Пинҳон қолган саҳоват…

0

Масжид йўлида ёнма-ён жойлашган гўшт дўкони (қассобхона) ва нонвойхона эгалари ёшликдан бирга катта бўлган, ҳозирда қўшни яшовчи икки дўст эди. Қассоб анчайин ўзига тўқ, нонвой эса ўртахол ҳаёт кечирарди.

Одатга кўра одамлар жума намозидан сўнг қайтишда дўконлар олдидан ўтар, нонвой эса бир тандир нонни одамларга текинга улашар, ортиб қолса ночор оилаларга тарқатар эди.

Бу иш одат тусига кирган, ҳамма нонвойни ҳурмат қилар ва ҳар дуода тилга олишар эди.

Кунлардан бир кун ёши катта отахон гўшт олгани дўконга келди ва гап орасида қассобга «ёнингдаги нонвойдан ўрнак олсанг бўлмайдими?» деб насиҳат қилди. Қассоб эса бироз табассум билан осмонга қараб: «Аллоҳ етказсин»,- дея жавоб берди.

Кекса отахон норози кайфиятда дўкондан узоқлашди.

Орадан кўп ўтмай қассоб касал бўлиб ётиб қолди.

Кейинги жума нонвой нон тарқатмади, сўраганларга қассоб касал ётганини айтди. Одамлар қўшнисини огʻир кунида ёрдам бергани учун нонвойни янаям кўпроқ ҳурмат қилишди-ю, нонвойхонадан узоқлашгач «ўзи қассоб ҳеч кимга яхшилик қилмагани етмагандай 2та бепул нондан ҳам қолдирди»,- дея норози бўлишди.

Қассобни ётиши ҳам узоққа чўзилмади. Кейинги жумага етмай жони узилди.

Бу жума ҳам нонвой нон тарқатмагач баъзи одамлар норози бўлиб «ўтган ҳафта эҳсон қилинадиган нонни пулини касал ётган қассобга берган, шунга нон тарқатмади дедик, индамадик. Қассоб ҳам оламдан ўтди, энди бугун нега нон тарқатмадинг?» деб сўраб қолишди.

Шунда нонвой «ҳар жума эҳсон қилиб тарқатиладиган бир тандир ноннинг пулини қассоб тўлар эди. Ўтган ҳафта касал ётгани учун сўраб боришга уялдим. Бугун эса у орамизда йўқ. Менинг аҳволимни биласизлар, ҳар ҳафта бир тандир нонни эҳсон қилишга қурбим етмайди!»- дея жавоб берди.

Одамлар эса ҳайратдан бир нонвойга, бир атрофидагиларга қараб аста секин тарқала бошлади.

Баъзилар эса қассобнинг жанозасида одам кам бўлганини эслаган бўлса, баъзилар жанозага атай бормаганидан пушаймон бўлди.

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here