Тошкентда автомобиль газ қувурига тўқнашиб кетди (видео)

0

“ВАЗ-2106” автомобили тўхташ тизимидаги носозлик сабабли газ қувурига тўқнашиб кетди.

5 октябрдан 6 октябрга ўтар тунда Мирзо-Улуғбек тумани Чахбуд кўчасида 25 ёшли Хусниддин Х. “ВАЗ-2106” русумли автомобилни бошқариб туриб, газ қувури тагидаги устунга тўқнашган, деб хабар бермоқда Тошкент шаҳар ИИББ.

ФВВ ёнғин хавфсизлиги бошқармасининг маълумотига кўра, ЙТҲ сабабли газ қувурининг бутунлигига зиён етиб, газ-ҳаво аралашмасини ўт олиши содир бўлган. Ёнғин ҳақидаги хабар 101 рақамига соат 1:41да келиб тушган. Соат 1:49да воқеа жойига ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари етиб келиб, 2:30да ёнғин тўлиқ бартараф этилган. Ҳодиса сабабли жабр кўрганлар ва қурбонлар бўлмаган.

Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ маълумотларига кўра, ЙТҲнинг ҳозиргача маълум сабаби: автомобилнинг тўхташ тизимидаги носозлик.

Ушбу ҳолат асосида “ВАЗ-2106” русумли автомобиль ҳайдовчисига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 134-моддасига (“Ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши транспорт воситаларининг ёки бошқа мол-мулкнинг шикастланишига олиб келиши”) мувофиқ маъмурий жавобгарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилган.

UzNews.uz