СИҒИНДИ… (3-қисм)

0

 

 

* * *

 

Манноп ортга худди қаҳрамонлик кўрсатгган аскар каби гердайганча қайтди ва негадир жуфтакни ростлаш ҳаракатига тушган Тўлқиннинг йўлини тўсди.

— Қани, чўз пулни! — деди дўқ аралаш. — Бўл!

— Ўртоқ, кейинроқ берсам бўлмайдими? — ер чизди Тўлқин. — Ҳозир пулим йўғиди-да!

— Қиз боламисан? — Манноп жаҳли чиқиб унинг ёқасидан олди. — Нимага гаров ўйнадинг унда?

— Ишон, эртага топиб бераман пул. Алдамаяпман.

— Топиб бермасанг-чи?

— Ундами?.. — Тўлқин ўйланиб турди-да, дангал жавоб қилди. — Айтган ишингни қиламан.

— Бўпти, гап йўқ. Эртадан қолмасин!

Манноп шу лаҳзаданоқ ўзига янада қаттиқроқ ишона бошлади. Пул ҳар ишга қодир, пули бор одам ўзгаларга нисбатан дағалроқ, совуққонроқ бўлиши лозим экан деб ўйлади.

Улғайгач, албатта бойиб кетишни кўнглига тугиб қўйди.

Эртаси куни дарслар тугагач, Манноп тарбиячиларнинг кўзини шамғалат қилди-да, Тўлқинни судраклаганча бино орқасига ўтди.

— Қарзни тўлаб қўй! — дея синфдошининг икки елкасини сиқди у атрофга аланглаб. — Нега қараб турибсан? Бўлақол!

— Мунча сабрсизсан, ўртоқ? — йиғлагудек бўлиб норози ғудранди Тўлқин. — Кечгача чидасанг бўлмайдими? Қочиб кетмаяпман-ку!

— Йўқ, бунақаси кетмайди, — деди Манноп қўл силтаб. — Сўз бердингми, тамом, тўлаб қўй!

— Тўлай олмайман, пулим йўқ, — бўшашганча бош эгиб олди Тўлқин. — Айтавер, нима иш десанг бажараман.

Қаршисида синфдошининг айбдорларча бош эгиб туриши, худди кинолардаги асирга тушган аскар каби лаб-лунжи осилиб кетиши Маннопни янада руҳлантирди. Ҳалитдан ўзини ҳақиқий бойлардек тутгиси келиб қаддини ғоз тутган кўйи Тўлқинга буюрди.

— Эшшак бўлиб мени айлантириб келасан.

Тўлқин ҳеч нарсадан чўчимаса-да, Манноп кутилмаганда ташланиб қолиши, калтак еб у ер бу ери кўкаришидан қўрқаётганди.

Бу гапни эшитиб қувониб кетди.

— Гап йўқ, ўртоқ, эшшак бўлишга розиман!

— Қани, энгаш! — деди Манноп. — Икки минг сўм қарзинг ўрнига ўйингоҳни икки марта айланиб чопасан!

Тўлқин итоат билан энгашди ва Манноп бир сакраб унинг устига миниб олди.

Агар бу шунчаки ўйин бўлса, Манноп ҳозирчалик оғзи қулоғига етиб қичқирмасмиди. Айни паллада эса қарз эвазига эришилган «ҳузур» бошини буткул айлантириб қўйганди. Бироқ Тўлқин ҳар ҳансираб инқиллаганда қалбида дўстига нисбатан ачиниш ҳиссини туярди. Фақат… Ҳавас, қарзни ундиришга бўлган иштиёқ уни тўхтата олмасди.

Бир маҳал темир тўсиқ ортида новча, мўйловдор, юзларини тошма босган пиёниста эркак Маннопни чақира бошлади.

— Ҳой, бола, буёққа кел!

Манноп шу заҳоти Тўлқиннинг биқинига туртди.

— Эшшагим, ўша ёққа юр!

Етиб келишгач, эркак унга битта мингталик узатиб деди:

— Бориб дўкондан пиво опкелиб бермайсанми? Менга сотишмаяпти баччағарлар!

— Мен бандман, — дея юзини терс бурди Манноп. — Ўзингиз опкелаверинг!

— Ие, сен ғирт ярамас бола экансан-ку!.. Туш пастга! Қара, оғайнинг бўғриқиб кетибди.

— У нима дегани? — сўради Манноп пинагини бузмай.

