СИҒИНДИ… (2-қисм)

0

 

 

* * *

 

Эшмирза пиён ҳали ҳовуридан тушганича йўқ эди. Фақат маҳалла оқсоқолининг гапларини ерда қолдира олмасди. Норозиликдан ёрилиб кетай деса-да, эрталаб бир шиша шаробни симирди-да, тракторга хотини ва Маннопни ўтқазиб шаҳарга жўнади.

Бола бир четда мунғайганча ўтирар, хаёлан шаҳардаги тезюрар поезд, каруселларни, сувда пишқириб учадиган қайиқларни тасаввур этар, гоҳи-гоҳида кулимсираб қўярди.

Бир пайт Эшмирза пиён негадир сўкина бошлади.

— Қайданам чиқди ўша сассиқ чол? Энди бу «бойвачча»ни шаҳарга олиб боришим керак. Ўзим ҳам кечгача орқасидан итдай ҳакиллайман.

— Қўяверинг, отаси, — уни тинчлантирган бўлди Орзиниса. — Хурсанд бўп қолар. Уйдан қочиб бизни шарманда қилмаса бўлди-да!

— Э, қочмаям ўлсин бу хунаса!.. Энасини…

Манноп қанча жаврамасин, отасига ғиқ этмаётганди. Сўнгги сўкиниши алам қилди. Бор овозда бақириб трактор рулига ёпишди.

— Нега энамни сўкасан? Қайтар тракторни! Бормайман!.. Энамни сўкишга ҳақинг йўқ!..

— Вей, нима қилаяпсан? — Эшмирза пиён уни итариб юбориб баттарроқ сўкина бошлади. — Энангни дейманми, катта холангни дейманми, хоҳлаганимча сўкаман, билдингми, тирранча? Ғиқ этиб кўргин, нима қиларканман!..

Шу тобда Эшмирзага мастлик панд бердими, негадир рулни уёқдан буёққа зарда билан бурай бошлади. Оқибатда трактор илон изи қилиб бориб қарама-қарши тарафдан келаётган «Камаз»га рўбарў бўлди. Машина катта тезликда келаётганди. Эшмирза улгурмади. Трактор бориб «Камаз»га урилди ва бир неча марта думалаб кетди…

 

* * *

 

Орадан бир ҳафта ўтди. Манноп шаҳар касалхоналаридан бирида шифтга тикилганча ётарди. Ҳалокатдан кейинги қўрқувлар ҳали тарқамаганми, баъзи-баъзида беихтиёр сесканиб тушарди.

— Яхшиям йўл четига қум тўкилган экан, — деди милиционер бош врачга юзланиб. — Болакай ўша қум устига бориб тушибди. Акс ҳолда…

— Энди нима қиламиз, начайлик? — сўради бош врач унга умидвор термулиб. — Бола соппа-соғ. Тўрт мучаси бутун. Бирор қариндошига бервормасак бўлмайди. Шундоғам палаталаримиз беморларга тўлиб кетган.

— Ҳа, гапингиз тўғри, — деди милиционер бош чайқаб. — Отаси барибир ногирон бўп қолди. Онаси ўлиб кетди. Бир аммаси, икки холаси боракан. Гаплашиб кўрдим. Лекин биронтаси бу болани олишга рози бўлмади. Шароитлари оғирмиш.

— Тавба! — елка қисди бош врач. — Қариндош ҳам шунақа қадрсиз бўладими? Менга қаранг, унда нима қиламиз? Бу ерда олиб ўтиролмайман-ку бир умр!..

— Нима қилардик? — деди милиционер. — Болалар уйига беришга мажбурмиз. Мен қариндошларидан тилхат ёздириб оламан. Отасиям ёзиб беради. Ака, бошқа иложимиз йўқ. Чунки ҳалокат туфайли одам ўлган. Спиртли ичимлик ичиб рулга ўтирган. Ногирон бўлганига қараб ўтиришмайди. Барибир қамалади.

— Унда вақтни чўзмайлик! Тезроқ расмийлаштириш керак. БОриб болани ўша ерда руҳий тестдан ўтказишимиз зарур.

— Йўқ, йўқ, ҳеч қаерга бормайман! — бу гапларни эшитиб, Манноп даст ўрнидан туриб кетди. — Бормайман ҳеч қаёққа, бормайман!

