Конфуций институти ўқитувчилари Қуролли Кучлар академиясида

0

Ўзбекистоннинг бугунги кунда олиб бораётган очиқ ва фаол ташқи сиёсати дунёнинг етакчи мамлакатлари билан барча соҳаларда, айниқса, таълим йўналишидаги ҳамкорликда кўпроқ ўз аксини топмоқда.

Шунга монанд, Ўзбекистон Қуролли Кучлари академияси ҳам дунёнинг нуфузли олий таълим марказлари ва ҳарбий академиялари билан фаол ҳамкорлик олиб бораётир.

Хитой, Россия, АҚШ, Буюк Британия, Туркия каби давлатлардан ташриф буюрган мутахассислар томонидан ҳарбий таълим тизимини такомиллаштириш, ўқитувчиларни замонавий методика ва таълим стандартлари билан таништириш бўйича қатор маҳорат дарслари ва машғулотлар ўтказиляпти. Бу эса академия профессор-ўқитувчилари, тингловчи ва курсантларнинг билим савияси ва дунёқарашининг янада ўсиши, бугунги глобаллашув даврида уларнинг замонавий қарашларини тўғри шаклланишига хизмат қилмоқда.

Академияда шу кунга қадар кўплаб халқаро тиллар ўқитилиб келинар эди. Эндиликда бу тиллар рўйхатига хитой тили ҳам қўшиладиган бўлди. Шу муносабат билан Хитой халқ республикасининг юртимиздаги элчихонаси вакиллари ва Конфуций институти ўқитувчилари академияга ташриф буюрди. Улар иштирокида очилажак ўқув курсининг тартиб-таомили, даврийлиги ва аҳамиятига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувдан сўнг меҳмонлар Қуролли Кучлар академияси билан яқиндан танишди ва юртимизнинг олий ҳарбий таълим тизимига муносиб баҳо беришди.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ,

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти