“АЖДАҲО” ЧАНГАЛИДА… (5-қисм)

0

 

 

* * *

 

Бало келса ботмонлаб келади дейишгани рост экан. Еган калтакларининг зарби, очлик камлик қилгандай муздай сув Йўлдошнинг жонидан ўта бошлади. Аксига олгандек, сув яна бир-икки чақиримдан сўнг пастга — худди дарё каби поёнсиз кенгликка шаршарамисол тушиб кетишини кўргач, адойи тамом бўлаёзди. Чунки, агар ўша пастликка у ҳам сув билан бирга қуласа, тирик қолиши даргумон. Пастликда қандай тошлар борлиги ёлғиз Худога аён.

Йўлдош бошини кўтариб қирғоққа умидвор термулиб бораверди. Қани энди бирор тирик жон кўриниса-ю, қутқариб қолса! Ўзи… Ўзининг қўллари кишанли. Қандай қирғоққа сузиб чиқсин-у, ўт-ўланга тирмашиб бўлса-да, жонини асраб қолсин…

— Ҳой, сингил, мени қутқаринг!.. — анча нарида челакка сув олаётган аёлга кўзи тушиб овозининг борича қичқирди Йўлдош. — Қутқаринг! Чўкаяпма-ан!..

Аёл унинг товушини эшитдими-йўқми, билмайди. Фақат… Челагини шоша-пиша қирғоққа қўйди-да, ўзини анҳорга отиб ҳозиргина ёнидан оқиб ўтган Йўлдошнинг оёқларидан ушлаб олди.

— Қўрқманг, ҳозир чиқариб оламан сизни! — кўзлари ола-кула бўлганча оқиб бораётган Йўлдошга бақирарди аёл. — Ана, ҳов анави дарахтга яқин келайлик!..

Орадан ўн дақиқалар ўтиб, Йўлдош халоскорининг ўтовида қалин чойшабларга ўралиб ўтирарди…

У сал ўзига келганини ҳис этди. Айниқса, аёл унга кетма-кет қайноқ чой тутгандан сўнг сал бадани қизиб бемалол ўтов ичини кўздан кечира бошлади.

— Вой, Худойим, яхшиям йўлингиздан мен чиқиб қолдим-а! — деди аёл бош чайқаб. — Бўлмаса, тағин икки чақиримлар оқиб борсангиз, уёғига… Худо асрасин-э!..

Йўлдош дастурхонга қўйилган гўштдан бир бўлагини иштаҳа билан тушириб, пиёладаги чойдан ҳўплагач, аёлга зимдан назар солди. Бека нари борса ўттизларга кирган, оқ-сариққина, лаблари қалин сочлари, киприклари узун, гапирганда фақат ерга боқиб гапирарди.

— Сиз тоғда бир ўзингиз яшайсизми, нима бало? — ниҳоят сўрашга жазм этди Йўлдош.

— Ҳа, бир ўзим.

— Болаларингиз-чи? Улар қаерда?

Аёл бошини кўтариб Йўлдошга бир қараб қўйди-ю, қайтадан ер чиза бошлади.

— Йўқ… Менинг болаларим йўқ.

— Нега? Турмушга чиқмаганмисиз?

— Чиққандим. Аммо бундан беш йил олдин уни… Қўй боқиб юрганда бўрилар ғажиб кетишган…

— Сиз-чи?.. Унда нимага қўрқмасдан яна шу ерда яшаяпсиз?

— Менми?.. Эримнинг руҳи олдида сўз берганман. То тирик эканман шу ерда яшаб ўша бўрилардан ўч оламан деб…

— Хўш, биронта бўрини ўлдирдингизми?

— Ҳозирча йўқ. Лекин барибир бир кун мақсадимга етаман.

