Отабек Умаров: «Триатлон — бу ҳали бошланиши»

0
Ўзбекистон триатлон федерацияси раҳбари Отабек Умаров мазкур спорт турининг ривожланиши учун қилинаётган ишлар ҳақида маълум қилди.
«Азиз дўстлар, қадрли ҳамкасблар! ⠀


Куни кеча Осиё минтақасида триатлонни ривожлантириш бўйича ёзган янгилигимдан сўнг изоҳлар ва direct (шахсий хабарда) орқали жуда кўплаб самимий ва илиқ сўзларни қабул қилиб олдим. ⠀

Соғлом турмуш тарзини ёқлаётганликлар сони тобора ошиб бораётгани мен учун ҳам қувонарли ҳолатдир. Спорт инсонга нафақат куч-қувват бериб руҳини мустаҳкамлайди, балки ҳаёт жадаллигини ҳис этиш, доимо ҳаракатда бўлиб олдинга интилишга чорлайди. ⠀

Ҳар бир ёзган сатрларингизни миннатдорлик ҳисси билан ўқир эканман, янада олға қадам босиш, спортнинг турли йўналишларини тараққий эттиришга рағбат оламан. ⠀

Триатлон — бу ҳали бошланиши. Ўз талаб ва таклифларингизни ёзиб қолдиринг. Қайси спорт тури билан шуғулланишингиз ҳақида батафсил сўзлаб беринг. Биргаликда кўп нарсага қодир эканлигимизга ишонаман. Барчамиз соғлом ва бахтли бўлишимиз учун, фарзандларимиз ўзларига ишонч, қатъият ва мустаҳкам феъл-атвор билан вояга етишларини биргаликда таъминлайлик!», дея instagram’даги саҳифасига ёзган Отабек Умаров.

Илгари юртдошларимиз орасида кўпчилик триатлон деган спорт ҳақида билмас эди. Унинг ёзги Олимпия ўйинлари дастурига киритилганидан бохабар эканликларини-ку айтмаса ҳам бўлади. Шунга яраша ушбу спортнинг оммабоплиги ва ривожи ҳам у қадар улкан бўлмаган. Бироқ сўнгги пайтлар мухлислар ушбу спорт тури ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишмоқда ва юртимизда ўтказилаётган триатлон турнирлари унинг равнақи янада жадал суратларда боришини таъминламоқда.

Куни кеча Тошкентда ўтказилган Марказий Осиё триатлон ассоциациясининг йиғилиши минтақадаги федерацияларнинг ўзаро жамжиҳатликда фаолият олиб бориши, ҳамкорилкда халқаро мусобақалар ташкил этиш каби устувор мақсадларни ўзида мужассамлаштирди. Йиғилиш давомида келаси йилнинг 3 май куни Чимкент-Тошкент йўналиши бўйича илк халқаро мусобақа ўтказиш бўйича қарор қабул қилинган эди. Айни пайтда ушбу мусобақанинг низоми ишлаб чиқилмоқда. Унга кўра, иштирокчилар Чимкент шаҳрида старт олиб, ушбу шаҳарда сузиш беллашуви ўтказилади. Сузиш баҳсидаги масофа 1, 1.1 ёки 2 километр, ундан сўнг Чимкентдан Тошкентгача 111 ёки 121 километрлик велопойга ва ниҳоят шаҳримизнинг ўзида 11 километр масофага югуриш пойгаси бўлиши кўзда тутилган. Ҳозирда баҳсларнинг қайси йўналиш ва кўчалар бўйлаб ўтиши кўриб чиқилмоқда.

Мазкур мусобақа 4 октябрь санасида Марказий Осиё давлатлари ўртасида триатлонни янада ривожлантириш, миллий федерациялараро ўзаро ҳамкорликни кучли йўлга қўйиш, биргаликда халқаро мусобақаларни ўтказиш бўйича имзоланган мемoрандумнинг амалдаги илк намунаси бўлади.

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here