«Учта тахмин бўйича иш олиб борилмоқда». Туркиялик адвокат Қодирова иши бўйича маълумот берди

0

Туркияда жиноий иш билан шуғулланаётган прокурорга босим ўтказилиши мумкин эмас. Ҳар бир иш қонун доирасида олиб борилади. Туркиялик адвокат Анна Ўзэл Kun.uz мухбирига интервьюси давомида шундай фикрларни билдирди.

Ўзбекистонлик Нодира Қодирова иши юзасидан Туркия матбуотида турли хабарлар пайдо бўлмоқда. Kun.uz мухбири ушбу жиноий иш билан боғлиқ суриштирув-тергов жараёни қандай бораётгани билан танишиш мақсадида Туркия Республикасида бўлиб, Анқара шаҳри бош прокурори Юксел Кожаман ва мазкур иш билан биринчилардан бўлиб танишган адвокат Анна Ўзэл билан учрашди.

«Мен 4 йилдан буён Туркияда адвокатлик фаолияти билан шуғулланаман. Юридик фанлари магистриман. Нодира Қодирова иши билан биринчилардан бўлиб танишган адвокатлардан бири ҳисобланаман», – дейди Анна Ўзэл.

У мазкур иш ҳақида Ўзбекистоннинг Туркиядаги Фавқулодда ва мухтор элчихонасидан хабар топган. Унинг айтишича, мазкур жиноий иш билан шуғулланаётган прокурор жиноий иш доирасида ўз жонига суиқасд, ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш ёхуд қасддан қотиллик бўйича эҳтимолларни кўриб чиқаётганини билдирган.

«Мен ушбу иш ҳақида Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонасидан хабар топдим. Элчихона бу ишни махсус назоратига олган. Иш билан танишиш асносида прокурорнинг менга тушунтиришича, турли тахминлар бўйича иш олиб борилмоқда. Булар ўз жонига суиқасд, ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш ёхуд қасддан қотиллик. Прокуратура ишни Туркия қонунчилиги доирасида олиб бормоқда. Тергов ишлари олиб борилмоқда», – деди адвокат.

У, шунингдек, турли нашрларда пайдо бўлаётган хабарлар, жумладан, Нодира Қодирова мурдаси экспертиза қилинмаганига оид хабарларга изоҳ берди.

«Мен иш билан шахсан танишдим. Мен кўрганимда жиноий иш тўплами 200 саҳифалар атрофида эди. Прокурор яхши ишламоқда. Экспертиза ўтказиш учун марҳум жасадидан намуналар олинган ва суд-тиббий экспертизага топширилган. Таҳлил натижалари тайёрланади», – дея таъкидлади Ўзэл.

Адвокат турк қонунчилиги бўйича тергов жараёни қанча муддат давом этиши мумкинлигига доир саволга ҳам ойдинлик киритди.

«Туркияда тергов муддати қонунда маълум бир сана билан белгиланмаган. Аммо, маъқул муддатда, дея қайд этилган. Одатда тергов жараёни олти ойдан бир йилгача давом этиши мумкин», – деди Анна Ўзэл.

Адвокат хоним Kun.uz мухбири билан суҳбатлашар экан, Туркияда тергов ҳаракатлари сиёсий ёки бошқа қандайдир таъсир туфайли тўхтатилиши мумкин эмаслигини таъкидлади.

«Мен Туркияда 4 йилдан буён адвокатлик қилсам, асосан, жиноий ишлар билан шуғулланаман. Шу вақтгача мен бирор ишнинг депутат ёки сиёсий нуқтаи назардан ёпилганига дуч келганим йўқ. Чунки, Туркия ўзининг одил суд тизимини қадрлайди.

Бундан ташқари, Туркия одил суд тизими доимий равишда такомиллашиб бормоқда. Шунга кўра, бирор депутат ёхуд сиёсий арбоб сабабли ишни ёпиш ёинки бирор далилни йўқотишга доир уринишлар бўлмайди», – дея қайд этди адвокат.

Анна Ўзэл, шунингдек, гумонланувчилар ёхуд уларнинг юқори мартабали дўстлари прокуратура, ички ишларнинг тергов олиб боришига, суднинг одил судловни таъминлашига қанчалик таъсир кўрсатиши ёки босим ўтказиши мумкинлиги ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.

«Биласизми, менинг шахсий тажрибамдан келиб чиққан ҳолда айта оламан, полиция ёки жандармериянинг қуйи идораларига таъсир қилишлари мумкиндир, лекин прокуратура ёки судга босим ўтказишлари мумкин эмас, деб ҳисоблайман.

Истанбулда бўлиб ўтган сайлов натижаларини ҳам мисол келтирса бўлади. Ҳукмрон партия бу шаҳарда ютқазди. Сайлов натижасига қандайдир таъсир қилиш ҳолати кузатилмади. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, Нодира Қодирова иши, унда ҳукмрон АКП депутатининг ёки оиласининг номи бўлгани учун ёпилади, деб ўйламайман. Қолаверса, бу иш Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси томонидан қатъий назоратга олинган», – деди адвокат.

Анна Ўзэл ижтимоий медиадаги хабарларга ҳам ўз муносабатини билдирди.

«Ижтимоий тармоқларда бу иш бўйича заҳарлаш кузатилмоқда. Биласизми, ижтимоий тармоқдагилар, улар иш материаллари билан таниш эмас, улар барчаси қаерда рўй берганини, иштирокчиларини ҳам билишмайди, ҳар бир инсон бундан фойдаланишга уринади», – деди Анна Ўзэл.

Толиб Раҳматов, Kun.uz мухбири