“АЖДАҲО” ЧАНГАЛИДА… (6-қисм)

0

 

 

* * *

 

— Нималар қилиб қўйдим-а? — эрта тонгда Ойгулнинг қучоғида уйғонган Йўлдош ўзини ўзи койирди. — Умримда қилмаган ишлар… Шундай Мавжудамга кўз юмиб хиёнатга қўл урдим-а!.. Нега бундай қилдим, нега?.. Нимага ўзимни тута олмадим?.. Нима учун қочиб кетмадим?.. Йўқ, мен албатта бу ердан қочишим керак. Ортиқ бундай давом этиши керакмас…

У аламли нигоҳларини ҳамон ухлаётган Ойгулга қаратди.

— Қандай разил-а бу аёллар! — деди Йўлдош муштлари асабий тугилиб. — Ўз мақсадлари йўлида ҳеч нарсадан қайтишмайди… Йўқ, балки, бу гапларим нотўғридир? Ўзим ҳам индамай ётганим йўқ. Уни эркаладим, бўсалар олдим… Кечани шу аёлга бахшида этдим… Майли, энди хатоларимни тузатиб олмасам бўлмайди. Уёқда… Оилам мени интизор бўлиб кутади. Оғир кунларим сўнггига етса, бошимга ёғилаётган балолар даф бўлса, ажабмаски, яна уларнинг бағрига қайтсам, тинчгина бошқалар қатори умр кечирсам… Ҳозир эса…

Йўлдош оёқ учида юриб бориб кийимларини кийди-да, аста ташқарига чиқди…

Не кўз билан кўрсинки, худди буюртма бериб қўйилгандек, сал нарида жуда келишган саман депсиниб турарди…

Йўлдош отга миниб боши оққан томонга йўл солди.

Ҳақиқатан, у бу ерларни яхши билмас, таваккал йўл босиб борарди. Йўл юрган сари тунда кам ухлагани панд бериб кўзлари юмила бошлар, бироқ уйқуга кета бошлаганини сезди дегунча бошини силкитиб-силкитиб кўзларини очишга, бошқа юммасликка интиларди…

Хайрият, у чамаси ўн чақиримлар йўл юргач, таниш йўлга чиқиб олди. Айнан шу йўлда Йўлдошни биринчи марта қўлга туширишганди…

— Демак, мен адашган эканман. — ўйлади Йўлдош йўлнинг икки томонини синчиклаб кўздан кечираркан. — Тоғ Қозоғистонда нима қилсин?.. Бу ерлар бошқа бир вилоятга тегишли бўлса керак. Э, нима аҳамияти бор? Ҳозир мен тобора узоқ кетишим ва кўздан пана ерларни топишим зарур. Йўқса, тағин қайсидир аҳмоқларнинг қўлига тушиб азобланишим мумкин…

Шу тобда узоқдан машина ўқдай учиб келаётганини кўрди…

Йўлдош иккиланиб қолди…

Хўш, нима қилсин? Қочсинми? Қаерга?.. Балки, бу машина ҳам унинг ортидан тушгандир?..

Ўйчининг ўйи битгунча деганлари рост-да!.. Шу кунга қадар доимо арзимаган сониялар ичида бир қарорга келиб ўрганган Йўлдош ҳозир негадир ўйининг охирига ета олмай ҳалак эди…

Машина бўлса, яшин тезлигида унга яқинлашиб келди-да, рўпарасига етганда ойналари очилиб, икки автомат Йўлдошга қаратилди.

— Қимирлама! — буюрди автомат ушлаган эркаклардан бири. — Қимирласанг, ўласан!.. Қани, секин, шошилмасдан отдан туш!.. Бўл тез!..

— Уф-ф!.. — Бу тахлит дўқ-пўписаларга анча кўникиб қолган Йўлдош айтилганидек шошилмайгина отдан тушди ва секин машинанинг олд томонига ўтди. Бу орада икки эркак қўлларида қурол билан пастга тушишди-ю, Йўлдошнинг қўлларини қайириб, бошини капотга босишди…

— Акаси, қийинчиликлар, қувди-қувдилар тамом бўлди деб ҳисоблайвер!..

