ИИВ Навоийдаги колонияда 5 нафар маҳкум очлик эълон қилгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди

0

Ижтимоий тармоқларда «Ўзбекистондаги жазони ўташ колониясида 5 нафар маҳкум очлик эълон қилди» мазмунидаги хабарлар тарқалди. Бу ҳақда ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси маълум қилди.

Унда Навоий вилоятида жойлашган 5-колонияда маҳкумлар маъмуриятга куйдириш печидан иссиқ ғишт олиш ва юклаш учун янги қўлқоп ҳамда пойабзал бериш тўғрисидаги мурожаатлари учун жазолангани билдирилган.

Шунингдек, хабарда «колония бошлиғи ва тартиб бўлими бошлиғи уларнинг илтимосига шафқатсизларча муносабатда бўлгани ва қийноққа солгани, кейин эса изоляторга жойлаштиргани» баён қилинган. Шундан сўнг мазкур вазиятга эътиборни тортиш учун 10 нафар маҳкумдан 5 нафари очлик эълон қилган.

Маълум бўлишича, жорий йил 3 октябрь куни Навоий вилоят ИИБга қарашли колонияда оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этгани учун жазони ўтаётган бир неча маҳкум ишга чиқишдан бўйин товлаган. Колония маъмурияти томонидан уларни интизомий бўлинмага юбориш тарзидаги қонуний чоралар кўрилган.

Мазкур бўлинмада кечки овқат берилиши чоғида маҳкумлар ўзларига қўлланган чорага норозилик тарзида овқатланишдан бош тортган. Улар билан тушунтириш ишлари олиб борилганидан сўнг ушбу ҳолатга барҳам берилган.

«Ушбу вазиятда колония маъмурияти қонунчилик талабларига риоя этган ҳолда ҳаракат қилган, маҳкумларга нисбатан жисмоний ёки руҳий босим ўтказилмаган. Мазкур колонияда жазо ўтаётганлар томонидан суицид ҳолатлари кузатилмаган», — дейилади хабарда.