“АЖДАҲО” ЧАНГАЛИДА… (7-қисм)

0

 

 

* * *

 

— Мен барибир сенинг дастлабки содиқлигингни тан олмай иложим йўқ. — деди қария орадан икки ҳафталар ўтиб Йўлдош навбатдаги «юриш»ни ҳам қойиллатиб қайтгач. — Қара, мана шу… Сен бориб қайтаётган аблаҳларнинг ортидан мен ойлаб чопганман. Сира «жон»ларини чиқара олмагандим. Сен бўлсанг, бир боришда ҳал қиляпсан-қўйяпсан.

— Чунки, сиз ғазабингизни сочмагансиз — деди Йўлдош кулиб. — Мулойим гапиргансиз, уларнинг кўнглига қарагансиз

— Тўғри айтасан. Қаридик шекилли. Э, бундан йигирма йиллар олдин мени кўрганингда… Боя сен айтганданам баттар эдим. Муридлар менинг соямни кўргандаёқ дағ-дағ титрашарди… Майли, энди асосий гапга ўта қолайлик, ўғлим.

— Қулоғим сизда!

— Энди-чи, анави ярамас Гоганинг эсини киритиб қўйиш пайти етганга ўхшайди.

— Ким экан у ўзи? Шунчалик қўрқинчли нусхами?

— Мен ўзини кўрмадим-у, лекин Червоннинг айтишича, у авваллари рэкетчилик қилиб кун кўрган экан. Бизнинг шаҳарга яқинда келибди. Жуда ваҳший дейди. Кейин… Айёр ҳам эмиш. Вей, ишонасанми, куни кеча менинг дўконимга одам юбориб улуш талаб қилибди аблаҳ!

— Йўғ-э, сизнинг дўконингизга?.. Бўлиши мумкинмас!..

— Хуллас, ана шуни ҳал қиласан. Шу бугуноқ одамларни ёнингга олгин-да, адабини бер!.. Қўрқма, ҳарқалай, милисада ишлаб пишгансан-ку!.. Гога шаҳар чеккасида макон қурган. Сен тўппа-тўғри уйига бостириб боришинг лозим. Мабодо, милисалар ҳидланадиган бўлса… Хавотир олма, шаҳарда корчалон оғайниларим бисёр. Биронтасига қўнғироқ қиламиз, босди-босди қилиб юборишади.

— Хўп бўлади, амаки! — Йўлдош эндигина кетмоқчи бўлганди, Валерий Михайлович уни тирсагидан тутиб тўхтатди.

— Менда яна гапингиз бормиди? — сўради Йўлдош.

— Ишонасанми, мен Ўзбекистоннинг патирларини жуда хуш кўраман.

— Анави беданалар, қолаверса, ошни қотириб дамлатишингиздан бизнинг ўлкаларга бефарқ эмаслигингизни пайқаганман. — деди Йўлдош оғир хўрсиниб. — Умуман, қанийди ҳозир ўша сиз айтган патирлар бўлса…

— Соғингансан, биламан. Лекин бунинг ҳам йўлини топса бўлади. Сен уёқларга боролмаганингминан, бизнинг одамлар мисоли қуш. Қанотига хат битиб учириб юборсанг, Самарқанднинг манаман деган патирларини етказиб келишади. Айтганча, бир танишим айтиб берганди.

— Нимани? — бирдан ҳушёр тортди Йўлдош.

— Ўша Самарқанд патирини бир одам Тошканда махсус тандир қуриб ёпмоқчи бўлибди. «Э, шу самарқандликлар ёпган нонни марказда боплаб ёпсаям бўлади» деб атайин Самарқандга борган-у, унниям, сувниям, хуллас, патирга кетадиган масаллиқларнинг барчасини ўша ердан келтирган. Ҳатто, тузгача. Буёғидан келсанг, тандирниям Самарқанд тупроғидан келтириб ясатган. Хўш, нима бўпти охири?

— Нима бўпти?

— Эплай олмабди. Патир умуман ўхшамабди.

— Негалигини биласизми? — сўради Йўлдош қарияга маъноли тикилиб.

— Шунинг маънисини сендан сўрамоқчиман. Айт, нега ўхшамаган ўша патир?

— Сабаби, амаки, ўша одам ҳавони олиб кетолмайди. Патирга ҳам Самарқанд ҳавоси зарур эди. Афсуски, ҳавони олиб кетишнинг имкони йўқ.

— Ақлингга қойилман. — унинг елкасига қоқиб қўйди Валерий Михайлович. — Демак, бу гапни сенам илгари эшитган экансан.

— Албатта-да, бу гапни эшитганимга анча бўлган.

— Хўп, кўнглингни тўқ қил. Яқин кунларда одам юбориб ўша мазали патирлардан опкелтирамиз. Ҳозир эса, эртанги ишга астойдил тайёргарлигингни кўр!..

 

* * *

 

— Ҳа, қарияга ҳақиқатан қилаётган ишларим маъқул бўлибди шекилли. — хонасига кириб ўзини каравотга ташларкан, ўйларди Йўлдош. — Агар иш шундай силлиқ кўчаверса, келажак ёмон бўлмаса керак… Аммо… Нега тақдир мени тушимгаям кирмаган кўчаларга итқитиб ташлади? Оиламдан, фарзандимдан, севимли касбимдан айирди? Эҳ, мени аллақачон ўлди деб эълон қилиб бўлишгандир. Ҳойнаҳой, қариндош-уруғлар, айниқса, Мавжуда куйиб адойи тамом бўлаёзгандир. Мана шуниси ёмон бўлди…

— Мумкинми, шеф? — Йўлдош эшик тақиллашидан, сўнгра Червоннинг овозидан сесканиб бошини кўтарди.

— Ҳа, киравер!

Червон аста хонага кириб креслога ўтирди.

— Хўш, нима ишинг бор эди?

— Эртага грузин билан тўқнаш келарканмиз деб эшитдим? — Йўлдошга сирли тикилиб сўради Червон.

— Хўш, нима бўпти?

Червон бирпас ўйланиб турди-да, давом этди.

— У жуда хавфли шахс. Биласизми, тўғриси, сизга бир ҳақиқатни айтиб қўймасам бўлмайди.

— Айтавер, қулоғим сенда!

— Қария нега айнан сизни шу қалтис ишга бошлаганини биласизми?

— Нега билмас эканман? Шунинг учун ҳам мени чақиртириб келган-да!..

— Бу тўғри. Лекин у жуда тулки чол. Ҳамма ишини ҳал қилиб берганингиздан кейин ўзингизниям тинчитиб юбормасин тағин.

— Бу гапни қаердан олдинг?

— Ака, мени тўғри тушунинг!.. Очиғи, биринчи кун кўрганимда умуман ёқмагандингиз менга. Бироқ кунлар ўтиб бирга… Ҳалигидай озми-кўпми ишлаганимиздан кейин… Сизга жуда ачинадиган бўлиб қолдим. Сиз жуда ҳалол одам экансиз. Фақат мени тўғри тушунинг!

— Хўп, мақтовинг учун раҳмат! Лекин ҳалиги гапни қаердан олганингни айтмадинг-ку! Осмондан олмагандирсан ҳарқалай.

— Ўлибманми осмондан олиб. Боя қариянинг ким биландир телефон орқали гаплашаётганини эшитиб қолдим. Тасодифан… Ана шунда… Чол айтдики, мабодо грузин масаласи ҳал бўлса, сизни қуритиш чораларини кўрармиш.

— Наҳотки? — Йўлдош беихтиёр ўрнидан қўзғолиб қўлларини мушт қилди. — Мени синаб кўраётган бўлмагин тағин?

— Нималар деяпсиз? Мен кимман сиздай одамни синаб?.. Огоҳлантириб қўйдим холос.

— Хўш, нима маслаҳат берасан? Ё шу ишга боришдан бош тортайми?

— Ака, айбга йўймайсиз-у, менам бу ерда анчадан бери хизматдаман. Кўп нарсаларни кўрдим, кимнинг ким эканини кўп бўлмасаям биламан. Демоқчиманки, очиқдан-очиқ бош тортсангиз, ўзингизга ёмон бўлади. Ундан кўра, айёрлик қилиш керак.