— Чарчабди ўртоғинг дегани, туш унинг устидан! Инсофинг борми?

— Тушмайман! Бу ҳозир менинг эшшагим. Яна бир марта айлантиради.

— Туш дедим сенга! — эркак жаҳли чиқиб ичкарига ўтишга чоғланди. — Кимга айтдим!

— Тушмасам-чи? Урасизми?

— Ҳали сен шунақамисан, етимча? Ҳозир ўтсам калтак ейсан!

Эркакнинг сўнгги ҳақорати Маннопга оғир ботди. Зарда билан синфдошининг устидан тушди-да, жонҳолатда энгашиб қўлига каттакон тош олди.

— Ўзинг етимчасан, билдингми? Ҳозир бир уриб абжағингни чиқараман!

Эркакнинг кайфи тарангми, бир сакради-да, темир тўсиқдан ичкарига ўтди ва ҳануз гезариб турган Маннопнинг қулоғига ёпишди.

— Сен, муштдай бошингдан катталарга гап қайтарадиган бўлдингми? — деди у Маннопнинг қулоғидан қаттиқроқ тортиб. — Гапир, тирмизак!

— Қулоғимни қўйвор! — силтана бошлади Манноп йиғламсираб. — Қўйвор, ҳозир Нозима опамга айтаман сени!..

Нозима опа тарбиячиси эканини тушунган эркак унинг қулоғини қўйиб юборди-да, нари кетди.

— Тағин бир марта гап қайтаргин, нима қиларканман! — астойдил пўписа қилди эркак темир тўсиқдан қайтиб кўча тарафга ўтаркан. — Пачоқ қип ташлайман!

Манноп ҳам бўш келай демасди. Ўйингоҳнинг ўртасига қочиб бориб бор овозда қичқирди:

— Ҳали катта бўлиб бойиб кетай, сени қидириб топиб дабдалангни чиқараман! Роса эшшак қилиб минаман!

— Ҳе падарингга лаънат сени! — қарғана-қарғана йўлида давом этди эркак. — Бу кунингдан баттар бўлгин!

 

* * *

 

Пиёнистанинг гаплари Маннопга жуда алам қилди. Тағин онаси ёдига тушиб қовоғини уйганча бино бурчагидаги бетонга ўтириб олди. Шу тобда болалар уйидан яна қочиб кетгиси, тўппа-тўғри қабристонга бориб онаси билан гаплашгиси, пиёниста устидан шикоят қилгиси келди. Афсуски, Нозимага бўлган болаларча муҳаббати уни кетишга қўймасди. Агар қочиб кетса, Нозима албатта бошқасига тегиб кетишидан қўрқарди.

Қанча ўтирди, билмайди. Ўзи томон келаётган тўққизинчи синфда ўқийдиган бўйдор Валига кўзи тушиб даст ўрнидан турди.

Вали ҳам синфининг энг зўр муштумзўри. Буни Манноп ўз кўзи билан кўрган. У каратэ билан шуғулланаркан. Бир куни ўнтача болани бир ўзи калтаклаган.

Манноп катта муштумзўр яқинлашгач, унга қўлини узатди.

— Вали ака, яхшимисиз?

— Ие, сенмисан? — Манноп билан менсимайгина сўрашди Вали. — Бу ерда нима қилиб ўтирибсан? Ё қиладиган ишинг йўқми?

— Дарслар тугади-ку, ака! Дам олиб ўтирибман.

— Ҳадеб дам олаверсанг-чи, йигит, дангаса бўп қоласан.

— Нимага-а?.. Дангаса эмасман-ку!..

— Ёнингда пулинг борми? — сўради Вали Маннопга қаттиқроқ тикилиб.

— Йў-йўқ, — тутилиб жавоб қилди Манноп. — Ростданам йўқ, ака.

— Ёлғон гапиришни эплолмас экансан. Болалар айтишди, пулинг кўп экан. Қани, чўнтагингни кўрсат-чи, хумпар!

Манноп дарров ўзини орқага олди.

— Ака, рости… Энам берган пул бор, — деди у пул солинган чўнтагига қўл солиб. — Буни сизга бера олмайман.

— Э, қанақа эна? Энанг бўлса шу ерда яшармидинг, аҳмоқ? Нимага ёлғон гапирасан?

— Энам бор. Гўристонда ётибди. Чақирсам, бир зумда капалакка айланиб учиб келади.

— Жа опқочасан-да ўзингам! Ўлганлар қайтиб келмайди.