— Жуда қатъиятли аёл экансиз. — деди Йўлдош. — Унча-мунча аёл бундай кескин, хавфли қарорга кела олмайди…

— Вақт ҳам кеч бўп қолди. — У бу ҳақда ортиқ гаплашишни истамади чоғи, даст ўрнидан турди. — Сизга анави бурчакка жой тўшаб қўйдим… Айтганча, қўлингиздаги кишан қани?

Йўлдош кулиб юборди.

— Кишанми? Сиз овқат тайёрлагунингизча қийналсам ҳам бир амаллаб халос бўлдим.

— Хайрият, халос бўлганингиз яхши бўпти. Майли, яхши ётиб туринг!..

 

* * *

 

Йўлдошнинг баданларидаги оғриқ негадир кучайиб борарди. Аёлга сездирмаслик учун ҳар оғриқ турганда лабларини маҳкам тишлаб ётди. Бироқ ўтов бекаси ҳушёрга ўхшайди. Қалин қилиб тўшалган ўрнида қоронғилик қаъридан бурчакдаги Йўлдошга билдирмай тикилиб ўтирди. Охири тоқати етмади чоғи, ўрнидан туриб пилта чироғини ёқди.

— Оғрияптими? — оҳиста сўради у Йўлдошнинг тепасига келиб. — Ҳозир ёғ суриб қўяман.

— Й-йўғ-э, шарт эмас. Ўтиб кетади. Шундоғам менга катта яхшилик қилдингиз. Бемалол ухлайверинг!

— Кимдир қаршимда инқиллаб турса, уйқум қочади. — ўзича ҳазил қилган бўлди аёл. — Ҳозир…

— Кечирасиз… Исмингиз нима? — қайсидир идишдан қўй ёғи олаётган аёл томон ўгирилиб сўради Йўлдош.

— Ойгул… Қаранг, сизникиниям сўрамабман.

— Меники Йўлдош.

Ойгул ҳаш-паш дегунча пиёлада ёғ келтириб эҳтиёткорлик билан Йўлдошнинг яраларига сура бошлади…

Шу маҳал… Йўлдош ғалати бўлиб борарди. Ким билсин? Балки анчадан бери баданига аёл қўли тегмаганидандир?.. Билмайди. Ишқилиб, Ойгулнинг дағал кафтлари танасига шу қадар ҳузур бағишлай бошлагандики, шайтон домига тушиб уни қучоқлаб қолишдан зўрға ўзини тийиб турарди. Аксига олиб Ойгул энгашиб кафтларини тананинг уёғидан-буёғига силжитган сари кўйлаги ичидан кўриниб қолаётган оппоқ, нақ кичик чинни косадай кўкракларига кўзи тушган Йўлдош адойи тамом бўлаёзганди…

— Йўқ, мен бундай қилмаслигим лозим. — дерди қалби. — Шунча пайтдан бери оиласига содиқ бўлиб келган одам охиригача шундай қолиши шарт. Мен ҳозир бу ёлғиз аёлга ёпишсам, гуноҳга ботаман… Йўқ, кейин Мавжудамнинг кўзларига қандай қарайман?.. Эҳ, нима ўзи бу?.. Нега аёл қўли теккани сайин аъзойи баданиб қизиб бораяпти? Юрагим безовта бўлаяпти?..

— Сал юмшадими ярангиз? — Йўлдош Ойгулнинг кутилмаган овозидан чўчиб кўзларини очди.

— Н-нима дедингиз?

— Ярангиз юмшадими бироз деяпман.

— Ҳ-ҳа… Оғриқлар пасайди ҳисоб. Раҳмат сизга! Энди… Безовта бўлмай бемалол ухлайверинг!

— Хўп, ўзингиз ҳам кўзларингизни юма қолинг! Яхши ётиб туринг!..

 

* * *

 

Эрталаб кўзини очганда Йўлдош ўзини анча енгил ҳис этарди. Оғриқлар ҳам пасанда бўлгандек, танасидаги чарчоқ нари кетгандек эди…

У секин ўрнидан туриб Ойгул томон қаради. У дастурхонга қайнатилган гўшт тортган, ўзи индамайгина ўтириб чой шопирарди.