Йўлдош базўр бошини буриб овоз келган тарафга қаради. Ёнбошида башанг кийинган, ёши элликларга борган, юмалоқ юз бир эркак кулимсираб турарди.

— Энди сен буткул бошқача ҳаёт бошлайсан. — давом этди у ва қуролли йигитларга Йўлдошнинг чўнтакларини кўздан кечириб чиқишни ишора билан буюрди. — Қўрқма, сени қайтадан турмага тиқмаймиз! Бундан нима фойда?.. Ундан кўра, фойдали ишминан шуғулланганинг маъқул, нима дейсан?

Йўлдош жавоб бериш ўрнига чирт этиб ерга тупуриб қўйди.

— Қани, йигитлар, оғайнимизни идорага олиб борайлик! — қўли билан машина томон имо қилди эркак. — Бугун дам олсин. Кейин қолган гапларни гаплашиб олаверамиз…

 

* * *

 

Эркак ўзини Қувондиқ дея таништирди. Энг қизиғи, улар Йўлдошнинг қўлларига кишан солишмади. Бу ҳолат одамга ғалати таъсир этаркан. У машинада негадир хотиржам ўтирар, бемалол ортда қолиб бораётган кўчаларни, гоҳ эшакда, гоҳ велосипедларда қаерларгадир кетиб бораётган одамларни кузатиб борарди…

Машина тоғли ҳудудни ортда қолдириб, бир қишлоққа етиб келди.

Бу ерда ҳаво анча дим эди.

— Мана, бизнинг кошонага ҳам етиб келдик, акаси! — дея орқа ўриндиқда ўтирган Йўлдошга юзланди Қувондиқ ака. — Мана шу ерда ҳаммасини батафсил гаплашиб оламиз… Нега индамайсан? Бирор нима десанг-чи!..

Йўлдошнинг қошлари чимирилиб янги танишга маъноли боқди.

— Чўзиб нима қиласиз? Ҳозирнинг ўзида турмага обориб ташласангиз яхши иш бўларди.

Қувондиқ ака кулиб юборди.

— Вей, турмага обораман десам, ўша қочган кунингоқ сени қўлга туширардим. Биласанми нимага бу ишни қилмадим?

— Хўш, нимага экан?

— Чунки сен бизга, аниқроғи, менга керакли одамсан… Бўпти, қолганини ичкарида эшитасан. Қани, туш!..

Йўлдош итоаткорона машинадан тушди. Йўл бўйи икки биқинида автомат қучоқлаб келган икки эркак шу тобда уни ҳайрон қолдириб индамасдан ҳовлига кириб кетишди. Қувондиқ ака бўлса, Йўлдошнинг қўлтиғидан олди…

— Сенга ҳозирнинг ўзидаёқ айтиб қўйишим лозим. — деди Қувондиқ ака тор, ўртасига катта ёзув столи қўйилган хоналардан бирига кириб ўтиришгач. — Мен махфий хизмат бошқармаси раҳбариман.

— Нима? — Йўлдош ҳушёр тортиб ўрнидан қўзғалмоққа шайланди.

— Нима, қўрқиб кетдингми? Қўрқма, сени ўша участка нозири бўлиб ишлаган пайтингда тинчгина шу ерга опкелсам бўларди. Аммо мен мўлжаллаган иш анчагина мушкул. Сенинг ҳақингда милиция бўлимидаги бир танишимдан эшитгандим. Шахсий варақаларинг билан танишиб чиқиб қизиқиб қолдим. Биласанми, сенга ўхшаганлар ҳаётда жуда катта ишларни амалга ошириши мумкин. Шу сабабли ҳам аввал яхшилаб синовдан ўтказиб, кейин махсус топшириқ беришга аҳд қилгандим.

— Демак… Сиз уюштирган экансиз-да ҳаммасини?..

— Албатта. Бизнинг соҳада хизмат қиладиган ходим ўта иродали ва кучли, учқур бўлиши шарт. Ана шу жиҳатларингни кузатувдан ўтказдим. Тўғри, бироз оилангнингям тинчлигини бузишимга тўғри келди. Бу ишим учун узр сўрайман сендан!..

— Хўш, қанақа топшириқ бермоқчисиз энди?

— Сен бошқа бир мамлакатда яшайсан.

— Н-нега энди бошқа мамлакатда?

— Ўша… Борадиган шаҳрингда Валерий Михайлович деган қария яшайди. Жуда бадавлат. Сен ўша одамнинг ёнига кириб душманларини банкротга учратишга ёрдам берасан. Қариянинг ўзи ёрдам сўраб илтимос қилганди… Тўғри, ўша ернинг ўзидаям одамлар топиларкан. Бироқ Валерий амаки уларга ишонмасмиш. Бегона бўлса жуда яхши бўларди деб айтганди… Унутма, ҳар бир қадаминг кузатув остида бўлади. Шунинг учун умид қиламанки, ўзингни босиб, ниятларни ўзгартирмасдан топширилган ишларни режа бўйича амалга ошириб борасан. Мабодо, ишончимни оқламай, сотқинлик қиладиган бўлсанг, билиб қўй, ўзим хоҳлаган пайтда сени қайтадан турмага тиқишим мумкин. Эсингда бўлсин, сени порахўр сифатида бир неча ўн йилларга қаматиб юбориш менинг қўлимда… Дардингни бировга айтолмай қоласан…

— Шунақа денг? — совуқ кулиб қўйди Йўлдош. — Наҳотки, бу иш менинг қўлимдан келади деб ўйласангиз? Мен ёлғиз бўлсам…

— Тўғри, бу иш ҳақиқатан қалтис. Аммо шуни билиб қўйки, сенга ишонмаганимда шунча пайтдан бери шуғулланмаган бўлардим. Математикадан билиминг яхши деб эшитдим, тўғрими?

— Тўғри, фақат аълога ўқиганман… Лекин… Ҳаётим-чи?

— Ҳаётингдан кўнглинг тўқ бўлсин. Сени махсус одамлар доимо қўриқлаб юришади. Керак бўлиб қолса, қутқаришга, ҳимоя қилишларига мен ўзим кафилман… Қолаверса, сени ёрдамчиликка олган ўша қария ҳам хафа қилдириб қўядиганлардан эмас. У ўзимизнинг одам… Маошдан бўлса, кўнглингни тўқ қил. Бу масалада сира қийинчилик кўрмайсан… Айтганча, у ерлар ҳарқалай, бегона юрт. Мабодо милисалар кутилмаганда сени обориб қамаб қўядиган бўлишса, қаршилик қилиб, ё тўполон кўтариб ўтирма!.. Биз ўзимиз қутқариб оламиз сени… Хуллас, сен эрталаб учиб кетасан ўша шаҳарга. Бу ерда бўлса, сени ўлди деб эълон қиламиз.

— Йў-ўқ, буниси энди ортиқча. — кутилмаганда ўрнидан туриб кетди Йўлдош. — Оилам… Оилам қандай кунларга қолишини тасаввур қилаяпсизми?

— Оилангдан кўнглингни тўқ қил, Йўлдош!.. Уларга керакли ёрдамларни берамиз. Қисқаси, уларни ҳеч ким беҳуда хафа қилмайди… Қайтиб келганингдан кейин… Ишонаманки, хотининг, қизчанг хурсанд бўлишади.

— Яхши, яна гапларингиз борми? Тўғриси, жуда чарчаганман.

— Тушунаман, тушунаман. — Қувондиқ ака ҳам ўрнидан қўзғалиб Йўлдошнинг елкасига қўлини қўйди. — Эртадан бошлаб сен Йўлдош эмас, балки, Ринадсан. Ринад Раҳмонов.

— Буниси энди нима учун?

— Ахир, паспортингда шундай ёзилган!.. Айтдим-ку, Йўлдош эртагаёқ ўлди деб эълон қилинади.

— Ҳа-а, шунақами? Майли, қўлимдан нимаям келарди?..

— Ундай дема! — унинг юзларига оҳиста шапатилади Қувондиқ ака. — Ҳали олдинда қанча ишлар сени кутиб турибди. Руҳни бақувват қил ундан кўра!.. Хўп, ҳозир сенга дам олиш хонангни кўрсатаман. Эрталабгача яхшилаб ухла! Йигитлар овқатингни ҳам етказиб беришади. Омадимизни берсин!..

 

* * *

 

Йўлдош деярли ўйланиб тонг оттирди. Мавжудани, қизчасини сира кўз олдидан кетказа олмади. Айниқса, уни ўлди деб хабар беришса, қандай аҳволга тушишини ўйлаб эзилди. Нима ҳам қила оларди? Пешонасига етти ухлаб тушида кўрмаган кунлар ёзилиб турган бўлса. Ким билсин? Балки бегона юртларда ҳақиқатан ўлим топар?!. Энди буёғи ёлғиз Худогагина аён.

— Ишқилиб, оиламни ўз паноҳингда асра, Худойим!.. — самолётга чиққани ҳамоно хаёлан илтижо қилди у. — Майли, менинг бошимга не кунларни солсанг ҳам розиман. Фақат уларга раҳм қил!..

Чамаси уч соатлар деганда самолёт Йўлдош яшаши керак бўлган шаҳар тайёрагоҳига келиб қўнди.

У ҳозир ўзини нималар кутишини тасаввур ҳам қилиб кўрмаган. Умуман… Йўлдошга барибир эди.

Аммо самолётдан тушаётиб пастда кутиб турганларни кўргач, ҳайрон қолди.

Тахминан ўнтача чет эл машиналари, башанг кийинган ўрта яшар эркаклар йигирма–ўттиз чоғли бор эди. Баъзиларининг қўлларида қуроллари ҳам бор.

— Қизиқ, — кўнглидан ўтказди Йўлдош кўрсатилган машинага ўтираётиб. — ҳурматимиз жа баландга ўхшаб қолди-ку!..

— Хуш келибсан шаҳримизга, Ринад!.. — орқа ўриндиққа кириб чўккан Йўлдош соч-соқоли оппоқ, аммо дадил бир қарияни кўриб дарҳол англади. Демак, бу ўша Валерий Михайлович.

— Раҳмат, Валерий Михайлович! — жавоб қилди у кулимсираб.

— Чарчагандирсан?

— Унчалик эмас.

— Тўғриси, сен суратингдагиданам истаралироқ экансан. Менга ёқдинг.

— Ташаккур!.. Кечирасиз, сизни қандай чақиришгаям ҳайронман.

— Валера амаки деб чақиравер! — кулди қария. — Ёшим анчага бориб қолди. Хафа бўладиган ёшдан ўтганман. Биласанми, айлана атрофимиз рақобатчига тўла. Бирини тинчлантириб, муросага келтирсанг, иккинчиси пайдо бўлади. Мен бўлсам, қариб қолдим. Ҳаммалари билан баравар олишолмайман. Лекин нима бўлгандаям, тадбиркор деган номимиз бор. То нафасимиз чиқмай қолгунча интилаверишимиз, курашаверишимиз лозим-ку!..

— Амаки, мен нима иш қилишим керак ўзи? — сўради Йўлдош. — Аниқ топшириқларни ўйлаб қўйгандирсиз?