— Ҳечам-да! Сожида момо айтган. Ўлганларминан гаплашсаям бўларкан.

Маннопнинг соддалиги жиғига тега бошлаган Вали гапни кесди.

— Бўпти, ҳадеб сайрайверма!.. Короче, ҳозир кўчага ғизиллайсан-да, ўша пулларингдан пичасини олиб менга кола опкеласан. Тушундингми?

— Э, йў-ўқ, — норози бош чайқади Манноп. — Бу пулларга энам уй сотиб олишимни тайинлаган.

— Вей, жаҳлимни чиқараяпсан! У пулингга қайси аҳмоқ уй берарди? Опкеласанми, йўқми?

— Ака, бошқа иш айтинг, майли, бажараман!..

— Оббо, жа қайсар экансан-ку сенам! Бўпти, бир топшириқ бераман.

— Ростданми? — қувониб кетди Манноп. — Қанақа топшириқ, ака?

— Буёққа юр!

Вали уни темир тўсиқлар қаршисига бошлаб борди-да, йўлнинг нариги четидаги кичик бир дўконни кўрсатди.

— Кўрдингми дўконни? — сўради Вали. — Ҳов анави яшилга бўялган дўкон.

— Ҳа, ҳа, кўраяпман!

— Ташқарисига баклажкалар териб қўйилганиниям кўраяпсанми?

— Ҳа.

— Секин борасан-да, баклажкали коланинг биттасини билдирмай қўйинга урасан. Опкелиб қўлимга берасан.

— Сезиб қолса-чи?

— Уёғи сенинг муаммонг. Сездириб қўйиб қовун туширсанг, чўнтагингдаги пулингни ишлатасан.

— Бўпти, — деди бўшашиб Манноп. — Уддаласам керак. Қишлоқдаям кўп марта дўконлардан печенье ўмарганман. Хавотир олманг, ака!

— Кўрамиз абжирлигингни! Менга қара, агар-чи, шу топшириқни қойиллатсанг, сенга каратэни ўргатаман.

— Ростдан-а? Кейин менам каратэчи бўламанми?

— Бўласан, ука, бўласан. Қани, югур энди! Ҳали замон тарбиячиларинг чақириб қолишади. Бўлақол!

Манноп айни чоғда шу ишга қўл уришни сира хоҳламаётганди. Каратэчидан қўрқиши ўша тарафга юришга мажбур этди.

 

* * *

 

Катта йўл бўйида жойлашган бу дўкондан харидор узилмасди. Манноп одамлар орасида бироз уёқдан буёққа юриб ўзича ичимликлар, чекимликларни томоша қилган бўлди. Сотувчилар қўли қўлига тегмай савдо қилиш билан банд эди.

Эҳтиёткорона бориб олдин кўк қутичалардан бирини қўлига олди. Яқинда муаллимлардан бири шу чекимликни тутатиб турганда, Манноп тутун ҳидини ёқтириб қолганди. Муаллимга ҳаваси келиб, албатта чекиб кўришни кўнглига тугиб қўйганди.

Қутичани оҳори кетиброқ қолган костюмининг ички чўнтагига жойлади. Чўнтак тешилган экан. Қутича тешикдан астар орасига тушди.

У атрофга ўғринча аланглай-аланглай кола тўла баклажкага қўл чўзди. Яна ҳеч ким сезмади.

Баклажкани қўлтиққа урганча қаддини ростлади-ю, катта йўлга чиқди.

Шу тобда билагидан кимдир маҳкам сиқиб қолди. Манноп жонҳолатда орқага ўгирилди. Не кўз билан кўрсинки, оппоқ халатли ўрта яшар сотувчи унга нафрат аралаш тикилиб турарди.

— Ҳа, ўғривачча, — ўдағайлай кетди сотувчи. — Кола ичгилари кеп қолдими? Қани, буёққа чўз-чи!..

— Қўйворинг, қўйворинг! — силтанди Манноп. — Сотволдим буни пулимга! Ана, шеригингизга берганман пулни!

— Қайси шеригимга? Кўрсат уни!

Манноп сотувчи етагида дўконга кирди ва таваккал пештахта ортида турган сотувчи қизни кўрсатди.

— Мана шунга бердим.

Сотувчи шеригидан сўради:

— Рост гапираяптими бу бола? Сенга пул берганмиди?

— Йў-ўқ, — елка қисди қиз. — Бу болани биринчи марта кўриб туришим.

— Ҳа-а, қасамхўр! — Маннопни уришга чоғланди сотувчи. — Келиб-келиб мени алдамоқчи бўлдингми ҳали? Қани, юр, ҳойнаҳой болалар уйидан чиққан бўлсанг керак!

— Бормайман, қўйворинг! — ёлғондакам йиғлашга тушди Манноп. — Энди ўғирлик қилмайман, қўйвора қолинг, амаки!

— Қўйвориб бўпман! — деди сотувчи уни судраклаганча болалар уйи дарвозаси томон кетиб бораркан. — Адабингни тарбиячиларинг берсин! Бир додингни егин!

Манноп биларди. Ҳозир бу одам директор ҳузурига олиб киради. Директор эса жазо беради. Нари борса, ўйинлардан, телевизор томоша қилишдан маҳрум этади. Хўш, нима бўлибди? Қўрқмайди. Барибир бир кунмас бир кун шу иши учун дўконидан албатта кола ўғирлаб қочади. Кўрсатиб қўяди буларга ҳали!

У шуларни кўнглидан кечираркан, ёлғондакам йиғлашни ҳам бас қилди. Ёлғиз қолгач, чекимликни бир тутатиб кўришга аҳд қилди.

 

* * *

 

… Орадан беш йил ўтди. Манноп улғайди. Лекин ҳеч ким феълини ўзгартира олмади. Жазолар, насиҳатлар, маслаҳат-у ўгитлар бекор кетди.

Ўзгалар устидан кулиш бу ўсмирнинг қонига сингди. Чекимликка ўрганди. Майда ўғирликларнинг устасига айланди. Умри давомида қанча тутилиб, калтаклар, тепкилар остида қолмасин, қалбига алам ва нафратдан бўлак туйғу инмади.

Бугун эса барча тенгқурлари қатори болалар уйини тарк этади. Синфдошлари, ҳатто Тўлқиннинг ҳам қўлида ҳунари бор. Кўчада қолмаслигини, хор-зорликда умр кечирмаслигини билади. Фақат Маннопнинг парвойи фалак. Бу ҳақда ўйлашни ҳам истамайди. Чунки олдиндан тузган режаларига ишонади. Ҳануз пулдорга, ўғирлик оламида ягона ҳукмронга айланишдан умид қилади.

Тантанали маросим якунланиб, йигит-қизлар бир-бирлари билан қуюқ хайрлашгач, Манноп болалар уйи дарвозасидан чиқишга шошилмади.

Нозиманинг ёлғиз қолишини кутди. Ниҳоят Нозима гулдасталарни қўлтиқлаганча бино ичкарисига йўл олди.

Манноп югуриб ичкарига кирди-да, унинг йўлини тўсди.

— Вой, Маннопжон, ҳали кетмаганмидинг? — сўради Нозима жилмайиб. — Ўртоқларинг ётоқхонадан жой олишга кетишди-ку! Тағин сенга жой етмай қолмасин!

— Менга жой керакмас, — деди Манноп қовоқ уйиб. — Ўзим уй сотиб оламан.

— Ҳалиям ўша аҳдингдан қайтмадингми?

— Қайтмайман ҳам. Мен шунақа боламан.

— Зўрсан, Манноп, зўрсан! Хўш, мендан қандай ёрдам керак?

— Ваъдангиз ёдингиздами? — сўради Манноп ҳануз жиддий оҳангда.

— Қанақа ваъда? Негадир эслолмаяпман.

— Беш йил олдин менга турмушга чиқишга сўз бергансиз. Ўшанда катта бўлганимда эслатаман дегандим. Эсладингизми?

Бу гапни эшитиб, Нозима кулиб қўйди.

— Эсладим, эсладим, — бош силкиди у. — Унда бола эдинг-ку, Маннопжон! Ҳалиям унутмадингми ўша гапларни?

— Нозима опа, бу унутиладиган нарсамас. Хўш, нима дейсиз?

— Қўйсанг-чи, — қўл силтади Нозима. — Ахир, менинг икки фарзандим бўлса! Тўғри, оиламминан ажрашиб кетганман. Болаларимни ёлғиз ўзим катта қилдим. Аммо мен сендан анча каттаман, жоним. Ҳали ҳаётинг олдинда. Зўр қизлар йўлингдан чиқади. Мени бошингга урасанми?

— Сиз кўнглимни чўктираяпсиз, — деди тутоқиб Манноп. — Мен ваъдасини бузадиганларни ёқтирмайман.