— Қандай?

— Нима бўлса бўлар. Мен сизга шерикман. Агар, мени яқин ёрдамчи қилиб оламан келажакда деб ваъда берсангиз, ҳаммасини ўз бўйнимга оламан.

— Тушунмадим? Нимани бўйнингга оласан?

— Нима десамийкин?.. Қарияни тинчитаман… Ўзингиз бош бўласиз…

— Эсингни едингми?.. Қандай хатарли ишга қўр урмоқчилигингни фаҳмлаяпсанми ўзинг?

— Фаҳмламасам, гапирмасдим. Э, сизам тушунинг-да, биз ҳам чин дилдан хизмат қилиб юрибмизми сизнингча? Ҳечам-да!.. Бу чол шунчалар хасиски, одам бирор ёрдам сўраб олдига киришга қўрқади. Буёқда бўлса, ярамас йигитларимиз сира бирлашолмайди. Ҳаммаси ўзининг жонини асрагиси келади…

— Хўп, тинчитдингам дейлик. Кейин-чи?

Червон жонланиб кетди.

— Кейин… Чолнинг бор бойликлари сизнинг ихтиёрингизга ўтади. Ишни бошқатдан бошлайверамиз.

— Эсингни еб қўйибсан. — деди Йўлдош. — Чолнинг бойлигини қўлга киритиш учун у берган васиятнома бўлиши лозим. Умуман… Қани, гапириб бўлдингми? Чиқ, иккинчи маротаба бу тўғрида гапирмагин. Менга келсак… Мен ҳақимда қайғурмай қўяқол! Менам анойилардан эмасман!..

Кутмаган эканми, Червоннинг қовоқлари бирдан уйилиб кетди ва норози бош чайқаганча хонани тарк этди.

 

* * *

 

Йўлдош анча маҳалгача ухлай олмади. Уни ҳамон Червоннинг кутилмаган сўзлари азоблар, ўйлаб ўйининг охирига етолмасди. Ахир, бу яна нимаси? Нега кечагина қариянинг оёғини ўпишга тайёр турган одамлар бирданига унинг жонига қасд қилиш ҳақида ўйлаб қолишди? Сабаб нима? Мундоқ олиб қараганда, уларнинг еганлари олдида, емаганлари кетида. Валерий Михайлович бу каллакесарларнинг барчасига катта йўлни очиб берган. Ўзлари хоҳлаган ишларни қилишаяпти. Истаганларича пул сўраб олаётганларини ҳам Йўлдош ўз кўзи билан кўрди. Қариянинг хасислигини сира пайқамади…

— Э, йўқ, бу ерда бир гап борга ўхшайди. — хаёлидан ўтказди Йўлдош. — Червоннинг нияти бузилган. Агар шундай бўлмаганда, кечагина келиб ўрнашган одамга қўққисдан бу таклифни айтмасди. Демак, ҳушёр бўлишим лозим. Чунки, булар чолни мабодо ўлдирган тақдирдаям, мен кейингиси бўлиб чиқишим аниқ. Улар шунчаки… Айбларини яшириш учун менинг қўлим билан амалга оширишмоқчи қотилликни. Аҳмоғинг йўқ. Қани, тағин шу мавзуда гап очиб кўр-чи, ўз қўлларимминан тутиб бераман сен ярамасни…

Хона чироқлари ўчирилган, ҳаммаёқ қоп-қоронғи эди. Сукунатни қаерлардадир чўзиб-чўзиб ҳураётган итнинг бўғиқ овози бузиб турарди холос…

Йўлдош эндигина кўзларини юмиб ухлашга чоғланган эдики, яна эшик тақиллади.

У бир муддат индамай эшитиб ётди. Балки, ухлаган деб ўйлаб орқага қайтиб кетишар деб хаёл қилди.

Йўқ, эшик оҳиста, лекин кетма-кет тақиллайвергач, мажбуран ўрнидан турди.