— Албатта. Ҳаммаси олдиндан режалаштирилган. Эшит, мен аслида Ўзбекистонда туғилиб, ўша ерда улғайдим. Лекин тақдир тақозоси билан бу ерларга келиб қолдим. Қараки, рус бўлсам ҳам Россия менга ватанлик қила олмас экан. Бу ерларда бегона эканман… Алам ўтиб кетгандан кейин ўйлаб қолдим. Нега энди мен ўзим минг машаққатлар билан, жонимни жабборга бериб тўплаган пулларни бегоналарга қолдириб кетишим керак?.. Бунинг ўрнига ўзимнинг ватандошларим эгалик қилишса бўлмайдими бу пулларга?.. Ана шунинг учун ҳам сени топтирдим… Энди қолганини эшит… Биласанми, яқинда Гога деган бир грузин пайдо бўлган. Жа ҳаддидан ошган йигит экан. Яхши гапга сира кўнмайди. Ўзбошимчалик билан менга тегишли корхоналарга бурнини тиққани-тиққан. Ана ўшани эгиб беришинг зарур бўлади. Қўрқма, сен менинг қонуний ёрдамчимсан бугундан бошлаб. Ўзинг истаган шароитларни яратиб бераман…

Машиналар карвони шаҳардан анча четга чиқиб кетганди. Йўлдош бегона юрт табиатини, далаларини обдон томоша қилиб борди. Ҳаммаси ўз юртидаги кабидек туюларди-ю, барибир нимасидир сира ўхшамасди…

 

* * *

 

— Мана бу сенинг кабинетинг! — қария ҳашаматли ҳовлисига кириб келиб ичкарига қадам қўйишгач, бурчакдаги катта бир хонани кўрсатди. — Худди шу ерда ўтириб мен айтган ишларни бажарасан. Ҳой, Червон, қаердасан?

Сал ўтмай, узун йўлак охирроғидаги эшиклардан бири очилиб бўйи нақ икки метрлар келадиган, кенг елкали, юзлари қизғишсифат, тахминан йигирма беш ёшлар оралиғидаги йигит чиқиб келди.

— Чақирдингизми, хўжайин?

— Ҳа, акангминан таниш! Бу йигитнинг исми Ринад. Бугундан эътиборан менга ёрдамчи бўлиб хизмат қилади. Ринад, — қария яна Йўлдошга юзланиб кулди. — Буни Червон деб атаганимга ҳайрон бўлма! Кўрдингми юзларини? Қип-қизил. Шунинг учун Червон деб лақаб қўйиб олганмиз. Асл исми Николай. Хуллас, Червон сенинг ёрдамчинг. Нима топшириқ бўлса тортинмай буюравер! Бу-чи, жа пихини ёрганлар хилидан. Мерганликниям қотиради… Бўпти, сен Червон йигитларга айт, кечки овқатга тайёргарлик кўришсин! Биз Ринадминан менинг хонамни кўздан кечирамиз…

Йўлдош қариянинг ортидан эргашиб бошқа бир хонага кириб борди.

Воажаб, бу хона ўзгача эди. Ясатилгани, ичкаридаги жиҳозлар, чет эл гиламлари ўз йўлига. Йўлдошни айлантириб осиб чиқилган тўрқовоқлар қизиқтириб қолди.

— Ҳайрон бўлгандирсан-а? — ўртадаги жимликни бузди қария. — Ҳайрон бўлма, йигит!.. Менам сен ўзбеклардан қолишмайман. Бедана жиннисиман. Мана шуларнинг ҳаммасини сенинг юртингдан олдириб келганман. Қара, сайрашларини! Бу жаннатнинг ўз эмасми, нима дединг?

— Гапингиз тўғри, — деди Йўлдош мамнун бош чайқаб. — сизга қойил қолмай иложим йўқ.

— Э, ҳали биз қилган ишларни кўрсанг нима деркинсан. Ўшанда ағдарилиб тушмасанг бас!.. Қани, энди сенга бир рўйхат берай. Ахир, сизларда айтишади-ку, ёш келса ишга, қари келса ошга деб!..

