ИИВ орқа ён ойналарга парда тутилишини тақиқламоқчи

0

ИИВ автомобилларнинг орқа ён ойналарига парда илиш борасидаги баҳсларга уларни қонун йўли билан тақиқлаш орқали чек қўйиш ниятида. ЙПХ ходимлари узоқ йиллар давомида ҳатто болаларни қуёш нуридан сақлаш учун илинган пардалар учун ҳам ҳайдовчиларни жаримага тортишга ҳаракат қилар эди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги енгил автомобиллар орқа ён ойналарига парда ва бошқа буюмлардан фойдаланиш борасидаги баҳс-мунозараларга барҳам бериш ниятида. ИИВ муҳокама учун эълон қилган Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги ҳужжат лойиҳаси халқ томонидан айнан шундай тушунилди.

МЖТКнинг 126-моддасидаги «ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қўшимча нарсалар ўрнатилган ёки қопламалар суртилган транспорт воситаларидан фойдаланиш» қисмидаги «ҳайдовчининг ўрнидан» жумласини олиб ташлаш таклиф этилмоқда.

Ҳозирги ҳолатда: «Техник регламентга мувофиқ бўлмаган кўзгусимон ва (ёки) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали транспорт воситаларидан, худди шунингдек ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қўшимча нарсалар ўрнатилган ёки қопламалар суртилган транспорт воситаларидан фойдаланиш, бундан ойналар тусини ўзгартириш (қорайтириш) учун тегишли рухсатнома берилган транспорт воситалари мустасно…»

Таклиф этилаётган талқин: «Техник регламентга мувофиқ бўлмаган кўзгусимон ойнали, теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қўшимча нарсалар ўрнатилган ёки қопламалар суртилган транспорт воситаларидан фойдаланиш, худди шунингдек транспорт воситаларининг орқа ёки олд ён ойналарини тегишли рухсатномасиз тусини ўзгартириш (қорайтириш)…»

Ушбу талаб бузилгани учун жазо миқдорини ҳам қайта кўриб чиқиш таклиф этилмоқда. Биринчи марта қонун бузилгани учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида (2,23 млн сўм, жорий йил май ойидан — ЭКИҲнинг 25 баравари). Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баравари (3,345 млн сўм, ҳозирда — ЭКИҲнинг 40 баравари) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Транспорт воситаларининг орқа ва олд ён ойналарини тегишли рухсатномасиз тусини ўзгартириш (қорайтириш), -БҲМнинг 50 баравари (11,15 млн сўм), қонунбузарлик йил давомида такрорланса — БҲМнинг 70 баравари (15,61 млн сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Gazeta.uz

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here