— Қайси аҳмоқ ярим тунда эшик қоқади? — сўкинганча эшик зулфинини суғурди Йўлдош…

Ана шунда… Кутилмаган воқеа содир бўлди. Бошини қора ниқоб билан ўраб олган қандайдир кимса Йўлдош эшикни ушлаб ўзига тортган заҳоти унинг томоғига тўппонча тиради.

— Қани, қаҳрамон, ичкарига кир!.. — хириллаган овозда буюрди босқинчи. — Фақат овозингни чиқара кўрма!..

Йўлдош, албатта, бироз ўзини йўқотди. Қўққисдан томоғингга қурол тирашса, жуда хунук бўларкан.

Бироқ бир зумда ўзини ўнглаб босиқлик билан босқинчи кўрсатган ерга бориб тўхтади.

— Сен қайси очиқ гўрдан чиқа қолдинг ўзи?..

Бу овоз шунчалар таниш эдики, Йўлдош саволга жавоб қайтариш ўрнига овоз соҳибини эслашга уриниб кўрди. Аввалига сира эслай олмаганди. Нафас олишидан билиб қолди.

Ахир, бу Червоннинг ўзи-ку!.. Оббо гўрсўхта-ей! Охири ниятини ошкор қилибди-да!..

— Жавоб бер, келгинди! — давом этди Червон тўппончани Йўлдошнинг томоғига янада қаттиқроқ тираб. — Қайси очиқ гўрдан чиқа қолдинг деб сўраяпман.

— Ўзинг билмайсанми қаердан чиққанимни? Яхшиси, мақсадингни айт!..

— Айтмасам нима қилардинг? Ўлдирасанми? Ўзинг сезиб турибсан. Яшаш учун жудаям кам вақтинг қолди. Ҳозир манави тепкини секин боссам, ёруғ дунё кўзингга қоронғи бўлади-қўяди.

— Мени ўлдиришдан сенга нима фойда? — сўради Йўлдош унинг очиқ қолган кўзларига тикилиб. — Агар фойда бўлса, майли, ўлдиравер, мен розиман!

— Сен ифлос менинг йўлимга тўғаноқ бўлдинг. Қариянинг ўнг қўли бўлишга фақат мен лойиқ эдим. Сен келдинг-у, ҳамма умидларим пучга чиқди.

— Гап буёқда дегин? — жилмайди Йўлдош. — Шу дардинг бор экан, нега аввалроқ айтмадинг?.. Тўхта, кечагина қарияни ўлдириш пайида эдинг шекилли?..

— Бунисиминан ишинг бўлмасин… Агар яшашни истаётган бўлсанг, ҳозир секин лаш-лушларингни оласан-да, бу уйни бутунлай тарк этасан. Айтганимни қилмасанг, ўзингдан кўр!..

— Кетмасам-чи?

— Кетмайсанми? Ана энди ўзингдан кўр!..

Червон тўппончани қўллари билан маҳкамроқ қисиб тепкини босишга чоғланди…

Шу маҳал қаердан учиб келди, билмайди…

Тўппончанинг секингина «пақ» этгани эшитилди-ю, ҳозиргина Йўлдошнинг томоғидан отиш ҳаракатида турган Червон унинг оёқлари остига шилқ этиб тушди. Ҳатто, иҳ дейишга улгурмади…

Йўлдош шошиб ўзини орқага олди ва югуриб бориб чироқни ёқди…

Не кўз билан кўрсинки, Червоннинг қонга беланган жасади тепасида Валерий Михайлович қўлида учига овоз пасайтиргич ўрнатилган тўппонча тутаб турар, қурол тутган қўли дир-дир титрарди…

— Умримда ҳеч қачон ўз қўлим билан одам ўлдирмагандим. — деди у ҳамон кўзлари очиқ қолган жасаддан кўз узмай. — Қанча ярамасни нариги дунёга жўнатган бўлсам, бошқалар орқали қилганман бу ишни. Лекин бугун… Бугун бардошим етмади. Қара, бу нонкўр илгариям менинг сенга ўхшаш энг ишончли, содиқ дўстларимдан бирини ер тишлатганди. Энди сенга ҳамла қилди. Агар индамай қўйиб берсам, эртага мениям калламни сапчадай узиб ташлашдан тоймасди.

