Давлат бюджети қани?

0

Бюджет кодексига кўра, ҳукумат 15 октябрга қадар парламентга 2020 йилнинг бюджетини тақдим қилиши керак эди. Ҳукумат бюджетномага қўшиб, «Фуқаролар учун бюджет» ахборот нашрини ҳам тақдим қилиши керак (Бу сизу бизга бюджет параметрларини тушунишга ёрдам беради). Парламентда ҳали давлат бюджети бўйича муҳокамалар бошланмади, демак, катта эҳтимол кеча топширилган ёки ҳали ҳам тақдим қилинмаган.

Маълумки, бу йилдан давлат бюджети қонун сифатида қабул қилинадиган бўлди. Қонун, қоида тариқасида, жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилиниши керак. Молия вазирлиги томонидан жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган қонун лойиҳаси қуп-қуруқ, унда на бир рақам бор, на бир илова келтирилган. “Эълон қилдингми — эълон қилдинг”, қабилида иш тутишган. Ўзингиз ўқишингиз ҳам мумкин. 12 сентябрдан 27 сентябрга қадар муҳокамада турган. Битта изоҳ қолдирилган: “Иловарни хам чоп этинг, илтимос. А где сами приложения? Без них документ бесполезен”.

Дарвоқе, ўтган йили ҳам депутатлар ҳукуматга бюджетнома билан боғлиқ қонунни кечиктириб тақдим қилгани учун дашном берган эди (https://t.me/davletovuz/4245).

P.S.: Давлат бюджети халқнинг пули. Унинг тақсимоти очиқ-ошкора, шаффоф бўлиши керак. Коррупцияга қарши курашишнинг илк талаби ҳам шу ўзи.

P.S.S.: яқинда Дания бош вазири парламентда чиқиш қилиб, тўртта филни циркдан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан сотиб олишга қарор қилинганини айтади. Гап шундаки, Данияда ўтган йили циркларда ёввойи ҳайвонлардан фойдаланиш тақиқланди, шу сабабли ҳукумат цирклардаги филларни сотиб олиб, уларга муносиб ҳаёт учун шароит яратмоқчи. Аммо циркдаги Рамболин исмли фил Али исмли туя билан қалин дўст экан. Экспертлар уларни бир-биридан ажратиш яхши эмас, деган хулосага келишди ва ҳукумат филларга қўшиб, туяни ҳам сотиб олишга қарор қилган. Яъни ҳукумат раҳбари туяни бюджет пулига сотиб олиш сабабини депутатларга изоҳ бераяпти. Албатта, бош вазир ва депутатларнинг реакциясини ўзингиз ҳам кўришингиз мумкин. Дарвоқе, филлар ва туя энг яхши шароитларни таклиф қилган парк ёки зоопаркка берилади. Гап кулгуда эмас, балки бюджет масаласида майда нарсанинг йўқлигидадир.

Хушнудбек Худойбердиев