— Яхши ётиб турдингизми? — Йўлдошнинг ўрнидан қўзғолганини пайқаб сўради Ойгул. — Оғриқлар безовта қилмадими?

— Йўқ, сиз сурган ёғ таъсир қилиб ўликдай ухлабман ўзим ҳам.

— Энди нима қилмоқчисиз?

— Билмадим. Бошим қотган… Дуч келган тарафга қараб йўл солсам керак.

Ойгул чойнакни жойига қўйди-да, ўрнидан турди.

— Мен сиз тўғрингизда ҳеч нарса сўрамадим ҳам. Ўзи… Қандай қилиб анҳорга тушиб кетдингиз?

— Э, ёмон одамларнинг қўлига тушиб қолдим. Шу яқин орада ўтов бор экан. Худди сизникига ўхшаган. Ўша ерга олиб келиб… Аввал асалариларга талатмоқчи, сўнгра қийнаб ўлдириб юбормоқчи бўлишди. Мен бўлсам, йўлини топиб ўзимни анҳорга отдим.

— Ўтов дедингизми? — беихтиёр ҳушёр тортди Ойгул. — Адашмасам, бу яқин атрофда ҳеч қанақанги ўтов йўқ.

— Бор экан. Атрофи худди манави ерлар каби ям-яшил ўтлоқ.

— Юринг, унда ўша ерни бориб кўрамиз! Ё… Қўрқасизми?

— Қўлимда қурол бўлганда-ку, боплаб улардан ўч олган бўлардим-а! Афсуски, у иттумшуқлар қуролимниям тортиб олишди.

— Қуролдан кўнглингиз тўқ бўлсин. — кулди Ойгул. — Менда бор. Эрим раҳматлидан қолган ов милтиғини асраб қўйганман. Ўша милтиқминан бўрилардан қасос олмоқчи бўлиб юраман доим. Аммо ҳалигача биронтаси кўзимга учрамади…

Йўлдош қурол дарагини эшитгач, безовталаниб қолди. Ахир, қўлингда қуролинг бўлса, яшириниб-писиб Маллани тинчитиш ва шу йўл билан ўч олиш мумкин. Ҳа, энди осонликча қўлга тушиб берадиган аҳмоқ йўқ. Адабини беради-да, сўнгра боши оққан томонларга йўл олади…

— Бўпти, унда ўша қуролингизни олсангиз. Мен сизни ўша ўтовга олиб бораман.

— Аввал нонушта қилиб олинг. Бориш қочмас…

Нонуштадан сўнг икковлашиб анҳор ёқалаганча йўлга тушишди. Қуёш бўлишига қарамай, бу ерларда доимо муздек шабада эсиб турар, айниқса, анҳор ёқаси жонга ҳузур бахш этарди…

Улар чамаси йигирма чақиримча йўл босишди. Ниҳоят Йўлдош кечагина ўзи бойлаб қўйилган дарахт рўпарасига келиб тўхтади.

— Мана шу ерда эди ўтов. — деди қуп-қуруқ кенгликка ишора қилиб. — Лекин…

— Вой, бу ерда ҳеч нима йўқ-ку!.. Аниқ шу ерлармиди? Адашмаяпсизми?

— Ҳечам. Манави дарахтга мени бойлаб кетишди. Кейин…

У тимирскиланиб қум остидан учи кўриниб турган сопсиз пичоқни қўлига олди.

— Мана, худди шу пичоқминан арқонни кесганман… Қизиқ, ўтов қайгағойиб бўлди?.. Ахир… Юринг, яқинроқ борайлик-чи!..

Ойгул қаршилик билдирмай унинг кетидан юрди.

Ҳақиқатан, ўтов ўрнида турли консерва идишлари-ю, гўштдан тозаланган суякларгина сочилиб ётарди.