— Бу… Сизниям…

Йўлдошнинг гапи оғзида қолди. Валерий Михайлович оғиз очишга қўймади.

— Биламан, ўғлим, ҳаммасидан хабардорман. Сенга қандай таклиф киритганигача етказишди менга… Майли, бизнинг ишда сотқинлик ҳеч қачон кечирилмайди. Шу гапим ҳамиша ёдингда бўлсин… Айтганча, бу сенга атаб қўйган биринчи совғам бўла қолсин. Иккинчисини эртага қабул қилиб оласан. Қани, мурдани опчиқиб йўқ қилларинг!..

Қариянинг орқасида турган Латта ва яна икки соқчи йигит Червоннинг жасадини даст кўтарганча хонани тарк этишди.

— Сен бемалол уйқуни уравер! — деди Валерий амаки чиқиб кетаётиб. — Бунақанги нарсаларга вақти келиб сенам кўникиб кетасан…

 

* * *

 

Эрта тонг. Кенг елкали, мўйловдор, юзларига сепкил тошган Гоганинг шаҳар четидаги қароргоҳи. Худди немислардагидек ихчам, аммо жуда чиройли қилиб қурилган икки қаватли уй ҳовлисига кенг ва баланд сўри ўрнатилган. Айлана атрофи соқчи йигитлар билан ўраб олинган сўрида Гога бир ўзи нонушта қилиб ўтирарди.

— Ҳой, Илья!.. — кутилмаганда у уй томон ўгирилиб қичқирди. Шу заҳоти бўйи икки метрлар чамаси келадиган ингичка бўйин бир йигит югуриб келиб Гоганинг қаршисида пайдо бўлди.

— Чақирдингизми, хўжайин? — сўради у икки қўлини кўксига қўйиб.

— Ҳа, чақирдим. Қани, сўрига чиқ!..

Илья итоат билан сўрининг бир четига чўкди.

— Анави қариянинг дўкони нима бўлди?

— Валеранингми?.. Ярамаслар сира жон беришни исташмаяпти-да! — деди Илья бош эгиб. — Яхшиликчасига кўнмайдиган кўринишади. Ё дўконга ўт қўйиб юборайликмикан?

— Жинни бўлганмисан? Охири нима бўлишини ўйладингми, хомкалла?.. Ўт қўйиб юборармиш… Ундан кўра, бирор йўлини топларинг!.. Битта чолнинг чўнтагини шилиб ололмасанг, нима қилиб қанд еб юрибсан менинг даргоҳимда?..

— Айтишларича, янги келган ёрдамчиси жа пишиқ, қаттиққўлмиш.

— Нима?.. Анави ўзбакни айтаяпсанми?.. Вей, ҳали-чи, қаёқдаги ўзбак мендай грузинни қайириб ташлай олмаган. Бурнини артсин ўша келгинди!..

— Шунақа дейсиз-у, лекин…

— Бас қил! — Ильянинг ёқасидан олиб ўзига яқинлаштирди Гога. — Хотинчалиш!.. Агар кўзларимга кўринса ўша ўзбак, қандай аҳволга солиб қўйишимни кўрардинг!.. Ҳе, ҳезалаклар!..

Илья ниманидир сезгандек, тўсатдан дарвоза томон кўз ташлади.

— Хўжайин, кимдир келандай бўлди! — хириллади у қўллари билан дарвозани кўрсатиб. — Машина келиб тўхтагандай бўлди.

— Нима бўпти? — Гога унинг ёқасини қўйиб юборди-да, дарвозадаги соқчиларга қичқирди.

— Вей, ким экан? Нима иши бор экан?

Соқчилардан бири дарвозани очди-ю, аммо шу ондаёқ олдинга мункиб кўздан ғойиб бўлди. Орқасидан иккинчиси чиқиб… У ҳам қайтиб ичкарига кирмади.

— Ие, ким ўзи булар?..

Гога даст ўрнидан турди-да, тансоқчилари қуршовида ташқарига қараб юрди.