— Ие, нега бормайсан? — милиционер икки елкасидан тутиб Маннопни каравотга ётқизди. — Болалар уйида сенга яхши қарашади. У ерда ўртоқларинг кўп бўлади.

— Йўқ, йўқ, — қайсарларча силтанди Манноп. — Ҳеч кимни кўргим йўқ! Бир ўзим юравераман.

— Қўй, қайсарлик қилма! Отанг шўрлик сени парвариш қиладиган аҳволда эмас. Тушунгин! Болалар уйида-чи, ҳамма нарса бор. Телевизорлар кўп. Маза қилиб мультфильмлар томоша қиласан. Футбол ўйнайсан. Мазали овқатлар беришади. Зўр-ку, қўзим!..

— Ё уйига жўната қолсакмикан? — иккиланди бош врач. — Ҳар ҳолда отаси бор. Маҳалла-кўй дегандай…

— Отасиминан гаплашувдим, — деди милиционер. — «Ундай болам йўқ» деб туриб олди. Ўзиям учига чиққан пиёниста экан. Бола хор бўлади. Қўйинг, яхшиси, болалар уйига расмийлаштирамиз. Ҳарқалай давлат назоратида бўлади.

Милиционернинг сўнгги гапларидан кейин Манноп бироз ён бергандек жим бўлди. Гарчи болалар уйи ҳақида тасввурга эга бўлмаса-да, бу масканни худди хаёлидаги истироҳат боғи каби гўзал ва сокин деб ўйлади. Ўша ерда маза қилиб ўйнашдан, тўйиб-тўйиб онасини ўйлашдан умидвор бўлди. Аммо тепасидагиларга сир бой бермаслиик учун атайин тескари ўгирилди-да, кўзларини юмиб олди.

 

 

* * *

 

Ҳақиқатан Манноп болалар уйини ўзича худди истироҳат боғлари каби чиройли, кўркам тасаввур этганди. Ҳамма ёқда каруселлар, ҳалинчаклар ўрнатиб ташланган, болалар тўп-тўп бўлиб ўйнашади, яйрашади деб ўйлаганди.

Етиб келишгач, деворлари баланд, совуққон рангга бўялган бинога кўзи тушди-ю, юраги увишди.

— Ие, бу кинолардаги қамоқхона-ку! — ўйлади ўзича. — Мени қамаб қўйишадими? Алдаб қамоққа олиб келишибди. Шунинг учун милиционер олиб келган мени. Алдаб бўпсанлар! Мен катта боламан. Сенларнинг алдовингга учиб аҳмоқ бўлганим йўқ.

Афсуски, ҳозир ҳеч қаёққа қочиб кетишнинг имкони йўқ эди. Милиционер маҳкам қўлидан ушлаб олган.

Улар етаклашиб бино ичкарисига киришди. Милиционер Маннопни ўзи билан бирга директор ҳузурига олиб кирмоқчи бўлди. Кейин эса негадир фикридан қайтди. Олдин ўзи кириб ҳужжатлар билан таништиришни лозим топди. Шунинг учун уни йўлакдаги навбатчи аёлнинг ёнида қолдирди.

— Илтимос, опажон, шу болага кўз қулоқ бўлиб турсангиз, — деди милиционер. — Мен дарров директорга ҳужжатларни кўрсатиб чииқаман.

— Боланиям олиб кираверинг! — сал қош чимириб жавоб қилди аёл. — Директоримиз жуда болажон аёл. Жаҳли чиқмайди.

— Шундай-ку-я, лекин ҳозирча шу ерда тура тургани маъқулмикан девдим-да!.. Ҳар ҳолда расмий гаплар бўлади. Башарти «олиб киринг»десалар, дарҳол чақираман.

— Майли, — деб қўйди аёл истамайгина ва тескари ўгирилиб олди.

— Ҳали қараб тургин! — кўнглидан ўтказди Манноп қувларча милиционернинг ортидан қараб қоларкан. — Алдашни кўрсатиб қўяман!

Шу аснода чўнтагидаги пулларни чангаллаб кўрди. Жойида экан.

— Мен қандай бўлмасин қамоқдан қочишим керак, — ўйларди у. — Энамга берган ваъдамни бажармасам бўлмайди. Албатта каттакон уй сотиб оламан. Шунда анави милиционер амакиям мени тополмайди.

Манноп бирпас бадқовоқ, сочлари ҳурпайган навбатчи аёлга ер остидан қараб турди-да, бехосдан унга яқинлашди.

— Хола, сийиб келсам майлими?

Навбатчи аёл боланинг гапини эшитиб кулимсиради.

— Вой, ҳов анави ерда ҳожатхона бор. Кириб чиқа қол!

— Йў-ўқ, — дея ўзини тоқатсизланганга йўйди Манноп. — Унақанги жойларга кирсам, кўнглим айнийди. Ташқарига чиққим келаяпти.

— Ғалати бола экансан-ку! — деди навбатчи аёл ҳайрон бўлиб. — Сендақасини биринчи марта кўриб туришим.

— Майлими? — энди астойдил ялина бошлади у. — Дарров келаман, ишонинг!

— Амакинг мени уришмасмикан? — сўради аёл директор кабинети томон ишора қилиб. — Тағин иккаламизам балога қолмайлик узоқ қолиб кетсанг!

— Узоқ қолмайман дедим-ку! Чиқаман-у, келаман, хола!

— Хўп, унда-чи, бинонинг орқасига ўтсанг, дарахтзор бор. Ўша ерга чиқақол! Оббо сен-ей! Жуда қизиқчи бола экансан!

 

* * *

 

 

Манноп аста бино орқасига ўтди-да, кўчага йўл қидира бошлади. Ўйингоҳ рўпарасида кичик бир тешикчага кўзи тушди ва юраги ҳовлиқиб ўша томонга югурди.

Жонҳолатда чопиб борарди-ю, нуқул «биров қувламаяптимикан?» деган ўйда ортига ўгирилиб оларди.

Ҳарқалай, қочаётганини ҳеч ким кўрмади. Эпчиллик билан энгашди-да, тешикчадан катта серқатнов кўчага чиқди.

Шаҳар шу қадар тўс-тўполон эканки, биров бировга қарамайди. Машиналар уёқдан буёққа ғиз-ғиз қатнаб ётибди.

Манноп худди катталардек бир муддат қаерга юришни мўлжаллади. Ҳа, чапга қараб юради. Баланд бинолар кўп экан. Бировининг орқасига беркиниб туради.

Шу кўйи орқа-кетига қарамай чопаверди. Терлаганига ҳам, ҳарсиллаб, тинкаси қуриганига ҳам эътибор қилмади. Нима қилиб бўлмасин, тезроқ пана жой топиш ва яшириниш, «қамоқ»дан қочиш пайида бўлди.

Чопа-чопа кўп қаватли уйларни ортда қолдириб, кенг бир ахлатхонага етди. Ахлатхона орқасидан анҳор оқиб ўтган, анҳор ёқасида мактаб бор эди.

Манноп қадамини секинлатиб бироз нафас ростлади. Шу орада ортга ўгирилиб кимдир келаётган-келмаётганини текшириб кўрди. Ҳеч қандай шубҳали кимсани пайқамагач, ахлатхонани оралаб ўтиб анҳорга яқинлашди.

Мактаб девори ёнида уч-тўрт нафар ўзи тенги болалар велосипедда сайр қилишарди.

Шу ҳозирда Маннопнинг ҳам велосипедда учгиси келиб кетди. Болаларга ҳавас билан тикилиб турди-да, нимадир ёдига тушгандек чўнтагига қўл солди. Пуллари жойида эканига амин бўлгач, таваккал анҳор кўпригидан ўтиб тенгқурлари томон юрди.

Улар ҳам бегона бола келганини кўришди-ю, таққа тўхтаб Маннопга менсимагандек қараб қўя бошлашди.

Манноп эса болаларнинг бу ҳолатига эътибор бермасди.

— Менам велосипедингда бир учай! — деди оқ-сариқдан келган бир болага яқин келиб. — Майлими?

— Нима? — болакай Маннопнинг устидан кулмоқчидек ўртоқларига тиржайиб қараб қўйди. — Кимсан ўзинг?

— Менми? Маннопман. Ўзинг-чи?..

Бегона болалар Маннопнинг гапидан мириқиб кулишди.

— Велосипед учгиси келганмиш қишлоқининг! — дея қотиб-қотиб куларди оқсариқ болакай. — Эшитдиларингми?

— Ўзинг қишлоқи, — хезланиб оқсариққа яқинлашди Манноп ва шошиб чўнтагидаги пулларни чиқариб кўз-кўз қилди. — Кўрдингми? Керак бўлса-чи, ҳаммангнинг велосипедингни сотиб олишим мумкин!

— Вой-й! — ҳозиргина Маннопнинг адабини беришга шайланган болалар пулларни кўришди-ю, дарров велосипедларидан тушиб уни ўраб олишди.

— Пулинг мунча кўп? — деди новчароқ, қиррабурун бола. — Қаердан олдинг шунча пулни?

— Ўзим топдим. — деди мақтаниб Манноп. — Нимайди?

— Агар шуларнинг биттасини берсанг, велосипедимни учишга берардим, — деди оқсариқ. — Берасанми?

— Бўпти, — Манноп пуллардан бирини унга тутқазди. — Энди велосипедни чўз!

— Фақат орқангдан борамиз, — огоҳлантирди оқсариқ. — Қочиб кетсанг…

— Қўрқма, — деди Манноп унга мағрур боқиб. — Мен эркакман. Бир марта учаман холос.

— Бўпти, учсанг учақол!

Манноп оғзи қулоғига етиб ярқираган велосипедга ўтирди-да, рулни илкис ўзига тортди. Велосипеднинг олд ғилдираги бир кўтарилиб тушди.

— Ў, — деб юборишди болалар. — Великни зўр минаркан! Спортга қатнайди шекилли.

— Шунақага ўхшайди, — Маннопнинг орқасидан изма-из бораётган хомсемиз бола оқсариқни туртди. — Қара чайирлигини!

— Ишқилиб қочиб қолмасайди, — деди оқсариқ хавотирланиб. — Тезлаб боришини кўр!

— Қочмайди. Спортга қатнайдиганлар мард бўлишади. Мана кўрасан!..

— Ҳой, тўхта энди! Бўлди-да! Кўп учвординг!

— Намунча шошмасанг? — кулди Манноп. — Оласан-да шу шалдироқ аравангни! Ҳажиқизга ўхшаб қичқираверсанми?

— Ие, бу нима деди? — оқсариқ жаҳли чиққан кўйи ёнидагиларга умидвор термулди. — Спортчиман деб ҳаддидан ошаяпти! Бир адабини бермаймизми?

Бошқа болалардан садо чиқмади. Улар Маннопнинг кескин ҳаракатларини, дадил сўзлашини кўргач, чўчиб қолишганди. Ўртоқларидан маънили гап чиқмаслигига амин бўлган оқсариқ учиб борди-да, велосипедини маҳкам ушлаб олди.

— Бўлди энди, ўзим ҳам учишим керак, — деди Маннопга қўрқув аралаш боқиб. — Пулингга яраша роса учиб олдинг.

Манноп унинг қўрқаётганини сезиб велосипеддан тушишга шошилмади. Чап оёғини ерга қўйган ҳолда чўнтагидан яна бир дона қоғоз пул чиқарди.

— Ма, буниям ол, — деди оқсариққа. — Ҳали тўймадим. Бир мириқай бугун!

— Бўлмайди, — оқсариқ кўп қаватли уйлар томонни кўрсатди. — Ҳали замон дадам чақириб қолади. Агар велосипедимни сенда кўрса…

— Мунча қизғанчиқсан? Эркакмисан ўзи? Ё бир уриб абжағингни чиқарайми?

— Нима? — Оқсариқ гарчи қўрқишини билса-да, паст кетишни истамасди. — Чиқариб бўпсан! Ҳозир акамни чақирсам-чи, бурнингни ерга ишқаб қўяди, билдингми?

Манноп кулди-да, оқсариқнинг елкасига секин муштлаб қўйди.

— Сен акангминан мақтанма! — деди у бошқа болаларга совуқ назар ташлаб. — Керак бўлса, акангниям сотволаман! Мен бойман, тушундингми?

— Вой, вой, мақтанишини қаранглар!.. Сотволармиш! — шерикларига Маннопни масхаралаган каби тиржайиб боқди оқсариқ. — Акамниям пули кўп. Ҳадеб катта кетаверма!..

Тортишув чала қолди. Шу маҳал катта йўл томондан милиция машинаси сигнал чалганча улар томон ўқдек учиб кела бошлади.