— Ие, мана менинг тўппончам! — идишлардан бири остида ётган тўппончани қўлига олиб қичқирди Йўлдош. — Худди ўзи. Оббо ярамаслар-ей, тўппончани нега қолдириб кетишдийкин?.. Ҳеч нарсага тушунмаяпман, Ойгул!..

Ойгул бир муддат ўйга толди. Очиғи, ҳозир у беихтиёр ваҳима исканжасида қолганини ҳис этиб турар, Йўлдошнинг кетиш ҳақидаги қарорини эшитиш онлари яқинлашгани сайин юраги орзиқарди…

— Энди нима қилмоқчисиз? — сўради у ўйчан оҳангда. — Кетасизми?

— Ҳа, кетмасам бўлмайди. Бу ерда қолишим… Умуман, сизга катта раҳмат! Мени ўлимдан олиб қолдингиз. Қорнимни тўйдирдингиз. Хуллас, жуда катта яхшилик қилдингиз менга. Сизни бир умр эслаб юраман.

— Мен-чи? Мен нима қиламан?

Йўлдош ҳеч нарсага тушунолмай аёлнинг кўзларига боқди.

— Т-тушунмадим.

— Мен нима қиламан сизсиз?.. Ишонинг, бир кечада сизга суяниб қолдим. Нега бундай бўлди, ўзим ҳам билмайман. Энди ўрганганимда, ёнимда сиздай одам борлигидан қувона бошлаганимда ташлаб кетасизми мени?..

— Қўйинг, бу гапларни гапирманг!.. Ахир, менинг кимлигимни, нима сабаб билан бу ерларда юрганимни билмайсиз!.. Билганингиздан кейин эса, ишонаманки, мендан сиз ҳам юз ўгирасиз. Қолаверса, менинг оилам бор. Беҳудага кўнглингизни бузманг, Ойгул!..

— Билмадим… Менам бу дунёда бир чимдим меҳрга зорман… Билмадим… Агар кечаси менга ташланиб қолганингизда, балки бугнчалик меҳрим тушиб қолмасмиди сизга… Иродангизга, тоза виждонли киши эканингизга тан берганим учун кўнгил қўйгандим… Сиздақалар кам бўлади бу дунёда…

— Кечиринг, сизни бахтли қила олмайман. Оиламга хиёнат қила олмайман! Алвидо!..

Бундай онларда сени деб жабр чекаётган бир муслимани ёлғиз қолдириб, ундан кескин юз ўгириб кетиш қийин бўларкан. Йўлдош бу ҳолатга умрида илк маротаба тушиб, ҳижрон қанчалар оғир мусибат эканини ҳис этди…

Афсус… Бу гўзал аёл билан қолиб кетиши… Ҳаётини чил-парчин қилиб юборишини билади. Шунинг учун ўзини мажбурлаб бўлса-да, аста-секинлик билан Ойгулдан узоқлаша борди…

Узоқлашган сари аёлнинг увиллаб йиғлаётгани тобора кучлироқ эшитиларди…

 

* * *

 

Тоғ ён-бағирларида ёлғиз юриб кўрмаган одамга жуда қийин бўларкан. Гоҳ оёғингга майда тошлар ботиб асабга тегади, гоҳ арзимаган чуқурчани кўрмай қоласан-у, тойиб кетасан. Худо кўрсатмасин, қаршингдан ҳозир-ҳозир бўри, ё шунга ўхшаш ваҳший ҳайвон чиқиб қолишини ўйласанг, қўлингда қурол бўлса-да, юрагингни ваҳима босавераркан…

Йўлдош юра-юра, қоялардан бири остида тўхтади ва атрофни кузатган бўлди…

— Ие, анави тешик нимайкин?

У қайта ўрнидан турди-да, қоя ўртасида жойлашган нақ бир қулоч тешик ёнига борди.

