келтирди ва янада қайсарлантирди.

Энди ҳар куни шаҳардаги катта бозорга эрта тонгда келиб, «мол»ини ёйиб, икки пештахта нарида туриб атир-упаларини қиз-жувонларга кўз-кўз қилиш билан банд бўлган Шарофатга маҳлиё бўлишни одат қилди. Лекин яқин боришга, гап ташлашга шошилмади. Қулай фурсатни кутди.

Фурсат ҳам узоқ кутдирмади. Кунларнинг бирида ёши Маъмурдан улуғроқ бир йигит Шарофатни чув туширмоқчи бўлди. Атирни сумкасига солди-ю, пулини тўламасдан жуфтакни ростлашга тутинди. Қиз ҳам анойи эмасди. Йигитнинг йўлини тўсиб атирнинг ҳақини талаб қила бошлади.

Ўртада жанжал чиқди. Харидор Шарофатга мушт ўқталишгача етганда, унинг қаршисида Маъмур пайдо бўлди ва ҳе йўқ, бе йўқ харидорнинг юзига мушт туширди. Кетидан бир-икки тепиб ҳам қўйди.

Қисқаси, қизнинг ҳақини ундириб берди-ю, йигит кетгани заҳоти Шарофатга суқ аралаш тикилиб қолди.

Қиз буни сезди. Бироқ сир бой бермаслик ниятида ўзини мағрурроқ тутмоққа шайланди. Яъни, баландпарвозроқ савол ташлади:

— Зўрсиз-ку-а?..

Маъмур ҳам бўш келишни хоҳламади.

— Зўрлигимни ҳали кўрганингиз йўқ. — деди у. — Кўрганингизда бошқачароқ сўзлаган бўлардингиз.

— Осмондан келманг, ака! — дея гапни илиб кетди Шарофат. — Уйдаги акаларим сизданам зўрроқ.

— Шунақами?.. Унда эшитиб олинг! Мен сизни севиб қолдим. Меники бўлишингизни истайман.

— Чучварани хом санабсиз. — деди Шарофат. — Менинг севган йигитим-чи, катта бир фирмада ишлайди. Кунига фалон минг долларлаб пул топади. Бу гапингизни эшитиб қолса…

— Ўша йигитингизга айтиб қўйинг. Мен қайтмас ва қайсар боламан. Мен турганда долларлариям ип эшолмайди.

— Мен хотин қўйганларга тегмайман.

— Кўрамиз.

Шунинг билан суҳбат якун топди.

Йўқ, Маъмур асло афсусланмади. Аксинча, ўзи ёқтириб қолган қизга яқинлашиш имкони пайдо бўлганидан мамнун бўлди.

 

* * *

 

Бозор-ўчарга ўралашган одам хоҳ ёш, хоҳ кекса бўлсин, барибир кўп нарсаларни пул билан ўлчашга одатланади. Бозор муҳити уни шу кўчага киритиб қўяди.

Маъмурга ҳам Шарофатнинг оғзини тўлдириб гапирган гаплари, мақтанишлари эриш туюлмаганди. Бунинг акси ўлароқ фақат Шарофат ҳақида ўйлар, қандайдир йўл билан унинг кўнглига киришни хоҳларди.

Афсуски, бир неча ойлик уринишлар беҳуда кетиб, қиз унга рўйхушлик бера қолмади. Ҳар рўпарасига келиб турли қочирим гапларни айтганда, Маъмурни ё силтаб ташлади, ё терс ўгирилиб, ёнидаги аёллар билан суҳбатлашишга тутинди.

Охир оқибат Маъмур алай-балай гапларни йиғиштириб, Азозил ҳукмига қулоқ тутди. Нима қилиб бўлмасин, Шарофатни қўйнига солиш пайига тушди.

— Сен ҳали кимлигимни билмас экансан, Шарофат! — деди ўзига ўзи. — Сени ёқтирдимми, тамом, бошқа йигитнинг сенга уйланишга ҳаққи йўқ. Бу менинг ҳақиқатим. Ҳали қараб тургин, ўзинг туриб балли дейсан.

 

* * *

 

Кўзини шира босган одам ҳўлу қуруқни баравар тепкилаб ўтаверади.

Маъмур висол йўлида бозор-ўчарни ҳам бир четга суриб қўйди.

Олдинига яқин ошнаси Валини қидириб топди. Вали яқиндагина қамоқдан қайтиб, тоғасининг «Нексия»сида киракашлик қилиб юрганди.

У Маъмурнинг режаларини тинглаб кўргач, елка қисган бўлди.

— Қалтис-да бу иш! — деди қаршисида кўзлари дунёга бежо боқаётган Маъмурга тик боқиб. — Қиз ўғирлаш Кавказ тарафларда удум бўлган. Бизда эса…

— Рози қиламан дедим-ку, Вали! — деди тоқатсизланиб Маъмур. — Тушунаяпсанми, у қизнинг отаси ўлиб кетган. Қариндош-уруғи ҳам айтарли йўқ ҳисоб. Икки акаси мактабда муаллимлик қилади.

— Нима бўпти? — деди Вали энсаси қотиб. — Тил-забони бордир, ахир!?.

— Э, аниқ биламан, қизнинг ўзиниям кўнгли бор менда. Нозланаяпти-да! Суробини тўғриласам, мушукдай мулойим бўп қолади.

— Милисага топширворса-чи?..

— Унисидан қўрқмайман. Яхши кўрмаса, менминан умуман гаплашмасди. Гаплашаяпти-ку!

— Йигити-чи?

— Қанақа йигит? Айтаверади-да ҳар балони!..

— Ўзинг биласан. — гапни калта қилди Вали. — Бир гап бўлса, мени «ваабще» танимайсан.

— Келишдик.

— Унда мен таниш йигитлардан иккитасини ёллайман. Сен бизни қишлоқдаги ўша ҳовлида кутасан. Хизмат ҳақи эса икки минг кўкида бўлади.

— Гап йўқ дедим-ку! — талмовсиради Маъмур. — Шарофат меники бўлса бас. Пул деганининг юзига қараб ўтирмайман.

 

* * *

 

Икки минг кўки ҳазилакам пул эмас. Ўғирликнинг турли кўчаларида тажрибаси ошган Вали бу пулларни негадир ҳалоллаб олишни хоҳлаб қолди.

Маъмур қўлга тушган тақдирда ҳам сотмаслигига ишонса-да, қиз ўғирлашнинг янги режасини тузди.

Шарофат тушлик пайти овқатини олиб ейдиган эркак таниш эди. Косалардаги овқатлардан бирига бошқа бир йигит орқали ухлатадиган дори қўштирди. Йигит ошпазга айнан шу косадаги овқатни тутқазишни уқтирди ва ўзи ҳам назорат қилиб турди. Кўрибсизки, Шарофат овқатни егач, кўз олди қоронғилашиб, кўнгли озаётганини ҳис этди. Пайтдан фойдаланган йигит дарҳол бир четда бекиниб турган икки нафар оқ халатли шерикларига қўнғироқ қилиб юборди.

Бозорда ким суриштириб ўтирибди. Бозордагилар оқ халатдагиларни «Тез ёрдам»чилар деб ўй лашди.

Шарофат шу заҳоти махсус замбилга ётқизилиб, ташқарига — Валининг «Нексия»си томон олиб кетилди.

 

* * *

 

Маъмур машина етиб келгунга қадар хонтахтани ноз-неъматларга тўлдириб, оҳори тўкилмаган либосларда интиқлик билан висол онларини кутарди. У қаттиқ ишонарди. Қиз бола барибир кўз очиб кўрган йигитга кўнгил қўяди. Яқин ўтмишини унутиб, ўша йигитгагина қалбини очади.

Ниҳоят ташқарида машина чўзиб сигнал чалди. Маъмур ҳовлиққанча чиқиб дарвозани очди.

— Тез ичкарига олиб киринглар! — буюрди Вали йигитларга. — Маъмур, ўн дақиқадан сўнг ўзига келиши керак. Лекин ҳушёр бўл! Бу жуда қалтис иш.

— Буёғини ўзимга қўйиб беравер, ошна! — деди кафтларини бир-бирига ишқалаб Маъмур. — Мана, ваъда қилинган пуллар!

— Сотиш йўғ-э? — эҳтиёт шарт қайтадан сўраган бўлди Вали.

— Менга ишонмайсанми нима бало? Ўша гап — гап!

 

* * *

 

Дарвозани ичкаридан тамбалаб келгач, Маъмур Шарофатнинг тепасига келиб ўтирди.

Бирпас унинг гўзал чеҳрасига термилиб қолди. Барибир сабри чидамади. Уйғонишидан, кутилмаганда бақир-чақир қилишидан қўрқди ва шоша-пиша ечиниб қизнинг бағрига кирди…

Шу паллада дори таъсири тугаб, қиз кўзларини очди ва беихтиёр Маъмурнинг кучли қўлларидан халос бўлишга урина бошлади.

— Н-нима қилаяпсан, ифлос? Қ-қўйвор-р!.. Қўйвор дедим!..

— Йўқ, — деди уни маҳкам кўксидан босиб Маъмур. — сенга берган ваъдамнинг устидан чиқдим, асалим! Энди сен меникисан. Фақат меники…

— Йў-ў-ўқ!!!

Шарофатнинг ҳайқириғи мисоли бутун дунёни тутди. У жонҳолатда Маъмурнинг дуч келган ерига чанг солар, ўкириб-ўкириб йиғларди.

Йўқ, нафс исканжасига банди бўлган, ҳисларини жиловлай олмаган Маъмур барибир қизнинг кўнглидан жой ололмади.

Гарчи номуси поймол этилган бўлса-да, Шарофат эртаси куниёқ милицияга арз қилди.

Олимжон ҲАЙИТ

 

loading...