Россиялик олимлар рулда ухлаб қолишга йўл қўймайдиган илова яратишди

0

Аввалроқ «Яндекс.Такси» рулда ухлаб қолишга қарши қурилма ишлаб чиққанлиги ҳақида хабар берилган эди. Энди эса олимлар унинг функцияларини исталган Android-смартфонга жорий этувчи иловани тақдим этишди.

Drive Safely деб номланувчи мазкур дастур ҳайдовчининг юзида уйқусираш аломатларини ҳамда диққатнинг камайишини аниқловчи бутун бошли тизимдан иборат. У эътиборни жамлашга кўмаклашади ҳамда йўлдаги вазиятдан ва ҳайдовчининг ҳолатидан келиб чиқиб маслаҳатлар бериб боради.

Бу дастурни қўллашдан олдин смартфонни машинанинг олд ойнасига маҳкамлаш керак бўлади. Drive Safely тизими «Яндекс.Харита» ёки Google Maps сингари навигаторлар билан параллел равишда ишлайди; шунингдек, телефон қўнғироқлари ёки SMS-хабарлар қабул қилишга ҳам халақит бермайди.

Drive Safely смартфоннинг селфи-камерасини қўллаб, ҳайдовчининг боши ҳолатини ҳамда кўзларининг очиқлик даражасини кузатиб туради. Мудраш аломатлари аниқланганида у ҳайдовчини хавфдан огоҳлантиради.