“АЖДАҲО” ЧАНГАЛИДА… (8-қисм)

0

 

 

* * *

 

Йўлдош йигитлар билан бирга қариянинг «қароргоҳ»ига қадам босиб улгурмай, чўнтагидаги қўл телефони жиринглади. Телефон одатда Валерий Михайлович қўнироқ қилгандагина жирингларди. Шунинг учун бу гал ҳам Йўлдош тугмачани босибоқ ҳар галги саломини такрорлади.

— Салом, Валера амаки! Ҳаммаси яхши!..

— Мен амакинг эмасман! — гўшакдан қандайдир таниш овоз эшитилди-ю, аммо Йўлдош дарҳол овоз соҳибини анлаб ололмади.

— Кечирасиз, кимсиз?

— Ие, эски танишларниям шу қадар тез унутадими одам?..

Бу Қувондиқ ака эди. Йўлдош таниб бироз хижолат тортган бўлди.

— Узр, ака, сал хаёл олиб кетган экан. Ўзингиз қалайсиз? Қаердасиз?

— Сен яшаб турган шаҳардаман. Гап бор. Тезда Ульянов кўчаси, еттинчи уйга етиб кел!.. Иложи борича тезроқ, ука! Вақтим жуда оз!

— Хўп бўлади!..

У чиндан ҳам хурсанд бўлиб кетганди. Ахир, келганидан бери Қувондиқ ака бирор марта ҳам қўнғироқ қилмаган! Йўлдош ана шунга ҳайрон бўлиб юрганди…

Кўз очиб юмгунча машина уни айтилган манзилга олиб борди.

Уй жуда кўримсиз эди. Ҳатто, кириладиган эшиги ҳам яримтаки тахталардан амаллаб тикланган. Чорпоядеккина ҳовлини хазон босган…

— Ҳа, ҳайрон бўлдингми нега ака бу қадар эски ҳовлига жойлашибди деб? — кулди Қувондиқ ака Йўлдошнинг билагидан тутиб омонатгина стулга ўтқазаркан. — Ҳайрон бўлма, мана, сен ҳарқалай ишончимизни оқладинг! Худо хоҳласа, қасрлардай ҳовли олиб берарсан…

— Устимдан кулманг-да, ака! — деди Йўлдош бироз хижолат тортган кўйи. — Ҳали сиздай бўлгунимча қанча қовун пишиғи бор!..

— Майли, бу гапларни қўйиб турайлик… Сенга битта топшириқ бор.

— Эшитаман.

— Сени бу ерга нима мақсадда юборганимни тушуниб етгандирсан?

— Ҳа, дўстингизга ёрдам беришим учун.

— Бу тўғри. Локигин сен асосий мақсадимни тушунмаган кўринасан.

— Яна қанақа мақсад?

— Аниқлаб билдимки, чол сенга ўзига ишонгандай ишониб қолган. Бутун сир-асрорларидан хабардор экансан.

— Тўғри, Валера амакиминан муносабатларимиз ёмон эмас.

— Куни кеча сени ўлимдан олиб қолганмиш. Ростми?

— Ҳ-ҳа… Бир ярамас мени ўлдирмоқчи бўлганди…

— Энди-чи, ошна, чолни банкротга учратиб, бойликларини арра қилиш вақти етди.

— Нима?..

Йўлдош беихтиёр ўрнидан туриб кетди.

— Қанақа банкрот?..

— Қанақа бўларди?.. Нима, мен сени шунча пайт бир дунё пул сарфлаб бекорга тайёрладимми?.. Йўқ, бу ярамас милён-милён пулларга осонгина эгалик қилиб ўтирибди… Хуллас, кўп гапириб ўтиришни ёқтирмайман, биласан. Ҳозир борасан-у, ишга киришасан. Биринчи қиладиган ишинг, чолдан васиятнома олиш. Агар у сенга бутун бойликларини хатлаб берса, ошиғимиз олчи деявер!.. Ундан кейин… Битта қарияни ўлдириш сен учун чўт эмас… Бўпти, бор, биронта ҳидланиб юрмасин! Сенга бир ҳафтадан кейин қўнғироқ қиламан. Шу муддат ичида ҳамма ишни қойиллатишинг лозим. Мабодо, хаёлинг бузиладиган бўлса… Биласан-а, сени турмага қайтариб юбориш менинг қўлимда!?.