У секин темир сандиқлардан бирини очди-да, муқовасига зар югуртирилган жилд олиб Йўлдошнинг қўлига тутқазди.

— Мана, шу ерда бизга улуш бериб турадиган корхоналар, дўконлар, ишқилиб, ўзбекчасига айтганда, «муридлар»нинг номлари, манзиллари ёзилган. Шу бугуноқ яхшилаб ўрганиб чиқ! Буларнинг орасида анчадан бери улушни пайсалга солиб юрганлариям бор. Мен тагига чизиб қўйганман. Эртага ёнингга йигитларни оласан-да, дарҳол шуларминан шуғулланасан. Аввал яхшиликчасига, тушунишмаса, кейин… Ҳа майли, уёғини ўзим сенга ўргатиб қўярман. Юр, чарчагансан!.. Атайин сенинг келишингга ош дамлатиб қўйганман! Бир ошхўрлик қилайлик!..

 

* * *

 

Йўлдош ярим тунгача қария берган рўйхатни ўрганиб вақт ўтказди. Рўйхатда улуш берадиганларнинг рўйхати, тўғрисига эса, қанча беришлари ёзиб қўйилганди.

— Қара-я, — бош чайқаб қўйди у. — ахир, бу пуллар жуда катта миқдорда-ку!.. Наҳотки, чол шунчалар бой бўлса?.. Ҳар ойда оладиган бу пулларни қаерга сиғдираркин?..

— Ринад! — Йўлдош эшик очилганини пайқамай қолибди. Сесканиб бошини кўтарди-ю, остонада Червонни кўриб ўрнидан турди. Унинг кўз қарашлари жуда совуқ эди.

— Эшитаман, нима гап? — хавотир аралаш сўради Йўлдош.

— Сизни Валерий Михайлович йўқлаяпти!

— Ҳозир-а?

— Ҳа, ҳозироқ олдиларига киракансиз

— Яхши.

Йўлдош секин эгнига кўйлагини илди-да, Червоннинг ортидан эргашди…

— Кечириб қўясан, йигит! — унга пешвоз чиқиб стол атрофига бошлади қария. — Сенга баъзи нарсаларни уқтириб қўймасам бўлмайди.

— Эшитаман, амаки!..

— Сен бизнинг йигитларда бирор кўзга ташлангулик ҳолатни пайқадингми?

— Тушунмадим.

— Сенда йигитларимиз қандай таассурот қолдирди деб сўраяпман.

— Умуман, ёмон йигитларга ўхшашмайди. Бироқ…

— Хўш, хўш? Давом эт!

— Кўз қарашлари ғалатироқми-ей!.. Шубҳа билан қарашаяпти одамга.

— Ана буни яхши пайқабсан. Жуда тўғри, бизнинг ишда, ўғлим, ҳеч ким бир-бирининг пинжига кириб кетмайди. Ҳамма бир-бирига фақат шубҳа билан қарайди. Касбимиз шунақа-да!.. Ҳа майли, вақти келиб ўзингам шулар қатори бўлиб қоласан ҳали. Мен сени бир масалада чақиртиргандим. Сени буёққа жўнатган одам бор-ку, ўшанинг номини зинҳор тилингга ола кўрма!

— Нега, амаки?

— Айтдим-ку, хоҳ кўчада бўлсин, хоҳ бу ерда бўлсин, у инсоннинг номи тилга олинмаслиги шарт. Унинг касбига тўғри келмайди. Уқдингми?

— Ҳа.

— Ана, энди бориб ётишинг мумкин. Мабодо бедана сайрашини эшитгинг кеп қолса, хоҳлаган пайтингда хонамга кириб келавер!

— Раҳмат!

Йўлдош кула-кула яна хонасига йўл олди…

 

* * *

 

Йўлдош буткул бошқа дунёга тушиб қолганини эртаси кунигина ҳис этди.

