Ўйлаб кўрдингизми? 2019 йил 24 сентябр куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қиларкин?

0

 

 

ҚЎЙ (21. 03 — 20. 04)

Бугун биринчи навбатда ишхонадаги эмас, шахсий ҳаётдаги ишларга кўпроқ эътибор беринг. Агар суйганингиз билан кўп жанжаллаша бошлаган бўлсангиз, бу муаммони бартараф этишга эътибор қаратинг. Билинг, эҳтиёт қилмасангиз, муҳаббат ҳам қалбингизни тарк этиб кетиши ҳеч гап эмас. Молиявий масалада бугун омад сиздан юз ўгириши мумкин. Шундай экан, заҳирадаги пулларни кўз қорачиғингиздек асранг.

 

БУЗОҚ (21. 04 — 21. 05)

 

24 сентябр куни иш ҳам, ҳамкасблар билан кечадиган суҳбатлар ҳам зерикарли туюла бошлайди. Ҳойнаҳой, меҳнат таътилига чиққингиз келаётган бўлса керак. Афсуски, ҳали таътилга чиқишингизга анча бор. Дўстлар, танишлар билан мулоқот чоғида энг яхши жиҳатларингизнигина намойиш этинг. Улар нафақат қимматли маслаҳатлари билан асқотади, балки моддий жиҳатдан ҳам келажакда ёрдам беришлари мумкин.

 

ЭГИЗАКЛАР (22. 05 — 21. 06)

 

Эрталаб сизга дангасалик деган бало ҳукмини ўтказа бошлайди. Унга қулоқ тутсангиз, расво қилади. Кун давомида телефон орқали камроқ гаплашишингиз тавсия этилади. Кўпроқ китоб ўқинг, ёлғиз қолинг. Табиат қўйнида дам олиш ҳам зиён қилмайди. Кечқурун рўзғор икир-чикирлари билан банд бўлиш мазмунли кечади. Тоза ҳавода сайр қилишни ҳам унутиб қўйманг.

 

ҚИСҚИЧБАҚА (22. 06 — 23. 07)

 

24 сентябрда сергак тортган ҳолда астойдил худодан сўраб иш бошласангиз кам бўлмайсиз. Бир хил фикрга суянганча туриб олманг. Вазиятга қараб фикр юритинг. Оилалилар ҳаётида сезиларли танаффуслар кузатилиши мумкин. Лекин улар рўзғордаги муаммолар ва уй таъмири билан боғлиқ бўлади. Саломатлигингизни мустаҳкам сақлаб қолиш учун ёғли, шўр ва аччиқ таомлар истеъмолидан тийилинг.

 

АРСЛОН (24. 07 — 23. 08)

 

Куннинг биринчи ярмида аллақачон унутилиб кетган муаммолар йўлингизга кўндаланг бўлади. Аслида қачонлардир шу муаммоларни бартараф эта олмай азоблангандингиз. Ўша кун ортга қайтадиган кўринади. Сабрли бўласиз-да. Тадбиркорлар учун яқин ҳамкорлар билан келишувлар муваффақиятли кечади. Бу сиз учун сюрприз бўлади. Айримлар кечқурун хизмат сафарига жўнаб кетиши мумкин. Сафар моддий манфаат ҳам келтиради. Кечурун тоза ҳавода сайр қилинг.

 

ПАРИЗОД (24. 08 — 23. 09)

 

24 сентябр куни пулни тежаб ишлатсангиз, ўзингизни молиявий инқироздан асраб қолган бўлардингиз. Тадбиркор бўлсангиз, шубҳали туюлган ишларга пул тикманг. Куннинг иккинчи ярмида қариндошлардан бири билан жанжаллашиб қолишингиз кутилади. Бундай лаҳзаларда ўзингизни бепарволикка солиб олсангиз, олам соф. Жанжал ўз-ўзидан барҳам топади. Кечқурун уйингизда кичик оилавий байрам ташкил этилиши мумкин.

 

ТАРОЗИ (24. 09 — 23. 10)

 

Ишончли йўл бўйлаб олға қадам ташлашни истасангиз, дунёқарашингизни ўзгартиринг. Эскича фикрлашлар энди муаммони ижобий ҳал этишга ожизлик қилади. Ишга ижодий ёндашишингиз тавсия этилади. Бугун кимларгадир совғалар ҳадя этиш, ёшлар учун кимгадир муҳаббат изҳор қилиш амаллари хайрли кечади. Овқатланиш меъёрларига амал қилинг. Кимдир сурункали хасталик орттириб олиши эҳтимолга яқин. Ухлашга ётишдан олдин қариндошлардан бири сизга хушхабар етказиши мумкин.

 

ЧАЁН (24. 10 — 22. 11)

 

24 сентябрда иш унумли кечиши учун тартиб билан ишланг. Бир нечта ишга баравар ташлансангиз, кўзланган мақсадга ета олмайсиз. Тушдан кейинми, ё кечроқми, ўзингизга ўзингиз ёқимли бир совға ҳадя этинг. Чигалингиз ёзилади. Аёллар ва қизлар стилист қабулига чиқиб келсалар яхши бўларди. Кечқурун маданий дам олиш чорасини кўринг. Шаҳарда яшасангиз, суюкли инсонингиз билан киногами, театргами чиқиб келинг. Кун давомида тоза ҳавода кўпроқ сайр қилинг.

 

ЎҚОТАР (23. 11 — 21. 12)

 

Кунингиз саломатлик масаласида осон кечмайди. Эски касалликлар қўзғалиши туфайли касалхонама-касалхона чопишингиз эҳтимолга яқин. Бунда ўзингизнинг ҳам айбингиз йўқ эмас. Вақтида даволанмагансиз. Эртадан кечга қадар ишлаш ҳам яхшиликка олиб келмайди. Ишлаган одам дам олишни ҳам билиши лозим. Оилалилардан кимдир ташқарида ишқ романига дучор бўлади. Бу романнинг якуни аянчли бўлиши мумкин. Сафарга отлансангиз, ишонинг, сафарингиз муваффақиятли кечади.

 

ТОҒ ЭЧКИСИ (22. 12 — 19. 01)

 

24 сентябр куни ниҳоят ҳаётда пул асосий ўринда эмаслигини англаб етасиз ва ўзингиз учун дам олиш куни эълон қиласиз. Ҳуқуқ ва молия билан боғлиқ муаммолар бугун муваффақиятли ҳал бўлади. Аммо бунинг учун керакли одамларга қўнғироқ қилишингиз, керак бўлса у одам билан учрашиб келишишингиз керак бўлади. Саломатлигингизга жиддий эътибор қаратинг. Ҳавонинг ўзгарувчанлиги оқибатида артериал қон босимингиз сакраши кузатилади.

 

ҚОВҒА (21. 01 — 19. 02)

 

Бугун сизнинг кунингиз. Муҳаббатда қалбингизда росмана байрам юзага келишидан ташқари, моддий аҳволингиз ҳам аъло даражада кечади. Бунга қўшимча даромад келтирувчи иш топиб ишлашингиз сабаб бўлади. Ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида ташаббускорлик талаб этилади. Оиласиз бўлсангиз, бугунги романтик учрашувдан воз кечинг. Бу инсон сизнинг келажагингиз эмас. Ўзингизга мос инсонни қидириб топишингизга тўғри келади.

 

БАЛИҚ (20. 02 — 20. 03)

 

Эрталаб кутилмаганда шамоллаш томоғингиздан олиши кутилмоқда. Шу сабабли ҳар қандай учрашув, иш ва тадбирларни ортга суришга мажбур бўласиз. Саломатлигингиз билан жиддий шуғулланмасангиз бўлмайдиган кўринади. Акс ҳолда бу хасталик сурункалига айланиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас. Кечқурун қўлингизга пул тушади. Аммо кўп эмас. Барибир шукр қилинг. Оллоҳ сизга ёр бўлсин!

Хушвақт бўлинг! Ҳаммавақт бўлинг!

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади