Шавкат Мирзиёев “Captiva” совға қилган тожикистонлик деҳқон вафот этди

0

Тожикистоннинг Турсунзода шаҳрида асли олтиариқлик уста деҳқон фарзанди Камол ҳожи Мадумаров 80 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Тожикистон президенти матбуот хизмати хабар қилди.

Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмон деҳқоннинг катта ўғлига қўнғироқ қилиб, чуқур ҳамдарлик билдирган.

Хабарда Камол Мадумаров умри давомида мамлакат қишлоқ хўжалиги соҳасини, айниқса, боғдорчилик ва узумчиликни ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшгани таъкидланган.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Тожикистонга ташрифи давомида Эмомали Раҳмон билан Турсунзода шаҳридаги “Боғи сомон” деҳқон хўжалигига ташриф буюрган эди. Ўзбекистон президенти узумзор боғ ва маҳсулотлар омборини кўздан кечириб, Камол Мадумаровга мамлакатда ишлаб чиқарилган “Captiva” автомашинасини совға қилган эди.

Камол ҳожи Мадумаров асли олтиариқлик уста деҳқон фарзанди. У ота касбини давом эттириб, эл орасида обрў топган. Хўжалик узумзори 500 гектарни ташкил этади. Ўнга яқин навдаги ширин ва ҳосилдор узумлар довруғи бутун минтақага таралган.