БИЛАСИЗМИ?..

0

 

 

АЖДАҲО АФСОНАМИ Ё РЕАЛЛИКМИ?..

 

Ер юзида халқ йўқки, аждаҳо ҳақида гапирмаган, фикр юритмаган, ўйламаган, бебош фарзандларни қўрқитмаган бўлса. Деярли барча халқларда аждаҳо жуда улкан илон кўринишида, икки ва учбошли, оғзидан олов пуркайдиган жонзот сифатида тасаввур қилинади. Хўш, аслида аждаҳо бўлганми ёки шунчаки ўйлаб топилган афсонами?

Олимларнинг баъзилари буни афсонага йўйишади. Айримлари эса аксинча аждаҳо қачонлардир ер юзида яшагани, улар динозаврларнинг авлоди бўлганини айтади. Бошқа бир олимлар гуруҳи эса аждаҳо тимсоҳларга ўхшаб кетишини, аммо устки қисми илонлардаги каби пўст билан қопланганини таъкидлайди. Археологлар қачонлардир қазиш ишлари олиб бориш жараёнида худди аждаҳога ўхшаб кетадиган жонзотнинг қолдиқларини топишган. Лаборатория шароитида қолдиқлар ҳақиқатан афсонавий аждаҳога тегишли, фақат динозаврлар авлоди экани аниқланди. Яна шу нарса маълум бўлдики, бу аждаҳо оғзидан ҳеч қачон олов пуркамаган экан.

Қадимий мифологияга назар ташлайдиган бўлсак, аждаҳолар дунё шаклланишида фаол иштирок этгани, кейинчалик табиий офатларни бошқарганига гувоҳ бўламиз. Хитойликлар, японлар ва корейслар катта ва нуфузли байрамлар учун аждаҳо тимсолини асос қилиб олишган. Европаликлар назарида эса аждаҳо ёвузлик, шарқликлар наздида яхшилик белгиси ҳисобланади.

Қадимда Геродот ҳам аждаҳолар ҳақида маълумотлар ёзиб қолдирган. Унинг ёзишича, Қрим соҳилларида узунлиги 20 метр келадиган аждаҳо яшаган. Бошининг устки қисмида тожга ўхшаш ўсимта бўлган. Думи, панжалари узун ва ўткир тирноқлардан иборат бўлган. Кўзлари қизил бўлиб ҳамиша ёниб турган. Аждаҳо жуда тез ҳаракатланган. Ҳаракатланган маҳал ўзидан жуда ёқимсиз товуш тарата борган.

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади