Ўйлаб кўрдингизми? 2019 йил 4 октябр куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қиларкин?

0

 

 

ҚЎЙ (21. 03 — 20. 04)

Кун аввалидаёқ ишхонангизда сизга илгаригидан-да кучлироқ ҳурмат кўрсата бошлашса, сира ҳайрон бўлманг. Сиз ҳалол меҳнатингиз билан шундай ҳурматга лойиқ деб топилгансиз. Муҳаббатда эса аксинча жуфтингиз ёки бўлғуси жуфтингизга туйғуларингиз софлигини яна бир бор исботлашингиз зарур бўлади. Агар бу иш қандай амалга оширилишини ёддан чиқарган бўлсангиз, шоирнинг ишқий мавзуда битилган шеърларига эътибор қаратинг. Албатта эсингизга тушади.

 

БУЗОҚ (21. 04 — 21. 05)

 

4 октябр куни кичкинагина даромаддан умид қилсангиз бўлади. Бу мукофот ёки бажарилиши кутилаётган янги иш учун аванс бўлиши ҳам мумкин. Организмга зиён етказиб қўймаслик учун яроқлилик муддати ўтган маҳсулотларни ейишдан эҳтиёт бўлинг. Баъзида оч қолиш ҳам организмга фойда беради. Оилада ўз сўзингизни ўтказишга уринманг. Бу қариндошлар олдидаги ҳурматингизга путур етказиши мумкин. Кечқурун тоза ҳавода сайр қилишни унутманг. Омадингизни берсин!

 

ЭГИЗАКЛАР (22. 05 — 21. 06)

 

Бугун олдингизда мураккаб вазифа туради. Ҳамкасбларнинг кайфиятини жанговар ҳолатга келтиришингиз керак. Аммо бу вазифани бажаришда ҳеч кимга қўпол муносабатда бўлманг. Молиявий муаммоларни бартараф этишда бугун фақат ўз кучингизга суянишингиз керак бўлади. Жуфтингиз билан мулоқот жараёнида миянгизга ўзаро муносабатларингизга тааллуқли ажойиб ғоялар қуйилиб келиши кутилади.

 

ҚИСҚИЧБАҚА (22. 06 — 23. 07)

 

4 октябрда атрофдагилар, ишхонангиздагилар билан мулоқотда тилингизга маҳкам бўлишингиз талаб этилади. Тил улар билан орангиздаги муносабатларга путур етказиб қўйиши мумкин. Кун давомида соғлом турмуш тарзини кечиринг. Кўп ҳаракат қилинг, витаминларни кўпроқ истеъмол қилинг. Кечқурун анчадан бери миянгизда сақлаб келган ғояни ҳаётга тадбиқ этишингиз учун қулай имконият туғилади. Ўзингизни эҳтиёт қилинг.

 

АРСЛОН (24. 07 — 23. 08)

 

Бугун вақтни ортга қайтаришингиз керак бўлади. Яқин ўтмишни ёдга олиб битмай қолган ишларни битиринг. Кун бўйи ўзингизга ёқадиган одамлар билан мулоқот қилинг. Улар сизга фойдали маслаҳатлар беради. Шахсий муаммоларингизни ижобий ҳал этишда яқиндан ёрдам кўрсатади. Кечқурун хизмат сафарига жўнаб кетишингизга тўғри келиши мумкин. Сафар давомида файласуфона фикрларни ўртага ташлашдан тийилинг.

 

ПАРИЗОД (24. 08 — 23. 09)

 

4 октябр куни куннинг биринчи ярмида нотиқлик санъатингизни ишга солишингиз учун эҳтиёж туғилади. Бу санъатингиз иш битиришда, янги танишувларда жуда керак бўлади. Тадбиркорларнинг айримлари бугун йирик лойиҳалардан бирига катта пул тикишлари мумкин. Оиладаги йиғилиб қолган муаммоларни бартараф этиш жараёнида анча-мунча асаб ва куч сарфлашингизга тўғри келади.

 

ТАРОЗИ (24. 09 — 23. 10)

 

Тарози буржи остида туғилганларнинг олис сафарга отланганлари жуда эҳтиёт бўлишлари керак. Ёмонлардан йироқ бўлишга ҳаракат қилинг. Муҳим ҳужжатларни қайта-қайта кўздан ўтказишга эринманг. Эски қадрдонлар билан муносабатларда ҳам совуқчиликлар кўзга ташланади. Уларнинг қайсидир бири баҳслашиб туриб сизни ранжитадиган гап айтиб юбориши мумкин. Саломатликни мустаҳкамлаш масаласида зарур амалларни адо этишингиз зарур.

 

ЧАЁН (24. 10 — 22. 11)

 

4 октябрда истакларингиз бир дунё эканига гувоҳ бўласиз. Аммо уларни ҳақиқатга айлантиришнинг имкони бўлмайди. Дуч келган ишни амалга ошираверишдан сақланинг. Фақат нафи тегадиган ишларгагина қўл уринг. Серқатнов йўлларда эҳтиётингизни қилинг. Арзимас эҳтиётсизлик ҳам жиддий жароҳат етишига сабаб бўлиши мумкин. Пулларингизни тежаб ишлатиш ҳам ёдингиздан чиқмасин!

 

ЎҚОТАР (23. 11 — 21. 12)

 

Бугун эрталабдан уддабуронлик ва тадбиркорликка мойил жиҳатлар юзага чиқади. Ҳатто, яқинларингиз билан мулоқотда ҳам ўзингизни тадбиркорлардек, дипломатлардек тута бошлашингиз мумкин. Бировлар қарз сўраб келса, фақат қайтаришни чўзмайдиганларгагина беринг. Бугун ижод қилиш, севимли хоббингиз билан банд бўлиш ва романтик танишувлар муваффақиятли кечади.

 

ТОҒ ЭЧКИСИ (22. 12 — 19. 01)

 

4 октябр куни ишхонангизда зиммангиздаги вазифаларни аъло даражада адо эта олсангиз, кунингиз туққани ўша. Мукофот нақд деяверинг. Айримлар дангасалик домига тушиб қолиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Агар бир тийинсиз қолиб кетишни истамасангиз, шайтонга хай беринг ва ишчан одамга айланинг. Кечки пайт узоқ қариндошлардан бири ҳақидаги хабар кайфиятингизни бузиши кутилади.

 

ҚОВҒА (20. 01 — 19. 02)

 

Иш жойингизда ҳамма биладиган ва кўрган истеъдод қирраларингизни қайта намойиш этишга уринманг. Рўзғордаги муаммолар кечгача оёғингиздан олиши мумкин. Уларни тўлиқ адо этиш учун ишдан рухсат сўрашингизга тўғри келиши ҳам эҳтимолга яқин. Кечқурун сизнинг шаънингизга бир-биридан илиқ сўзлар ёғилиши кутилмоқда. Хасталанган қариндошлардан тез-тез хабар олиб турсангиз, савоби тегади. Оллоҳ сизга ёр бўлсин!

 

БАЛИҚ (20. 02 — 20. 03)

 

4 октябрда балиқ буржи остида туғилганлар табиатида инжиқликка ўхшаш жиҳатлар кузатилиши кутилмоқда. Бу ишингизга ҳам салбий таъсир кўрсатиши тайин. Куннинг иккинчи ярмида эса дўстларингиздан бири кайфиятингизни кўтарадиган гапларни айтади. Кечқурун ҳаммомга ёки саунага бориш ёқимли ва фойдали кечади.

Хушвақт бўлинг! Ҳаммавақт бўлинг!

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади

 

loading...