Яман терма жамоаси устози: «Шомуродовни тўхтатишга ҳаракат қиламиз»

0
ЖЧ-2022 саралаши доирасидаги Ўзбекистон – Яман учрашувидан олдинги матбуот анжуманида дастлаб меҳмонлар устози Сами Ҳасан Ал Наш ва жамоа дарвозабони Салим Авад иштирок этишди, дея хабар беради СА нашри.

«Биринчи навбатда матбуот анжуманига келганинглар учун раҳмат айтаман. Эртанги баҳс иккала жамоа учун ҳам муҳим. Эртага Ўзбекистоннинг устунлиги ўз мухлислари қаршисида ўйнашида. Биз олдинги икки ўйинда бўлгани каби яхши ўйнашга ва Тошкентдан ижобий натижа билан қайтишга ҳаракат қиламиз», – деди бош мураббий.

– Яман терма жамоаси сўнгги бор Тошкентга келганида Ўзбекистонга жиддий қаршилик кўрсатганди. Шундан кейин терма жамоа ўйин услуби, таркибида ўзгаришлар бўлдими?
– Бугунги кунда таркибимизда кўплаб ёшлар бор. ЖЧ-2022 саралашидаги дастлабки икки ўйинда 3 нафар тажрибали футболчилар ўйнай олишмади, улар эртага майдонга тушишади.

– Сиз Ўзбекистон терма жамоасини яхшилаб ўргангансиз, бунга шубҳа йўқ. Нима деб ўйлайсиз Ўзбекистон футболи ривожланишдан тўхтаганми ёки нотўғри йўналишда кетаяптими?
– Ўзбекистон ҳалигача Осиёнинг етакчи давлатларидан бири. Тўғри балки сўнгги ойларда жамоанинг ўйинида пасайиш бўлгандир, аммо барибир Ўзбекистон кучли жамоа ҳисобланади.

– Яман дастлабки икки ўйинда дуранг ўйнади. Эртанги баҳсда очко олсангиз етарлими ёки фақат ғалаба учун ўйнайсизми? Гуруҳимиздаги энг кучли жамоа қайси?
– Айтиш мумкинки эртанги баҳсда иккала жамоанинг имконияти бир хил. Гуруҳда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони нисбатан кучлироқ. Ўз майдонимизда яна 3та ўйин бор, ўша ўйинларда кўпроқ очко олишга интиламиз.

– Яман сиёсий вазият туфайли ўз уй ўйиинларини Баҳрайнда ўтказишга мажбур бўлмоқда. Бу футболчиларга қанчалик қийинчилик туғдиради?
– Тўғри айтдингиз, нейтрал майдонда ўйнашга мажбур бўлмоқдамиз. Йиғинни Саудия Арабистонида ўтказаяпмиз ва ўзимизни уйдагидек ҳис қилаяпмиз. Сабаби бу ерда кўплаб мухлиисларимиз бор. Аммо ҳеч нарса Яманда ўйнашимизга етмайди.

– Фаластин билан ўйииндан сўнг Ўзбекистон терма жамоасида бош мураббий ўзгарди, катта эҳтимол билан тактика ҳам футболчилар ҳам ўзгаради. Бу борада қандай фикрдасиз?
– Жуда яхши савол. Янги мураббий келганидан кейин тактика ўзгариши аниқ. Эртага бизда барчаси яхши бўлишига умид қиламиз.

– Элдор Шомуродов «Ростов» сафида ажойиб ўйин намойиш этмоқда ва кетма-кет голлар урмоқда. Эртага уни тўхтатиш учун нимадир ўйлаб қўйдингларми? Умуман Яман ҳимоявий ўйнайдими ёки ҳужумкор?
– Ўзбекистон терма жамоасида техник кучли бўлган футболчилар жуда кўп. Айнан Шомуродов ҳақида гапирадиган бўлсам, бўйи баланд бўлган, жисмонан кучли футболчи, айниқса жарима майдони ичида у тез ҳаракат қилади. Уни тўхтатиш учун қўлдан келганича ҳаракат қиламиз.

– Ўзбекистон терма жамоасида янги мураббий келганидан сўнг расмий ўйин ўтказгани йўқ. Рақибни қайси ўйинга қараб ўргандингиз?
– Ҳар бир жамоа рақибидан келиб чиқиб ўйнайди. Айтиб ўтдим, Ўзбекистон учун алоҳида ўйлаб қўйган тактикамиз бор.

«Беш йилдан буён Яманда чемпионат ўйинлари ўтказилмаяпти. Шу боис бизга қийин бўлади. Аммо ҳозирги бош мураббий яхши жамоа туза олган, эртага Яман футболи нималарга қодирлигини кўрсатмоқчимиз», – деди дарвозабон Салим Авад.

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here