Олмазор тумани ҳокими ўринбосари ишдан бўшатилди

0

Бугун «Kun.uz» мухбирига ҳужум қилган Олмазор тумани ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳабов ўз лавозимидан озод қилинди. Бу ҳақда Комил Алламжонов маълум қилди.

«Шу муносабат билан биз яна бир бор таъкидлаймизки, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳар бир журналист ва блогерни унинг ҳуқуқлари бузилишидан ҳимоя қилишни давом эттиради», – дейилади хабарда.

Аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати бу хабарни инкор қилиб, миш-миш деб атади, лекин бироз ўтгач ўз хабарини ўчириб ташлаганди.

Бош прокуратурадаги манба томонидан Kun.uz’га маълум қилинишича, Тошкент шаҳар прокурори томонидан ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ҳокими номига тақдимнома киритилган, тақдимнома кўриб чиқилиши натижасига кўра Ваҳобов эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган.

Қўшимча қилинишича, бошқа ҳолатлар юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан қўшимча текшириш ҳаракатлари давом этмоқда. Яъни, Бош прокуратура шаҳар прокуратурасининг жиноий иш қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарорини бекор қилиб, ишни қайтадан кўриб чиқиш бўйича топшириқ берган.