ФЕРУЗА ҚИЗ… (Тошкент тиббиёт академияси 1- клиникаси кардиореанимация бўлими ҳамшираси Ферузабонуга ҳазил шеър)

0

 

 

* * *

 

Хастахонанг остонаси оғир келди,

Сани излаб ўта бўм-бўш бағир келди,

Пойингга тиз чўкмоққа шай сағир келди,

Феруза қиз, қирчинингдан қийилмагу-ур,

Мани «ока» дейишданам тийилмагу-ур!

 

* * *

 

Сандай ҳамширани минг бор суйсам-да кам,

Укол-доринг дастидан жиз куйсам-да кам,

Сани кўрган кўзларимни ўйсам-да кам,

Феруза қиз, қирчинингдан қийилмагу-ур,

Мани «ока» дейишданам тийилмагу-ур!

 

* * *

 

Пича совуққонсан десам, чида дейсан,

«Суда» десам, сан лаб буриб «туда» дейсан,

Жонга тегиб кетдингиз-ку жуда, дейсан,

Феруза қиз, қирчинингдан қийилмагу-ур,

Мани «ока» дейишданам тийилмагу-ур!

 

* * *

 

Тушми, ўнгми?.. Гўё қалин ўрмондаман,

Сан ул ёнда, ман бечора бул ёндаман,

Севги изҳор қила олмай армондаман,

Феруза қиз, қирчинингдан қийилмагу-ур,

Мани «ока» дейишданам тийилмагу-ур!

 

* * *

 

Нима қасдинг бор бу хаста юрагимда,

Аламларинг бўртиб кетди билагимда,

Ана, тағин оғриқ турди курагимда,

Феруза қиз, қирчинингдан қийилмагу-ур,

Мани «ока» дейишданам тийилмагу-ур!

 

* * *

 

Омон бўлсам, санга жоним берай девдим,

Омонликда би-ир қўлингни сўрай девдим,

Пича «юрагим»ламасдан турай девдим

Феруза қиз, қирчинингдан қийилмагу-ур,

Мани «ока» дейишданам тийилмагу-ур!

Олимжон ҲАЙИТ