Йўлдош индамади. Бирор сўз айтишга ожиз эди. Шу тобда хаёллари буткул чалкашиб кетганди. Яқиндагина ўзи жонли маъбудга айлантириб қўяёзган Қувондиқ ака аслида бунчалар айёр, шафқатсиз одам эканига сира ишонгиси келмасди…

 

* * *

 

— Болам, кел, тўрга ўт!..

Йўлдош ичарига кириб келиши билан Валерий Михайлович уни ўтиришга ундади.

Пайқамаган экан. Бир четда кўзойнак таққан озғингина эркак ҳам ўтирарди.

Шоша-пиша унга салом берди.

— Бу одам нотариус. — таништирди қария. — Биласанми, грузиннинг попугини пасайтирганингни эшитиб меҳрим товланиб кетди… Нима қилай, дунёда яқин дўстим қолмабди ўйласам. Битта сени Худонинг ўзи юбориб қўйибдики, келгусида сендан бошқаси менинг ишларимни давом эттира олмайди. Бунга тўлиқ аминман. Шунинг учун… Сенга айтгандим-ку, иккинчи совғани кейин оласан деб… Ҳозир сенга бутун топганларимни хатлаб бераман. Иншооллоҳ, ҳозирдан эътиборан барча ишларни, маъсулиятни, қолаверса, ҳокимликни ўз қўлингга оласан-у, яшайверасан.

— Б-бу нима деганингиз? — деди Йўлдош иккиланиб. — Кечагина келиб…

— Бу гапларни зинҳор тилингга олма! Сен менинг энг содиқ ёрдамчим. Меросхўр бўлишга ҳақлисан. Қани, манави қоғозларга имзоингни қўй!..

Валерий Михайлович сўзини қайтарганларни ёқтирмаслигини Йўлдош билиб қолганди. Шу сабабли индамай кўрсатилган қоғозларга имзо қўйди.

— Табриклайман сени, ўғлим! — уни бағрига босиб кўзларига ёш олди қария. — Ўтинаман, мендан кейин ишларни тўхтатиб қўйма! Учраган одамнинг гапига ишониб кетаверма! Ўзингга маҳкам бўл! Кейин бир кун келиб албатта илгари тайинлаганимдек, бойликларни ватанга олиб кет!.. Бу ерда қолиб кетмасин!.. Шундагина руҳларим шод бўлади…

Бу ҳодиса шу қадар тез муддат ичида содир бўлгандики, Йўлдош хонасига киргандан кейин ҳам ишонгиси келмади…

Бироз муддат ўтгач, беихтиёр Қувондиқ аканинг сўзларини эслади… Ва ижирғаниб қўйди.

— Ифлос-ей, — шивирлади ўзича. — бойликни арра қилармиш. Қилиб бўпсан!.. Энди бойликлар меники! Мен эса, ўзимга тегишли нарсани бировга инъом қилишни, айниқса, сендақанги ифлосларга тортиқ қилишни ёмон кўраман!

Шу куни Йўлдош негадир жуда эрта уйғониб кетди. Бунақаси камдан-кам бўларди. Одатда турли югур-югурлардан сўнг чарчаб ўзини каравотга ташладими, тамом, соат эрталабки еттисиз кўзларини оча олмасди. Бугун эса…

Кўнгил ҳам ғаш. Юрак худди кўнгилсиз ҳодисани сезаётган каби одатдагидан тезроқ ураяпти…

У уф тортганча стол устидаги соатига қаради. Энди тўртга яқинлашибди.

Валерий Михайловичнинг ётоқхонаси рўпарада жойлашгани сабаб деразадан хона ичкариси ойнадай кўриниб турарди.

Йўлдош секин ўрнидан туриб ўша томонга назар ташлади.

Қизиқ, негадир қариянинг чироғи ёниқ.

— Уйғонган бўлса керак. — кўнглидан ўтказди Йўлдош. — Кириб ҳол-аҳвол сўраб қўйсаммикан?.. Кеча қанақадир… Ғалатироқ сезаётганди ўзини…

Адашмабди. Йўлакдаги, ҳовлидаги қўриқчилар ҳам уёқдан-буёққа безовта бориб келишар, қовоқларидан қор ёғарди.