— Қизиқ, бу ерда кимлар яшаркин?.. Бўрилар бўлса-я?!. Уф-ф, ўзиям ўтакетган сирли жойлар экан… Қани, кириб кўрай-чи!

Йўлдош тўппончасини ўқлаб эҳтиёткорлик билан қоронғи ғорга қадам қўйди.

Йўқ, аввал ўқ отиб кўриш лозим…

Шу хаёл билан тўппончани ичкарига тўғрилаб тепкини босди…

Ана шундан кейингина кимларнингдир бақир-чақири, қайсидир ҳайвоннинг ўкириб у томонга югура бошлагани эшитилди…

Йўлдош донг қотиб қолганди. На киришни, на шартта орқасига бурилиб қочишни билмай гаранг бўлиб турганда, бошига нимадир зарб билан урилди…

— Ҳа-а, қўлга тушдингми? — Йўлдошни қоронғиликда кимдир судраклаб борар, бетиним қичқирарди. — Озғин бўлсанг ҳам кабобга ярайсан!.. Ҳой, Сассиқпопишак, пичоқларни қайра! Ўлжа ўз оёғи билан кеп қолди, ҳи-ҳи-ҳи-ҳи!..

Нималар бўлаётганига тушунолмай қолган Йўлдош бир-икки марта кучли қўлларни қайириб ташламоқчи бўлди. Бироқ сира кучи етмасди. Бу кимсадан шунчалар бадбўй ҳид келардики, охири ҳушидан кетди…

— Кўзингизни очинг, Йўлдош ака, кўзингизни очинг!..

Кимнингдир майин қўллари пешонасига теккач, Йўлдош оҳиста кўзларини очди. Не кўз билан кўрсинки, тепасида Ойгул кулимсираб турарди. — Худога шукр, ўзингизга келдингиз. Мен жуда қўрққандим…

— Сиз?.. Мен… Қаердаман ўзи?.. — шивирлади Йўлдош атрофга кўз югуртириб. — Ўтовда?.. Ахир, биз хайрлашгандик-ку!..

Ойгул кулиб юборди. Сўнгра бирдан кулишдан тўхтаб, жиддий тортди.

— Аёл кишининг макрини ҳалиям билмас экансиз! — деди совуққон оҳангда. — Қайси аҳмоқ шундай эркакни осонликча қўлдан чиқаради?.. Йўқ, менам бахтли бўлишни истайман. Мениям бир дунё орзуларим бор…

— Шунақа денг?.. Йўқ, бундай бўлиши мумкинмас!.. Оилам… Оилам бор менинг!..

— Энди оилани эсдан чиқарасиз… Агар қаршилик қилсангиз, қайтадан ҳушингизни ўғирлайман-у… Сиз менгаям, ўша хотинчангизгаям насиб қилмайсиз. Ухлайсиз, аммо қайтиб уйғонмайсиз.

— Жодугармисиз? — Йўлдош ўрнидан қўзғалмоқчи бўлди-ю, негадир кучи етмади.

— Ҳа, бу тоғлар орасида мендан ўтадиган жодугар йўқ. Сиз ўйлайсизки, менминан хайрлашгач, йўл юрдингизми? Йўқ, сиз худди ҳушёр одам каби, фақат кўзларингизни юмган ҳолда тўппа-тўғри менинг ўтовим томон қадам ташладингиз. Мен эса, сизни еталаб йўл бошладим… Уйга етиб келгач, сизни ухлатиб қўйдим… Билиб қўйинг, мен ростданам жодугарман. Ўз бахтим учун сизни ўлдириб юборишданам тоймайман!.. Бўлди, етар, энди яна бироз ухлаб дам олинг!..

Йўлдош шу гапдан сўнг аъзойи бадани музлаб бораётганини ҳис этди. Чуқур нафас олмоқчи бўлди…

Лекин… Кутилмаганда кўнгли айниб қайт қилгиси келди.

