Бекобод шаҳрида 11 нафар боғча боласи овқатдан заҳарланди!

0

Тошкент вилояти Бекобод шаҳридаги 5-сонли мактабгача таълим муассасасида 11 нафар тарбияланувчи овқатдан заҳарланиш эҳтимоли билан шаҳар юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Боғча тарбияланувчиларининг овқатдан заҳарланиш ҳолати юзасидан баёнот берилди, дея маълум қилмоқда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.

Маълумотларга кўра, бугун – 27 сентябр куни соат 09:30 да Бекобод шаҳридаги 15-сонли мактабгача таълим муассасасининг тарбиячилари 2 нафар тарбияланувчи ўзини нохуш ҳис қилаётганини сезишган.

Зудлик билан болалар мутахассис шифокор кўригидан ўтказилган. Тиббий текширув давомида уларга овқатдан заҳарланиш тўғрисидаги дастлабки ташхис қўйилган.

Муассасанинг қолган барча тарбияланувчилари ҳам тиббий текширувдан ўтказилиб, текширув мобайнида яна 9 нафар болада овқатдан заҳарланиш эҳтимоли аниқланган. Айни пайтда улар шаҳар юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган.

Тезкор кўрилган чоралар натижасида айни вақтда болаларнинг аҳволи қониқарли, вазият шифокорларнинг қатъий назоратида.

Мазкур ҳолат бўйича ички ишлар ва прокуратура идоралари томонидан тегишли текширув ишлари олиб борилмоқда, дейилади вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати маълумотида.

UzA.uz