— Нима бўлди ўзи? — эшик олдидаги соқчи йигитдан сўради Йўлдош йўл-йўлакай кўйлаги ёқасини тўғрилаш асносида. — Тинчликми?..

— Сизни уйғотмасликни буюргандилар. — оҳиста Йўлдошнинг қулоғига шивирлади соқчи. — Чарчаган, Ринад акангга тегмаларинг деб қаттиқ тайинладилар.

— Мен сендан нима бўлди деб сўраяпман! — кутилмаганда соқчининг ёқасидан олди Йўлдош. — Нимага чайналасан? Гапир!

— Валерий Михайловичнинг анча мазалари қочган. Ҳозир олдиларида врач ўтирибди.

Йўлдош бу гапни эшитди-ю, эшикни авайлабгина очиб ичкарига қадам қўйди.

Ҳақиқатан қария каравотида кўзларини юмган ҳолда ётар, хос врачи билагига укол қилаётган экан.

— Нима бўлди? — врачдан сўради Йўлдош каравотнинг бир четига ўтириб Валерий Михайловичнинг пешонасига қўлини қўяркан. — Кеча кўрганимда яхши эдилар-ку!..

— Юраклари яна безовта қилибди. — жавоб қилди врач. — Охирги пайтларда тез-тез хуруж қиладиган бўлиб қолган.

Йўлдошнинг овозини эшитдими, қария кўзларини очди.

— Намунча эрта уйғонмасанг, болам? — эшитилар-эшитилмас Йўлдошга пичирлади у. — Кеча кўп ишлагансан. Бор, ётиб ухла! Мен… Яхшиман…

— Сиз хавотир олманг, Валера амаки! — деди Йўлдош қариянинг пешонасига қўлини қўйиб. — Уколдан кейин бироз ухлаб дам олишингиз зарур.

Қария норози қўл силтаб қўйди.

— Э, бу уколни ўн беш йилдан бери қилишади менга. Фойдаси бўлса-чи!.. Қўлларимни илма-тешик қилганлари қолади, холос…

— Шуям дардингизга бир малҳам-да!..

— Менга қара, — қария Йўлдошнинг билагидан ушлаб кафтларини юзига босди. — сени болам деганман… Илтимос, мендан кейин анави беданаларим қаровсиз қолиб кетмасин!.. Мен уларни бир умр қаёқлардан ташиб келиб йиққанман…

— Оббо сиз-ей! — ўзини мажбурлаб бўлса-да кулимсиради Йўлдош. — Ҳалитдан ўлимни бўйнингизга олиб ўтирибсиз-а!.. Мана кўрасиз, бир-икки соатдан кейин отдай бўп кетасиз…

Валерий Михайлович жавоб бермади. Аксинча қўлини кўтариб бир-икки эшик томонга ишора қилди. У Йўлдошни хонадан чиқиб туришга ундарди чамаси…

— Б-бедана… Б-б-б…

Бир умр шаҳридаги манаман деган кимсаларни зир титратиб келган Валерий Михайлович сўнгги сўзларни тўлиқ айтишга улгурмади. Аввалига хириллаб йўталмоқчи бўлди. Кучи етмади шекилли…

Уч-тўрт бор ётган ерида кўксини кўтариб-кўтариб олди-ю…

Жимиб қолди…

Йўлдош бўлса… Мурданинг кўксига бошини қўйганча юм-юм йиғларди…

 

* * *

 

 

Валерий Михайловичнинг жасадини шаҳардаги энг нуфузли шахслар дафн этиладиган қабристонга олиб келишди. Дафн маросимига жуда кўп одам йиғилганди.

Йўлдош дарвозадан иккита «Мерседес» ичкарига кирганини кўриб ҳушёр тортди. Машиналар негадир танишдек эди…

Ҳа, танишлиги аниқ. Бу Гогага тегишли машиналар экан. Грузин қоп-қора костюмда тансоқчилари ҳамроҳлигида тўппа-тўғри Йўлдошнинг ёнига келди ва уни бағрига босди.

— Эҳ, дўстим, шундай улуғ инсондан айрилиб қолдик! Таъзиямни қабул эт!..

— Раҳмат, Гога, келганингдан хурсанман! — деди Йўлдош гарчи душманининг сўзлари, қовоқ уйишлари ясама эканини сезиб турган бўлса-да. — Шундай оғир кунда фақат яқин дўстларгина ҳол сўрашга келади.