Буни ҳам эплолмади…

Тўсатдан боши айланиб ҳушидан кетди…

Ойгул бўлса, тепасида маъюс жилмайганча унга термулиб турарди…

 

* * *

 

— Ҳой, Йўлдош ака, тура қолинг! Сиз уйғонишингиз керак!..

Йўлдош оҳиста кўзларини очди-да, тепасида ўтирган Ойгулни кўриб қайтадан юмиб олди.

— Оббо айёр-ей! — кулди Ойгул унинг юзларини силаб. — Жуда ҳазилкаш экансиз-ку!.. Наҳотки, кўйингизда ёниб бораётганимни пайқамаяпсиз?.. Ё сизам бошқа эркакларга ўхшаб тош юракмисиз?..

— Менинг фақатгина юрагим эмас, бутун танам тошга айланади. — жавоб қилди Йўлдош. — Бегона аёлларни кўрганимда мен ҳамиша тошга айланиб қоламан.

— Нега энди? — эркаланган оҳангда сўради Ойгул. — Сабаби борми, яхши йигит?

— Сабаби бор. Мен оиламни, Мавжудамни яхши кўраман.

— Шунақами?.. Унда сиз олтинданам қиммат эркак экансиз. Мен сиздай эркакларни жуда ҳурмат қиламан. Бироқ… Бироқ мен ҳам тирик жонман. Ёлғизликдан қийналиб кетганман. Қолаверса, сиз каби мард, кучли йигитни учратиб индамай қўйиб юбориш… Йўқ, сиз барибир менминан қолишингиз керак. Шу кеча фақат менинг қучоғимда бўлишингиз керак. Илтимос, бу гапларимни эшитиб мени бузуқига йўйманг! Менам садоқатлиликда сиздан қолишмайман. Фақат… Сизни жуда-жуда ёқтириб қолдим. Ахир, нега тушунмайсиз? Шундай қалтис жойларда бир ўзим яшасам. Истасам, ўзим хоҳлаган эркакни қўйнимга солволишим мумкин эди. Аммо мен бундай қилмадим. Чунки, мендаям дид, номус бор. Бугун бўлса…

Ойгул энгашиб Йўлдошнинг юзларига юзини босди…

У ўрнидан туриб кетиш тугул, қимирлашга ҳам ожиз эди. Бир ойдан бери аёл кўрмай, гўёки ёввойилашиб қолаёзган Йўлдошга шу тобда Ойгулдан келаётган қандайдир ёқимли, димоғни қитиқловчи ширин ис ёғдай ёқиб борар, айниқса, бўлиқ кўкраклари баданига ботиб боргани сайин юраги тезроқ ура бошлаганди…

— Мавжуда, мен умримнинг охиригача садоқатли бўлиб қола олмайман шекилли. — кўнглидан ўтказди у ўзи ҳам сезмаган ҳолда Ойгулнинг белига қўл юбораркан. — Ҳозирги ҳолатимни бир кўрсайдинг!.. Худди жонсиз қўғирчоққа ўхшаб қолдим. Бу аёл энди мени ўзи истаган ўйинга ўйната олади. Негаки, мен унинг қўлида асирман. Кечир!.. Кечиринглар!..

— Акажон, қачонгача шу тахлит индамай ётасиз? — Йўлдошнинг хаёлини бўлиб юборди Ойгул. — Ё мен сизга ёқмадимми?.. Айтинг, бир оғиз сўз айтсангиз-чи!..

— Ёқдингиз. — ниҳоят тилга кирди Йўлдош. — Жуда жозибали, жуда эҳтиросли аёл экансиз. Сиздақалар манаман деган эркакниям муздай эритиб юбора олади…

Бу гаплар Ойгулни буткул эритди. Аъзойи бадани эҳтиросдан ёниб бораётган аёл жонҳолатда Йўлдошнинг кийимларини ечди-да, кетидан ўзи ҳам ечиниб устиларига кўрпани тортди…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