5G тармоғи соғлик учун шунчалик хавфлими?

0

Кўплаб илғор мамлакатлар бешинчи авлод уяли алоқа тармоғини жорий этиш устида ишламоқдалар. Ўзбекистонда эса биринчи бўлиб Ucell уяли алоқа оператори 5G тармоғини, шунингдек, Метротелеком билан ҳамкорликда метрода ҳам уяли алоқани ишга туширди.

Аммо мазкур технологияга ҳамма ҳам бирдек хайрихоҳ эмас: Швейцарияда 5G тармоғининг жорий этилишига қарши норозилик намойишлари бўлмоқда. Мамлакат пойтахти – Берн шаҳрида кишилар ушбу тармоқнинг ишга туширилишини тақиқлаш талаби билан плакатлар кўтариб кўчаларга чиқишган. Уларнинг хавотирига кўра, мазкур технология соғлик учун жиддий хавф туғдиради.

Швейцария – бешинчи авлод уяли алоқа тармоғи биринчилар қаторида жорий этила бошлаган мамлакат. Аммо аҳолисининг маълум бир қисми ҳануз бундан норози. Шу кунларда минглаб швейцарияликлар мамлакат парламенти олдида тўпланиб, янги 5G антенналар ўрнатилишининг тўхтатилишини талаб қилишмоқда. Улар электромагнит тўлқинларининг кишилар соғлигига ҳамда атроф-муҳитга салбий таъсиридан чўчимоқдалар.

Бироқ 5G тармоғининг зарарини исботловчи тадқиқотлар йўқ, аммо айрим кишилар гўёки «электромагнит гиперсезгирлиги»дан азият чекаётганликларини таъкидлашади. Кишилар у сабабли мобил телефонлар, Wi-Fi роутерлар, телевизор ва бошқа гаджетларлар таъсиридан ноқулайлик сезишар эмиш.

Шуниси ҳам борки, Швейцария шифокорлар федерацияси 5G тармоғининг зарарини рад этувчи далиллар ҳам йўқлигини таъкидлаган ва мамлакатда мазкур технологияни ривожлантиришда эҳтиёт бўлишга чорлаган.

Айни дамда 5Gнинг зиёни масаласи билан Бутунжаҳон Соғликни Сақлаш Ташкилоти шуғулланмоқда. Швейцария ҳукумати ҳам хатарларни ўрганиш учун экспертлар гуруҳини тўплаган, уларнинг ишлари натижалари йилнинг якунида эълон қилинади.

Ҳозирча эса намойишчилар 5G тармоғининг саломатликка ва атроф-муҳитга таъсири ўрганилгунига қадар унга мораторий жорий этилиши масаласида референдум ўтказилиши учун керакли 100 000 имзони тўплашга киришишган. Шунингдек, улар ҳар қандай нурланишдан холи ҳудудларни ҳам ташкил этиш масаласини кўтариб чиқишмоқда.