— Ҳа, гапларинг тўғри. Орамиздаги баъзи бир низоларни шу ернинг ўзида, шу онларда унутиб худди қариндошлардек борди-келди қилишни, бирлашишни истардим, дўстим!..

Йўлдош атрофдагиларнинг ола қараётганига эътибор бермаслик учун Гогани янада қаттиқроқ қучиб қулоғига шивирлади:

— Ўзинг айт, бир-бирининг қонига ташна бўлиб юрадиган одамлар бирлаша олармикан?

— Бу нима деганинг, Ринад? — бош чайқади Гога. — Бундай хаёлларни каллангдан чиқариб ташла!.. Энди қария йўқ. Шундай одам ҳам… Мана, кўриб турибсан, қуруқ қўл билан орамиздан кетди. Дунё шунақа-да!.. Минг чиранганимиз билан, бир-биримизни ўлдириб-сўйганимиз билан нимага эга бўламиз? Шу икки метр чуқургами? Қўй, энди Валерий Михайлович амалга оширолмаган ишларни сен юзага чиқаришинг керак. Агар мендан ёрдам зарур бўлса, уйимни биласан. Бемалол суянаверишинг мумкин…

Шу пайт Йўлдошнинг кўзлари бир четда уларга тикилиб турган Қувондиқ акага тушиб қолди.

— Ие, — хаёлидан ўтказди у Гогани бағридан бўшатаркан. — қачон келди бу нусха?.. Қўнғироқ ҳам қилмаганди. Қаёқдан эшита қолдийкин?..

Қувондиқ ака ҳам Йўлдошнинг хаёлларини пайқаган кўйи аста юриб келиб елкасига қўлини қўйди.

— Бардам бўл, йигит!.. Валера амакини Худо раҳмат қилсин-у, иккаламизниям келгусида яхши ниятларимизга етказсин!..

— Тўғри, — жавоб қилди Йўлдош зўрға жаҳлини ичига ютиб. — фақат яхши ниятларимизгагина етказсин, ишқилиб!..

Қувондиқ ака совуққина кулиб қўйди-да, видолашиш учун сўз олган Гога томонга ўгирилди.

— Дўстлар, — қовоқларини уйганча сўз бошлаганди Гога. — Мен жуда қайғуда қолдим. Қаранглар, бу ерда марҳумнинг қанча-қанча дўстлари, яқинлари туришибди. Шулар қаторида мен ҳам бу инсонни отам дегандим. Келгусида унинг меҳридан, мурувватларидан баҳраманд бўлармиканман деб умид қилгандим. Афсус, отамиздан айрилиб қолдик!.. Мен энди бу инсоннинг давомчиси бўлиб қолаётган мана бу Ринадга… Ҳамманинг олдида сўз бериб айтаман… Шу йигитга қиёматли оға бўлдим!.. Дўстим, Ринад, сенга Худо сабр берсин! Мен ҳамиша ёнингдаман!..

 

* * *

 

 

Валерий Михайловичнинг йигирмаси куни Қувондиқ ака яна келди. Йўлдош ҳали у телефон орқали айтган совуқдан-совуқ гапларни унутолмаган бўлса-да, барибир ҳозир қадрдонлардек муносабатда бўлишга мажбур эди. Қолаверса, қария ўлимидан аввал қаттиқ тайинлаган.

— Қувондиқ билан ёвлашма! У жуда кучли одам. Жонингга жабр қилиб қўймагин!..

Йўлдош бир четда хомуш ўтирган Қувондиқ аканинг ёнига келиб ўтирди. Нимадир демоқчи бўларди. Лекин нафрат устунлик қилиб тили ҳадеганда айланавермасди. Уни бу ҳолатдан Қувондиқ аканинг ўзи олиб чиқди.

— Сенга яна бир хунук хабарни етказиб қўймасам бўлмайди. — деди у овозини ҳийла пасайтириб. — Умид қиламанки, бу ишда тағин мени айбламайсан.

— Қандай хунук хабар?

— Биласанми, келганингга… Адашмасам, яқин-яқинларда… Бир йил бўлади.

— Тўғри, икки ойдан сўнг бир йил бўларкан.

— Хотининг… Турмушга чиқиб кетибди.

— Нима?.. — Йўлдошнинг бошига кимдир гурзи билан ургандек сапчиб кетди. — Нима дедингиз?

