Эҳтиёткор…

0

Бир эркак хотинининг олдига кирса, хотини йиғлаётган экан. Йиғи сабабини сўраганида, хотин: – Рўмолсиз турганимда дарахт устидаги қуш кўриб қолди. Бу ҳолатим Аллоҳга нисбатан гуноҳ содир қилишдир,- деди. Эр хотинидаги иффат ва Аллоҳдан қўрқишидан хурсанд бўлиб кетиб, унинг пешонасидан ўпди-да, болта олиб келиб, дарахтни кесиб ташлабди.
Бир ҳафтадан кейин уйига ишдан барвақт қайтса, хотинини бегона ўйнашининг қўйнида ухлаб ётган ҳолда топибди. Шунда эр ҳеч нарса қилмасдан, фақат зарур нарсаларини олиб, шаҳарни тарк қилиб, чиқиб кетибди. Йўл юриб, узоқ бир шаҳарга етиб келди. Қараса одамлар подшоҳ қасри олдида тўпланиб туришган экан. Улардан тўпланиш сабабини сўраган экан, одамлар: «Подшоҳнинг хазинаси ўғирланди»,- дейишибди. Шу вақт оёқлари учида эҳтиёт бўлиб юриб кетаётган қария ўтиб қолибди. Бу одам ким бўлади?- деб сўраган эди, одамлар: «Бехосдан чумолиларни эзиб қўйиб, гуноҳкор бўлиб қолишдан хавфсираб, оёқлари учида юрадиган қария»,- деб айтишди. У киши: «Аллоҳга қасамки, ўғрини топдим, мени подшоҳга олиб боринглар»,- деди. Подшоҳга олиб боришгач: «Хазинангизни ўмарган ўша қариядир. Агар айтганим тўғри чиқмаса, бошимни танамдан жудо қилаверинг»,- деди. Шундан кейин аскарлар қарияни олиб келишди. Суриштирув, сўроқлардан сўнг, қария ўғри эканини тан олди.
Подшоҳ: «Бу қариянинг ўғри эканини қаердан билдинг?»- деб сўраган эди, у киши: «Эҳтиёткорлик ва фазилатли сўзлар ҳаддан ошиб кетса, билингки, унинг ортида қандайдир жиноят яширинган бўлади»,- деб жавоб берди.