— Қўй, ундай дема. Худо хоҳласа, опа-ука бўлиб қоламиз. Қачон кўргинг келса, бемалол келавер!

— Адашаяпсиз, — деди Манноп беихтиёр ортга тисланиб. — Мен шаҳардан каттакон уй сотиб олган куним сизни олиб кетишга келаман. Шу ёдингиздан чиқмасин!

Нозима унинг феълини яхши билгани сабабли ортиқ тортишиб ўтиришни хоҳламади.

— Майли, сен айтганча бўла қолсин, — дея суҳбатга якун ясаган бўлди. — Уй сотиб олгин-чи, ўзимнинг соддагинам, ўшанда кўрармиз!

 

* * *

 

Дарвозадан чиққач, Манноп беихтиёр туғилиб ўсган қишлоғи ёдига тушиб таққа тўхтади.

Кўз ўнгида икки ёнида мирзатераклар саф тортган анҳор, болаларга қўшилиб чўмилган қувур, сувоғи кўчиб тушган эски уй гавдаланди. Ўзи чангитиб катта бўлган қумлоқ кўчаларни соғина бошлади. Худди қабристонда онаси уни анчадан бери муштоқ кутаётгандек, бормаса, ҳол сўрамаса ранжийдигандек туюлиб юраги ҳовлиқди.

— Қишлоққа бормасам бўлмайди, — ўйлади ўзича. — Синфдошларимни кўраман, анҳорда чўмиламан. Энамнинг излари қолган ҳовлига бош суқаман. Ундан кейин шаҳарга қайтаман.

Шундай хаёллар билан автобусга ўтирди-да, қадрдон қишлоғига жўнади.

У ҳеч нарсани ўйламасди. Келгуси ҳаёт ҳақида қайғуришни хоҳламасди. Қандай бўлмасин, шаҳардаги энг катта ўғрибошига айлана олишига қаттиқ ишонарди…

Ана, анҳор ҳамон жойида турибди экан. Фақат суви камайиб қолибди, лойқаланибди. Бу сувда чўмилиб ҳам бўлмайди.

Манноп кимсасиз кўча бўйлаб қишлоқ ичкарисига кетаверди. Шу маҳал анҳордан сал наридаги дарахтзордан тракторчи Умрзоқ амаки чиқиб қолди.

Маннопга кўзи тушди-ю, қўлидаги кетмонни ерга қўйиб яқин келишини кута бошлади.

— Келаркансан-ку, қулоқсиз болагина! — деди Манноп етиб келгач, кўришиш учун бағрини очиб. — Отанг шўрлик кўзлари тўрт бўлиб ҳар куни сени кутади.

— Отам… Қамалиб кетди дейишганди-ку! — деди Манноп совуққонлик билан. — Ё…

— Э, нимасини айтасан? Ногиронлигигаям қараб ўтирмай қамаб юборишди. Буёғидан келсанг, ўзим ҳам бир йил мажбурий хизмат ўтадим. Сенларни деб, билдингми? Эсиз, эсиз… Икки ўртада сенга қийин бўлди-да, болам!

— Отам уйдами? — сўради Манноп негадир хавотирланиб. — Қамоқдан келганми?

— Ҳа, яқинда келди. Локигин-чи, ҳалиям ичкиликни ташламабди қуриб кетмагур. Бунинг устига уй ҳувиллаб ётибди. Тергайдиган одам йўқ. Биз гапирсак қулоқ солмайди. Бобиллаб беради. Болам, мана, кап-катта йигит бўлдинг. Ўтган ишларни унут-да, отангни парвариш қил. Беш кунлиги борми, йўқми, дуосини ол.

— Бе, — дея қўл силтади Манноп. — Пиёнистанинг дуоси нима бўларди, амаки? Ўйлаб гапираяпсизми? У мендан воз кечган. Тилхат ёзиб берганакан.

— Шаккоклик қилма, бола, — қўлини бигиз қилиб Маннопга пўписа қилди Умрзоқ тракторчи. — Нима бўлгандаям отанг!

— Бўпти, олдин кирай-чи!..

Манноп бу одам билан ортиқ талашиб ўтиришни ўзига эп кўрмади. Тезроқ уйга киришни, пиёниста отага бир боқиб кўришни, сўнгра тезроқ шаҳарга қайтишни маъқул билиб шоша-пиша хайр-маъзур қилди-да, йўлида давом этди.

 

* * *

 

Ҳовлидан Эшмирза пиённинг овози барала эшитилиб турарди. Манноп таққа тўхтади-да, ичкарига қулоқ тутди. Отаси астойдил шеър ўқир, ора-орада қотиб-қотиб куларди.

Ҳайрон бўлди. Бу нимаси? Қамоқдан қайтиб ақлини йўқотганми у? Нимага шеър ўқияпти? Бунақа одати йўқ эди-ку! Ҳа-а, кайфи ошгандан кейин одам нималар қилмайди. Шеър ҳам ўқийди, керак бўлса, сакраб рақс ҳам тушади. Телба қиёфасига кириб қолади.

Манноп аста ҳовлига қадам қўйди. Ота ток остидаги сўри ёнида қўлтиқтаёғига суянганча осмонга боқиб нуқул шеър ўқирди.

— Демак, оёғи ногирон бўлган экан, — ўйлади Манноп муштларини тугиб. — Шу одам менинг ҳаётимни барбод қилган. Энамни гўрга тиққан. Ҳаммамизни расвои олам қилган. Энди кенг уйнинг келинидек кайф-сафо қилаяптими? Йўқ, Худо жазосини берибди барибир. Ана, қўлтиқтаёғида зўрға турибди. Худди сал туртса йиқилиб тушадигандек…

Ҳа, унга қаттиқ гапирмайди. Бир марта башарасига тик боқади, вассалом! Кўчаларда хор бўлмаганини кўрсатиб қўяди. Тўрт мучаси саломатлигини намойиш қилади. Аламдан куйиб кетсин! Армонлар юрагини тилиб ўтсин!..

Эшмирза пиён ўғлига кўзи тушди-ю, шеър ўқишдан тўхтаб, базўр унга яқинлашди.

Манноп шундагина пайқади. Отасининг кўзлари аланг-жаланг, нуқул жавдирайди. Оғзи бир тарафга қийшайиб қолган, қийшайган тарафи учиб-учиб қўйяпти. Бунақасини телбаларда кўрган бир пайтлар.

— «Бу одам ростданам жинни бўп қопти», — кўнглидан ўтказди Манноп отасига нафрат аралаш қараб. — Бўлганича бўлибди. Яхшиям келганим. Дардларим арийди, аламларим пасанда бўлади. Чунки мен уни деб не азобларни кўрмадим. Кимлардан не ҳақоратларни эшитмадим. Қанча тунларни бедор ўтказдим, қалбим йиғлади, уни юпатадиган ҳеч кимим бўлмади…

— Ҳ-ҳа-а-а, келдингми, саёқ? Ё едингми таёқ?.. — Эшмирза пиён бир жойда чайқалганча кула-кула ўғлига боқиб тағин шеър тўқий бошлади. — Нега бақадай бақраюрсан? Ё ботқоққа сакраюрсан?..

Манноп қотиб туравергач, аста унга яқин келиб елкасини ғижимлади.

— Ҳа-а, биз ҳали сизларни кў-ўп ўқитадурмиз! Вей, керак бўлса-чи, товуққа айлантириб, катакда дон чўқитадурмиз!..

— Бас қилинг! — қичқирди Манноп. — Жим бўлинг!..

Шу кўйи титраб тургач, чўнтагини ковлаб ўзи бир умр кўз қорачиғидек асраб келган пулларни чиқарди-да, отасига тутқазди.

— Мана, ўша сиз мени ўғри қилиб уйдан ҳайдаганингиздаги пуллар! Аслида бу пуллар сизникимас. Энам раҳматли менга атаб беркитганди. Катта бўлсанг, уй сотиб оласан деб эди… Олинг! Нега қараб турибсиз? Олмайсизми?..

Эшмирза пиён пулларни титроқ аралаш қўлига олди-да, жиддий оҳангда сўради.

— М-мени ташлаб кетмоқчимисан?

— Ҳа, — деди Манноп йиғлашдан нари бўлиб. — Бу уйга сизни деб келмадим. Энажонимнинг ҳидларини димоғимда туяй дедим. Мана, ниятимга етдим. Яхши қолинг!..

Шундай деб Манноп сўнгги бор отасининг елкасига қоқди-да, ташқарига чиқиб кетди.

Бироздан сўнг отасининг ҳайқириғи қулоқлари остида жаранглай бошлади.

— Кетма, кетма!.. Отангни ташлаб кетяпсанми, ярамас? Кетма деди-и-им, кетма!

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here