— Хотининг Мавжуда бошқага тегиб кетибди.

— Қ-қанақасига?.. Ахир…

— Ўзингни бос! — Йўлдошни елкасидан тутиб жойига ўтқазди Қувондиқ ака. — Кўрмаяпсанми, стол атрофида шаҳарнинг казо-казолари ўтиришибди. Эркак деган бундай маҳалларда оғир-босиқ бўлади.

— Хўп-хўп, ўзимни босдим. Қани, батафсилроқ гапиринг-чи!..

— Нимасини гапирай? Сени ўлди деб эълон қилишгандан кейин у шўрлик анча вақтгача ич-этини еб юрган. Айтишларича, аввалига ўлганингга ишонмаган. Нимаям дердим? Орадан олти ойча ўтгач, ниҳоят тақдирга тан берган. Кунларнинг бирида эса, қандайдир тижоратчи йигит билан тасодифан танишиб қолган-у…

— Шунақа денг?.. — Йўлдош муштлари тугилиб суҳбатдошига асабий тикилиб қаради. — Менга қаранг, нега сиз фақат совуқ хабар олиб юрасиз-а?.. Сизни таниганимдан бери оғзингиздан фақат шунақанги совуқ гапларнигина эшитиб келдим. Нега шунақасиз-а?..

Қувондиқ ака билинар-билинмас кулиб қўйди.

— Сен ҳақсан, ука! Касбим шунақа. Нима қилайки, мен фақат шу тахлит совуқ хабарларни қидириб юришга мажбурман. Биламан, ҳозир ҳам мени кўришга кўзинг йўқ. Майли, сабр қилишдан бўлак иложим йўқ. Бир кун келиб кимнинг ким эканини ўзинг ажратиб оласан. Лекин эсингда бўлсин, бойлигинг кўпайгандан кўпайиб, еттинчи осмонда сайр қила бошлаганингдаям, барибир сен бегона юртдасан. Бу ерлар сенга ҳеч қачон ватан бўла олмайди. Чунки, ҳар бир жойнинг ўз бўрилари бўлади. У бўрилар пайт пойлаб сира чарчашмайди. Энг оғриқ жойингни топишган куни бир ҳамла билан бўғизлаб кетишади. Майли, менга рухсат! Ишларим кўп Фақат… Аввалги сафар айтган таклифимни яна бир ўйлаб кўр!.. Ҳарқалай, мен билан шерик бўлсанг, кам бўлмасдинг!..

Йўлдош ғиқ этмади. Шу тобда хаёлига Мавжудадан бўлак ўй сиғмасди.

 

* * *

 

Йўлдош ухладими-йўқми, эслай олмайди. Рўпарасида қадрдон шаҳарчаси намоён бўлди. У эҳтиёткорлик билан уйи томон юриб борарди. Ана, ўзи бир пайтлар қалбини бериб ишлаган участка нозири хонаси. Эшикка негадир қулф урилибди.

— Ие, — ўйлади Йўлдош узоқдан кабинетни кўз ташлаб. — мендан кейин ҳеч кимни қўйишмадими нима бало?.. Милициядаям қонун-қоида қолмабди шекилли… Э, ўлиб кетишмайдими?..

У квартирасига яқин келгани ҳамоно юраги безовта ура бошлади.

Ана, ҳозир эшик қўнғироғини чалади-ю, ичкаридан бегона нусха чиқиб келади…

Йўқ, тўполон кўтармайди. Бунга ҳаққи йўқ. Чунки, Мавжуданинг наздида у ўлган. Ишқилиб, Йўлдошни кўриб бечоранинг жони чиқиб кетмасин!..

Эҳ, Мавлуда қизи катта бўлиб қолгандир. Бир марта кўриб бағрига босса бас. Орқасига қайтади. Бир оғиз сўз демай кетади бу ерлардан…

Шу пайт кимнингдир зиналардан кўтарилиб келаётгани эшитилгандай бўлди ва Йўлдош шошиб орқасига ўгирилди…

Не кўз билан кўрсинки, рўпарасида озиб кетган, юз-пешоналарини ажин босган. Сочлари пахтадай оқариб, кўзлари ичига тортиб кетган бир аёл пайдо бўлди…

Аёл Йўлдошга мунгли нигоҳлар билан боқиб турар, бир оғиз сўз демасди…

— С-сиз кимсиз? — сўради Йўлдош аёлга бошдан-оёқ назар ташлаб оларкан. — Қўшнисиз, топдимми?..