Ана шу маҳал ҳовлига Йўлдош кириб келди. Унинг атрофида ҳам автомат тутган ўн чоғли йигит қўриқлаб келарди.

— Ким ўзи бу нусха? — Гога секин Ильяни туртиб сўради.

— Ўша… Қариянинг янги ёрдамчиси шу, хўжайин!..

— Шунақами?.. Ҳой, ўзбак, менинг даргоҳимга берухсат киришга ким изн берди?..

Йўлдош ундан ўн қадамлар нарида тўхтади. Икки томоннинг соқчилари ҳам қуролларини отишга шай қилиб туришар, кўзлари бир-бирларини тешиб кетгудек совуқ чақнарди.

— Сен ким бўлибсанки, рухсат сўраб кирсам?! — жавоб қилди Йўлдош кулимсираганча уйни кўздан кечираркан. — Ўзинг бор-йўғи бир хизматкорсан…

— Оғзингга қараб гапир! — ўшқирди турган ерида Гога. — Ҳозир шу гапинг учун йигитларим қонингни канадай сўриб олишади.

— Йўғ-э, наҳотки?.. Улгуришармикан қонимни сўришга?

— Кўрсатиб қўйишсинми?

— Сен ундан кўра, орқангга ўгирил-да, томга қара!

Гога шошиб ортига ўгирилди. Томда беш нафар йигит у тарафга қурол ўқталиб туришарди.

— Энди чап томонингга боқ! Энди ўнгга!..

Ҳақиқатан, уй тахминан ўттиз нафар мерганлар томонидан ўраб олинганди. Гога буни кутмаган эканми, сал паст тушди.

— Нима бало, бутун бошли армияни бошлаб келдингми уйимга? — сўради у совуқ тиржайиш қилиб. — Ўзинг яхшиликчасига келсанг ҳам кутиб олардик…

— Сен яхшиликни билармидинг? — деди Йўлдош. — Агар яхшиликни билганингда, шаҳарда шундай обрўли одамни оёқости қилмасдинг. Билиб қўй, яна бир марта бизнинг «точка»ларга кўз олайтирганингни эшитсам, хафа бўлиб юрма!..

— Қўй энди ошна! — вазиятни юмшатишга урина кетди Гога. — Сенам, менам тижорат одамларимиз. Арзимаган пулни деб бир-биримизга қурол ўқталиб юрсак, одамлар нима дейди? Қўй, ундан кўра, дўст бўлиб қолайлик!.. Бирлашиб душманларнинг додини берайлик!..

— Шунақами? — кулди Йўлдош. — Яхши, биз кўндик деб ҳисоблайвер!.. Қўлни ташла, менинг исмим Ринад!..

— Жуда хурсандман! Мана бу эркакча гап бўлди, ошна!.. Миллатлар ўртасида дўстлик бўлса, ҳеч ким кам бўлмайди. Қани, сўрига марҳамат қил, дўстим! Биз энди сенминан қиёматли дўстмиз! Ҳой, Илья, нега қараб турибсан? Бор, Грузиямнинг энг зўр виноларидан опчиқ! Дўстимни бир меҳмон қилмасам шу кеча ухлай олмайман!..

— Кераги йўқ. — деди Йўлдош Гогага яқин келиб унинг елкасига қўлини қўяркан. — Очиғи, эрталабдан ичадиган одатим йўқ. Меҳмондорчиликни Худо насиб қилса, келаси сафар албатта уюштирамиз…

— Шундайми? Ҳа майли, нимаям дердик? Зоримиз бор, зўримиз йўқ… Хўш, Ринад, бизга яна қандай хизматлар бор?.. Айтавер, мен яқин дўстларим учун жонини фидо қиладиган йигитман.

— Сенгами? Ҳалиги гап. Бизнинг «точка»лар тинч турса бас.

— Гап йўқ, ошна!.. Ҳозироқ йигитларни огоҳлантириб қўяман!

— Бўпти, кўришгунча!..

Йўлдош секин ташқарига йўналди. Соқчилар эса, барибир ҳушёр юриб боришар, ҳар қадам босганда орқаларига қараб-қараб олишарди…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