Рўмол ва ҳижоб: Жуда майдалашиб кетмадикми?..

0

Кун мавзусига чиққан бир амалдорнинг куракда турмайдиган рўмолми ёки ҳижобми ҳақидаги фикрлари роса ижтимоий тармоқларда айланмоқда. Ва бунга барча ўз муносабатини билдириб, «диний эркинлик», «демократик жамият», «Ўзбекистон имижи» деган сўзларни тиркаб қўйишмоқда. Энг қизиғи, турли фотолар билан ҳам изоҳларини тўлдиришмоқда. Аммо бир савол туғилади: бизнинг рўмол ва ҳижобдан бошқа муаммомиз йўқми?

Тўғри, бугун юртимизда бўлаётган кенг ислоҳотлар қадриятларимизга, одатларимизга, эътиқодимизга шубҳа кўзи билан қарайдиганлар учун бир дастак бўлмоқда. Бу дастакки, рўмол ва ҳижоб дея бир-биримиз билан даҳанаки жангимизда ҳам ўз исботини топмоқда.

Бугун рўмол тақиқлангани йўқ, ҳижоб тақиқлангани йўқ, намоз тақиқлангани йўқ! Унда нега рўмол ва ҳижоб масаласини бунчалик чуқурлаштириб, уни сиёсий даражага олиб чиқяпмиз? Нега атрофимиздаги рўмол билан боғлиқ салбий фикрларнинг ҳаммаси ҳам асослими деган саволни ўзимизга бермаймиз?

Шукрки, бугун ОАВ ва кўчада ҳам, бошқа катта давраларда ҳам рўмол ўраганингиз учун сизга бошқача кўз билан қарашмаяпти. Балки, мана ўзбек аёлининг иффати, ўзбек аёлининг чиройи дейишяпти.  Нега рўмол ҳақида гапира туриб, бу мулоҳазаларга юзландик. Чунки рўмол – ўзбек аёлининг зийнати, назокату, латофатини, ҳусни-жамолини номаҳрамлардан асраб турувчи пардагина эмас миллатнинг ҳаёси, маънавияти, авлодлар тарбияси бошида ҳилпираб турган ибрат маёғи ҳамдир.

Рўмолга миллий қадриятларимизни ўзида акс эттирган тарих сифатида қарашни ўрганмас эканмиз, бошқа жабҳалардаги янгиликларга ҳам йўл очолмаймиз. Рўмол кексалик гашти, рўмол шарқона тарбия ҳосиласи, аёлнинг ҳаё пардаси.

Рўмолни қандай ўрашни ҳар бир аёлнинг ўзи ҳал қилар экан, уни ҳижоб билан чалкаштириш масаланинг ечимига тўсиқ бўлаверади.

Қолаверса, рўмол жамиятда кўпроқ диний атрибут эмас, балки миллий ва ахлоқий норма белгиси ўлароқ тарқаган. Шунинг учун бу муаммони чуқурлаштирмай, ўртача йўл танланиши мақбул бўларди.

«Америка овози» журналисти Навбаҳор Имомованинг Адлия вазирига шу масаладаги саволи ва вазирнинг жавоби турли қарама-қарши фикрлар кескинлашувидаги баҳсларга муносиб жавоб бўлади, деб ўйлаймиз.

«Бугун қонунчилигимизда диний либос деган тушунчага изоҳ бериш ва унга нималар кириши ҳақида аниқ шарҳ кераклигини давр талаб қиляпти ва бу борада тегишлича ишлар амалга оширилиш арафасида».

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here