— Бу… Нима деганингиз?.. М-мен…

Аёл беихтиёр қўлидаги сумкачасидан узун бир пичоқ чиқарди-да, Йўлдошга ўқталди.

— Сен… Қотилсан!.. Ўз фарзандингнинг бошига етган ярамас қотилсан!.. Нега келдинг? Устимдан кулиш учунми?.. Ҳозир сени…

Бу ҳолат… Фақатгина тушларда рўй бериши мумкинлигини Йўлдош сезиб турар, бироқ… Бироқ шошиб қолганди… Ахир, жон ширин!.. Қочиб қолмаса ўлдириб юборишданам тоймайди бу телба аёл…

— Сизга нима керак? — орқасига тисланди Йўлдош. — Қанақа фарзандни гапираяпсиз?..

Аёл жавоб бериш ўрнига бошини бир-икки орқага силкитганди, оппоқ сочлар қандайдир ғалати суюқликка айланди-ю, ўзидан қайноқ буғ чиқариб пастга оқиб туша бошлади. Буғ шу қадар қайноқ эдики, Йўлдошнинг юзларига тафти урилиб куйдириб ўтди…

— Сизга нима бўлди? Ака, кўзингизни очинг!..

Йўлдош сапчиб ўрнидан турди. Тепасида Семен исмли хос соқчи турар, қўлидаги сочиқ билан Йўлдошни тинмай елпирди.

— Мен… Ухладимми?..

— Бақириб юбордингиз. — деди Семен. — Кирсам, кўзларингиз юмуқ. Алаҳсираётган экансиз…

— Ҳа, ёмон туш кўрдим шекилли. — ўрнидан туриб кўзларини ишқалаган бўлди Йўлдош. — Сен чиқиб машинани тайёрла!.. Офисга боришимиз керак…

— Ака, шаҳар мэрининг муовини Денис Абрамович қўнғироқ қилганди.

— Нима иши бор экан у қари тулкининг?

— Б-билмадим… Сиз билан учрашмаса бўлмаслигини айтганди.

— Қўнғироқ қилиб айт, офисга бораверсин!.. Тўхта, анави Гога томонда нима гаплар? Бирор янгилик борми?

— Ҳа, сал бўлмаса эсимдан чиқаёзибди. Маълумотларга қараганда, Гога сизни йўқ қилиш ҳаракатида юрганмиш.

— Йўғ-э, — ҳушёр тортиб Семенга қаттиқроқ тикилди Йўлдош. — мен у ифлосга нима ёмонлик қилибманки, мени ўлдирса?..

— Унисини билмадим. Лекин шаҳардаги энг кўзга кўринган киллерларни чақиртириб гаплашганини айтишди менга.

— Запорожецдан умид қилаётган бўлса керак-да!.. Семен, Гоганинг олдига бориб бир «ҳид» олиб келмайсанми?

— Қандай?.. Нима деб бораман?..

— Биласанми, эшитишимга қараганда, у бизнинг йигитларни аста-секинлик билан ўз томонига оғдирмоқчиймиш. Катта пул ваъда қилаётганмиш. Масалан, Червонниям ўша ёллаган экан. Буниям аниқладик. Хуллас, сенам борасан-да, ёлланмоқчи эканингни айтасан. Қўрқма, мени истаганингча ёмонлайвер!.. Сенга ишонаман. Аммо асосий вазифангни унутиб қўйма!

— Қандай вазифа?

— Мени ҳақиқатан ўлдирмоқчи бўлса, вақтини, жойини режалаштиргандир. Сен кутилмаганда унга таклиф киритасан. Шу ишни менга топширинг, сизга ўла-ўлгунимча ҳалол хизмат қиламан деб ёлғондан ваъда берасан. Шундай ишонтиргинки, Гогадай тулки ҳам сўзларингга лаққа тушсин! Уёғини менга қўйиб беравер! Агар шу ишни қойиллатсанг, сени ўзимга ёрдамчи қилиб оламан. Ўнг қўлим бўласан.

— Хўп бўлади, ака! — мамнун кулимсираб икки қўлини кўксига қўйди Семен. — Бу ишлар менга чикора. Ишонишингиз мумкин!..

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