Қария илк топшириқ учун барча нарсани муҳайё этиб қўйганди. Иккита «Мерседес», ўн чоғли қуролланган йигитларни кўриб Йўлдош аввалига сал ҳайиқди ҳам. Бироқ қариянинг гапларини эслаб дарҳол ўзини тутди ва ўзининг биринчи буйруғини берди.

— Йигитлар, ҳамма машиналарга ўтирсин! Дастлаб ун заводига борамиз!

Йигитлар итоаткорлик билан машиналарга ўтиришди. Йўлдошнинг ёнида фақат Червон кетиши лозим эди.

— Ака, — дея тушунтирган бўлди Червон йўл-йўлакай. — бу заводнинг каттаси туркман. Оғабой деган одам. Эҳтиёт бўлиш керак. Чунки у жуда айёр. Битта гапминан силлиққина жўнатворишиям мумкин.

— Нега уч ойдан бери улуш бермаса ҳам индамай келаяпсизлар?

— Қария арқонни узун ташлашни хуш кўрардилар. Ростини айтсам, кейинги пайтларда анча бўшашиб қолдилар у киши. Шу сабабли сизни чақиртирган бўлсалар ҳам ажабмас…

Машиналар карвони тўппа-тўғри ун заводи ҳовлисига кириб борди.

— Беш киши шу ерда қолсин! — Йўлдошнинг ўрнига йигитларга буйруқ берди Червон. — Сен Латта, ёнингдагиларни олиб орқамиздан юрасан!..

Заводнинг каттаси хонасига бостириб кириб келган олти чоғли эркакни кўриб бироз ўзини йўқотгандай бўлди.

— Келинглар, хуш келибсизлар!.. — у иложи борича ўзини дадил тутишга интилар, бироқ овозининг қалтирашидан қўрқаётгани яққол сезилиб турарди.

— Нима, биз сенга югурдакмизми? — гапни дўқ уришдан бошлади Червон. — Қачонгача лақиллатиб юрмоқчисан?

Шу аснода Йўлдошни билинар-билинмас туртиб қўйди.

— Менга қара, акаси, — дея каттага яқин бориб иягидан тутди Йўлдош.

Тўғриси, биринчи маротаба бундай иш қилаётгани учунми, ўзининг ҳам тиззалари ора-сирада титраб қўярди. — мен узоқ кутишни ёмон кўраман. Тезда икки миллионни стол устига қўй! Йўқса, бекора ўлиб кетасан. Дардингни бировга айтолмай қоласан! Хўш, нега қоққан қозиқдай индамай турибсан?..

Червон ҳам, орқада турган йигитлар ҳам Йўлдошнинг биринчи кунданоқ бу тахлит дадиллигини кутишмаган эканми, кулгидан зўрға ўзларини тийиб туришарди…

Йўқ, бу масхараомуз кулги эмасди. Қариянинг сўнгги пайтларда ҳийла мулойимлашгани анчадан бери уларга ёқмай қолган, «қарздорлар»га нисбатан худди ҳозиргидай муносабатда бўлишни исташарди…

— Мен кимга айтаяпман? — дўқлашда давом этди Йўлдош. — Ё амалий ишга ўтайликми?

Оғабой деганлари ҳақиқатан қўрқиб кетганди. Йўлдошнинг сўнгги пўписаси уни ўзига келтирди. Югуриб бориб темир сандиғини очди-да, ичидан дипломат чиқариб стол устига қўйди.

— Узр, акалар, сал кечиктирдик!.. Бир қошиқ қонимиздан кечасизлар… Марҳамат, қарзларни тап-тайёр қип қўйгандик ўзимиз ҳам…

Шу куни Валерий Михайлович Йўлдошнинг Қувондиқ ака мақтаганича бор эканига яна бир карра тан берди…

Қолаверса, биринчи муваффақият Йўлдошга келгусида янада катта имкониятлар яратиб бериши, қариянинг ишончига киришига кенг йўл очиб бериши тайин бўлиб қолганди…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