Манноп шошиб қолди. Аниқ биларди. Уни қувиб келишаяпти. Жонҳолатда велосипедни итқитиб юборди-да, дуч келган тарафга ура солиб қочди.

Болалар эса ҳайратдан донг қотиб қолишганди. Азбаройи қўрқиб кетганларидан бир-бирларининг пинжига киргудек бўлишарди.

— Қаранглар, — дея Манноп кетган тарафга ишора қилди ниҳоят хомсемиз бола. — Ҳозирги қишлоқи қамалиб чиққан экан. «Зек» экан.

— У нима дегани? — тушунмай сўрашди қолган болалар.

— Ўғри дегани, — тушунтирди хомсемиз. — Кўрдиларинг-ку чўнтагидаги пулларни! Дўкондан ўғирлаган бўлса керак.

Бу маҳал Манноп аллақачон қўлга тушган, милиционернинг қўлларидан халос бўлишга уриниб нуқул қичқирарди.

— Мен қамоққа боришни хоҳламайман! Қўйворинг мени, қўйворинг!.. Мен ўғримасман!

— Ким сени ўғри деяпти? — уни юпатишга ҳаракат қиларди миилиционер. — Хумпар, дарров қочиб қолиш қандай хаёлингга келди-а? Сени қидирмаган ерим қолмади-ку!

— Нимага унда мени қамоққа олиб келдингиз? Сизга нима ёмонлик қилдим?

— Сени болалар уйига олиб келдим. Ўша ерда яшайсан энди.

— Ишонмайман, ишонмайман! У ер қамоқ, қамоқ! Ўзим кўрдим!

Милиционер ортиқ ҳеч нарса демади. Маннопнинг бақир-чақирига қулоқ тутиб ўтирмай, уни машинага ўтқазди ва эшикни ёпиб ҳайдовчига буюрди.

— Болалар уйига ҳайда!..

Манноп дунёнинг барча яхшиликларидан умидини узганди. У ҳамон болалар уйини турма деб тасаввур этар, ичкарига киришгандан кейин ҳам билинар-билинмас титраб, худди кинолардагидек милиционер қўлларига кишан солишини кутарди.

— Болажоним, қаерга кетиб қолдинг-а? — болалар уйи директори, ўрта яшар, новчадан келган, узун сочлари чиройли турмакланган аёл уни маҳкам қучди-да, мулойимлик билан сўради. — Қўрқиб кетдингми? Қўрқма! Бу ерда ҳали кўп дўстлар орттирасан. Биргалашиб футбол ўйнайсизлар.

— Хоҳламайман! — дея силтаниб қўйди Манноп гарчи энди озод бўла олмаслигига ақли етган бўлса-да. — Барибир бу ердан қочиб кетаман!

 

* * *

 

Кунлар ўтиб борарди. Манноп болалар уйи «қамоқ» эмаслигига тўлиқ амин бўлди. Аста-секин болалар уйининг шарт-шароитларига кўникди.

Аммо у қайсар ва совуққонлигича қолаверди. Тенгқурлари, ҳатто, ёши каттароқ болалар ҳам у билан тортишиб ўтириш бефойдалигини билишарди. Чунки Манноп арзимаган гапни-да кўтара олмас, бирдан муштлашиб кетарди. Кучи етмаслигига кўзи етса, тош ёки темир қидиришга тушарди. Бор овозда бақириши, оғзидан боди кириб шоди чиқиши болаларни бирмунча чўчитиб қўйганди. Ҳеч ким у билан тенглашишни хоҳламасди. Бундан руҳланган Манноп эса ўзини тобора кучли ва ботир ҳис этар, барча яхши нарсалар фақат уники бўлиши керак дея ҳисобларди.

Фақат Нозима исмли тарбиячи қиз қаршисида мулойиб тортиб қоларди. Тарбиячини кўрди дегунча шошиб кийимларини тўғрилашга тушар, қандай топшириқ бермасин, сўзсиз адо этарди. Нозимага яна нималардир демоқчи бўларди-ю, негадир ҳайиқарди.

Охири чидолмади. Ичидагини Тўлқин исмли синфдошига айтди.

Тўлқин паканадан келган, худди бўғирсқ каби юмалоқ бўлса-да, муштлашишда Маннопдан қолишмасди. У болалар уйида Маннопдан кейин иккинчи муштумзўр эди.

