Ифторлик

0

Бугун қўшнисиникида ифторлик. Кеча «қўшни, вақтлироқ киринг, дастурхон тузашда ёрдамлашасиз» деб айтганди. Тушда эса яна боласидан айттириб юборибди. Қўшниникига чиқиб ошпазга ёрдамлашди, дастурхон тузашиб юборди. Нима хизмат бўлса қилди. Ифторлик вақти яқинлашганда у қандай қилиб секин уйга чиқиб кетишни ўйларди.
Оғиз очишга озгина вақт қолганда қўшнининг ҳовлисини тумонат одам босиб кетди. «Дастурхонга сув қўйдингларми? Чойларни дамлаб қўяверинглар», даврани бошқараётган устанинг овози баландроқ чиқа бошлади. Шу пайт узоқдан азон овози кела бошлади. Одамлар оғизларини очганда у ҳам сув ичиб олди ва яна хизматга шўнғиди. Меҳмонлар бироз таомланиб шом намози ўқиш учун қўзғалганларида у секин ҳеч кимга сездирмай кўчага чиқди ва уйига кетди…
Охирги йилларда ошқозонидаги яра туфайли у рўза тута олмаяпти. Маҳалладаги масжид имомидан бу ҳақида сўраганда «Соғлигинг тўғри келмаса тутмасанг ҳам бўлади. Соғайганингдан кейин кунига бир кундан тутиб берасан. Қачон соғайишинг номаълум бўлса фидя бериб қўявер» деди. Ўшандан бери рўза тута олмайди. Аммо унинг рўза тута олмай юрганини уйидагиларидан бошқа ҳеч ким билмайди. Сабаби, у гарчи рўза тутмаса-да одамлар олдида овқатланмайди. Уларга малол келмасин дейди.
Рўза тута олмагани учун маҳалладаги ифторларга ҳам чиқмайди. «Ифторлик рўзадорлар учун қилинади, мен рўза тутмай қандай уларни ризқига шерик бўламан» деб ўйлайди. Шунинг учун ҳам қўшнисиникида ифторлик дастурхонидан нарса ейишга тортинди…
Ифторлик тугаб меҳмонлар эҳсон соҳибининг ҳаққига дуо қилаётган вақтларида у ҳам уйида, жойнамоз устида Яратгандан ўзини ҳам, бошқа беморларнинг ҳам дардига шифо беришини, кейинги Рамазонларда рўза тутиш неъматини беришини сўраб ёлвориб дуолар қиларди…

Алп Арслон

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here