Қуролли Кучлар академиясида Россия Мудофаа вазирлиги билан йиғин ўтказилди

0

Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясида «Россия Мудофаа вазирлиги бўлинмаларида молиявий таъминот» мавзусида ўқув-услубий семинар машғулоти ўтказилди.

Унда Россия Мудофаа вазирлиги молиявий режалаштириш департаменти директори Максим Лоскутов, мазкур департамент бўлим бошлиғи Виктор Качаев, Россия Мудофаа вазирлиги ижтимоий кафолат департаменти директори Юлия Яркоева, Россия Мудофаа вазирлиги моддий-таъминот департаменти директори ўринбосари Алексей Чарковдан иборат делегация ушбу мамлакатда тўпланган соҳавий тажрибалар билан ўртоқлашди.

Делегация вакиллари Россия Қуролли Кучларининг асосий бюджет параметрлари ва базавий молиявий харажатлар кўрсаткичларини шакллантириш, тартибга солиш босқичлари, бу борада меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, мамлакат Бюджет кодексига асосан, молиявий хизматлар кўрсатиш, бухгалтерия ҳисоби, ҳисоботи ва қайдномаларини юритиш, ҳарбий саноат, молия ва иқтисодиёт тармоғидаги фаолиятнинг ўзига хосликлари юзасидан атрофлича маълумот берди.

Мавзуга доир тақдимотларда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоялаш, иш ҳақи, хизмат сафари, компенсация тўловлари, нафақа ва бошқа молиявий режаларнинг методологик таъминоти турли график ва жадвалларда акс эттирилди. Семинар машғулотини юртимиздаги турли ҳарбий округ мутахассислари видеоконференц-алоқа орқали онлайн тарзда кузатиш имконига эга бўлди.

– Россия – федераль мамлакат. Шунга кўра, федераль бюджет лойиҳасини шакллантиришда ҳам қатор ўзига хосликлар кўзга ташланади. Бугунги тадбирда Россия Федерацияси Қуролли Кучларида ягона штатлар тарификацияси сиёсатини амалга ошириш, электрон бюджет статистикаси каби жиҳатлар эътиборимни тортди, – дейди Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги молия-иқтисодиёт бўлими бошлиғи майор Нодир Ҳайдаров. – Ўйлайманки, бу каби ўқувлар ўзаро тажриба алмашиш, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Тадбир якунида семинар иштирокчилари хорижлик мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти

 

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here