— Мен Нозима опани яхши кўраман, — деди Манноп Тўлқинга. — Катта бўлсам фақат Нозима опага уйланаман.

Бу гапидан Тўлқин сал қурса кулиб юбораёзди. Зўрға ўзини тутиб Маннопнинг елкасига муштлади.

— Жиннимисан? У сендан катта-ку! Бошингга урасанми?

— Нима қипти? — деди Манноп. — Энам айтган, эркак киши ўзидан катта қизга уйланса, бой бўларкан. Мен ҳам бой бўлишни истайман. Манави пулларимга шаҳардан зўр уй сотиб оламан. Кейин биз Нозима опа билан бирга яшаймиз.

— Ўзига айтганмисан? — жиддийлашди Тўлқин. — Вей, нега индамайсан? Нозима опа яхши кўришингни биладими?

— Билмайди-да! — дея бош эгди Манноп. — Айтолмаяпман.

— Айтолмайсанам.

— Нега?

— Нозима опа боплаб таъзирингни беришидан қўрқасан.

Бу гапни эшитиб беихтиёр Маннопнинг қайсарлиги тутди.

— Қўрқмасам-чи?

— Э, барибир қўрқасан. Катта кетаверма!

— Гаров ўйнаймизми? — синфдошига дадил қўл узатди Манноп. — Нимага бақраясан? Эркакмисан? «Давай», гаров ўйнаймиз!

— Бўпти, қанчадан ўйнаймиз?

— Агар ютқазсам, чўнтагимдаги пулларнинг ҳаммаси сеники бўлади. Сен ютқазсанг, икки минг сўм берасан.

— Келишдик.

Манноп бориб тарбиячига «дард»ини айтадиган, Тўлқин эса дарахт панасидан туриб кузатадиган бўлди.

 

* * *

 

Гаров Маннопга куч бағишлаганди. Бу гал тап тортиб ўтирмади. Ҳовлидаги ўриндиқлардан бирида дам олиб ўтирган Нозимага яқин бориб таваккал сўз қогди.

— Нозима опа, мен сизни яхши кўраман! — деди у қовоқ уйиб.

Тарбиячи бу гапни эшитиб кулимсираганча ўрнидан турди ва Маннопни қучди.

— Вой, асалим, менам сени яхши кўраман!

— Йўқ, тушунмадингиз, — давом этди Манноп. — Мен сизга уйланмоқчиман.

Нозима кулиб юборди.

— Оббо сен-ей, ростданми? Мени хурсанд қилиб юбординг-ку, Маннопжон!

— Нима, менга турмушга чиқмайсизми? — сўради Манноп ваҳима аралаш. — Тўғриси айтинг, мени ёқтирмайсизми?

— Нега ёқтирмас эканман? Албатта турмушга чиқаман сенга. Фақат сен улғайишинг керак. Ана ўшанда гаплашаверамиз, жоним.

— Мен сизга шаҳардан каттакон уй олиб бераман, опа. Росаям катта уй.

— Ўзимнинг меҳрибонгинамдан ўргилай! — уни эркалашда давом этди Нозима. — Кейин-чи? Яна нима олиб берасан?

Манноп чўнтагидаги пулларни чиқарди-да, Нозимага кўз-кўз қилди.

— Мана, энам гўриситонга кетмасдан олдин менга шу пулларни берган. Уйлансанг уй сотиб оласан деган. Хоҳлайсизми пулларимни сизга бераман?

— Йўқ, ундай қилма, — маъюс тортди Нозима. — Бу энанг раҳматлидан ёдгорлик сенга. Хафа бўлмагин, ҳали катта йигит бўласан, ўшанда бу пулларга иккаламиз сен айтган уйни оламиз. Хўпми?

— Сизга ишонсам бўладими, опа? Алдамаяпсизми?

Нозима оғир хўрсинди. Нима дейишни билмай бирпас иккиланиб турди-да, Маннопнинг бошини силаганча қатъий оҳангда жавоб қиллди.

— Алдамайман, қўзим, алдамайман.

— Унда эшитинг, опа. Мен энди ҳеч қачон сизга бу ҳақда гапирмайман. Катта бўлганимдан кейин эслатаман. Ўшанда унутиб қўймаган бўлсангиз бас.

— Кўндирдинг, жоним, кўндирдинг.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here