Аллоҳнинг имтиҳони

1

Бани Исроил қавмида уч киши бўлиб, бири пес, бири кал, яна бошқаси эса кўр эди. Парвардигор уларни синамоқчи бўлиб, бир фариштани одам қиёфасида юборди. Фаришта песнинг олдига бориб:
– Энг яхши кўрган нарсанг нима? – деб сўради. Пес:
– Чиройли рангли терини яхши кўраман ва одамлар жирканаётган мана бу песликнинг мендан кетишини истайман, – деди. Шунда фаришта уни силаб қўйган эди, унинг оқарган жойлари йўқолиб, танаси чиройли рангга кирди. Фаришта:
– Сен учун энг суюкли мулк нима? – деган эди, у:
– Туя, – деб жавоб берди. Унга бўғоз туя берилди. Фаришта:
– Бунда сенга Аллоҳнинг баракоти бўлсин, – деб хайрлашди.
Фаришта энди калнинг олдига келиб:
– Энг яхши кўрган нарсанг нима? – деб сўради. Кал:
– Чиройли сочни яхши кўраман ва мендан мана бу калликнинг кетишини истайман, – деди. Фаришта уни силаган эди, ундан каллик кетиб, чиройли соч берилди. Фаришта:
– Сен учун энг суюкли мулк нима? – деган эди, у киши:
– Сигир, – деди. Унга бўғоз сигир берилди. Фаришта уни тарк этар экан:
– Бунда сенга Аллоҳнинг баракоти бўлсин, – деди.
Сўнгра фаришта кўрнинг олдига бориб:
– Энг яхши кўрган нарсанг нима? – деб сўради. Кўр:
– Аллоҳ менга кўзларимни қайтариб берса-ю, яна одамларни кўра олсам, – деди. Фаришта уни силаган эди, Аллоҳ таоло уни кўрадиган қилиб қўйди. Фаришта:
– Сен учун энг суюкли мулк нима? – деган эди, у киши:
– Совлиқ қўй, – деди.
Уларга берилган барча жониворлар болалаб-кўпайди. Биринчисида бир водий туя, иккинчисида бир водий мол, учинчисида бир водий қўй бўлди. Кейин фаришта аввалги сурати ва кўринишида песнинг олдига келиб:
– Мен бир бечора кишиман, уловим ҳам йўқ, сафар учун олган озуқам ҳам тугади. Бугун манзилимга етиб олишнинг иложи қолмади. Фақат Парвардигорнинг карами, сўнгра сенинг ёрдаминг билан манзилимга етишим мумкин. Шунинг учун сенга чиройли ранг, гўзал тери ва бойлик берган Аллоҳнинг ҳурмати, бир дона туя сўрайман. Менга берган туянгда манзилимга етиб оламан, – деган эди, ҳалиги пес одам:
– Ҳаммага туя бераверсам, ўзимга нима қолади? – деди. Фаришта:
– Сени олдин ҳам кўргандекман, мабодо олдин одамлар жирканадиган пес бўлмаганмидинг? Парвардигор сенга бойлик бермаганмиди? – деган эди, пес:
– Бу бойлик ота-боболаримдан мерос қолган, – деди. Шунда фаришта:
– Агар ёлғон айтаётган бўлсанг, Аллоҳ сени олдинги ҳолингга қайтариб қўйсин, – деди.
Сўнгра фаришта аввалги сурати ва кўринишида калнинг олдига борди. Унга ҳам песга айтган нарсаларини сўзлаган эди, кал ҳам пес каби жавоб қилди. Фаришта:
– Агар ёлғон айтаётган бўлсанг, Аллоҳ сени олдинги ҳолингга қайтариб қўйсин, – деди.
Кейин аввалги сурати ва кўринишида кўрнинг олдига борди. Ва:
– Мен бир мусофир бечора кишиман. Сафаримга керакли нарсаларим тугаб қолди. Бугун манзилимга етишимнинг иложи йўқ. Фақат Аллоҳнинг карами, сўнгра сенинг ёрдаминг билангина етиб олишим мумкин. Шунинг учун сенга кўзингни қайтариб берган Аллоҳ ҳурмати, бир дона қўй сўрайман. Мен сафаримда шу қўйни харжлаб, манзилимга етиб олай, – деган эди, ҳалиги кўр киши:
– Ҳақиқатда мен кўр эдим, Аллоҳ кўзимни қайтариб берди. Кейин мени бой қилиб қўйди. Сен бу қўйлардан хоҳлаганча олавер. Аллоҳга қасамки, Унинг йўлида бугун мендан бирор нарса олсанг, мени роса хурсанд қилган бўласан, – деди. Шунда фаришта:
– Молинг ўзингга сийлов, сизлар имтиҳон қилиндинглар, Парвардигор сендан рози бўлди, икки шеригингдан эса ғазабланди, – деди.

«Кўҳна дунё ривоятлари» китобидан

1 ТА ФИКР

  1. Бану Исроил эмас аслида Бани Исроил деб талқин қилинади!

Comments are closed.