Ички ишлар вазирлигининг “Avto oltimish oy” МЧЖ ҳақида баёноти

0

«UzAuto Motors» компаниясининг Ички ишлар вазирлигига йўллаган мурожаати юзасидан Вазирлик ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан “Avto oltimish oy” МЧЖнинг мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 188-1-моддаси 1-қисми, яъни пул маблағларини ва бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолиятини текшириш мақсадида жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши юзасидан олиб борилаётган дастлабки тергов ҳаракатлари давомида фуқароларнинг мол-мулкини жиноий тажовуздан ҳимоялаш ва “Avto oltimish oy” МЧЖнинг фаолияти шаффофлигини ўрганиш мақсадида, молия-хўжалик фаолияти ҳужжатли тафтишни ўтказиш йўли билан текширилади.

Айни вақтда, “Avto oltimish oy” МЧЖнинг бош офиси ва вилоятлардаги филиалларида мавжуд бухгалтерия ҳужжатларини аниқлаб олиш мақсадида, тергов гуруҳлари томонидан тинтув тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Шу билан бирга, таъкидлаш жоизки, тадбиркорлик субъектининг назорат кирим-чиқим операциялари назоратга олинади, лекин фаолияти тўхтатиб қўйилмайди.

Тафтиш якунига кўра, мазкур жамият мансабдор шахслари ва бошқаларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиб, жиноят иши бўйича якуний қарор қабул қилинади.