ХОҲ ИШОНИНГ, ХОҲ ИШОНМАНГ…

0

 

 

ПЕЛЕ ҲАҚИДА ҚИЗИҚАРЛИ ФАКТЛАР

 

Футбол қироли Пеленинг тўлиқ исми-шарифи Эдсон Арантис ду Насименту. Пеле унинг тахаллуси. Футболчининг ўзи ҳам нега уни шундай аташларига жавоб топа олмаган. Аммо шуниси аниқки, уни болалигиданоқ Пеле деб чақира бошлашган экан.

1. Футбол қироли Пеле 1940 йил 23 октябрда таваллуд топган. Отаси Дониньо ҳам футболчи бўлган. Бироқ юксак чўққиларни забт эта олмаган. Шунга қарамай, Пеле келажакда худди отаси каби футболчи бўлишни орзу қилган экан.

2. 1958 йили Бразилия термасида тўп сурган Пеле жаҳон чемпионига айланган. Умуман, у уч карра — 1958, 1962, 1970 йилларда жаҳон чемпиони бўлган.

3. Футболдаги фаолияти давомида Пеле рақиб дарвозасини 1281 марта аниқ нишонга ола билган. Унинг мингинчи голини миллий байрам сифатида кенг нишонлашган.

4. Пелени 1961 йилдан футбол қироли деб атай бошлашган. Бу воқеа Францияга сафари давомида юз берган.

5. Бир куни матч пайтида колумбиялик ҳакам Пелени майдондан четлатмоқчи бўлди. Шунинг натижасида футболчи ҳакам билан муштлашиб кетди. Фанатлар тартибсизликларни келтириб чиқаришди. Бу воқеа охир-оқибат ҳакамнинг ўзини майдондан четлатиш билан якун топди.

6. 1999 йили Халқаро олимпия қўмитаси Пелени йигирманчи асрнинг энг яхши футболчилари бешлигига қўшди. Бунинг ҳайратланарли жиҳати шундаки, Пеле фаолияти давомида ҳеч қачон олимпия ўйинларида тўп сурмаган.

7. 1969 йили Пеле «Сантос» клуби таркибида Нигерияга ташриф буюрди. Ўша вақтлар Нигерияда фуқаролар уруши қизигандан қизиган эди. Пеленинг ташрифи муносабати билан ёвлашган тарафлар икки кун муддатга яраш битими тузиб, футбол қироли иштирокидаги матчни томоша қилган.

8. 1995 йили Руанда давлатида яшовчи фуқаролардан бири Америка юк ташувчи кемасида Бразилия соҳилларигача етиб олди. У ердан Пеле яшайдиган манзилгача пиёда борди ва Пеледан у яшайдиган мамлакатда хуту, тутсу халқлари ўртасида уруш авж олганини баён қилиб, уларни яраштириб қўйишни илтимос қилди.

9. Пеле футболдан кетгач, бир неча фильмларда суратга тушган. Бундан ташқари, у ўзи шеър ёзиб, мусиқа басталайди ва яна ўзи куйлайди. Пеле китоб ҳам ёзади.

10. Илк бор Пеленинг «Мен — Пелеман» китоби чоп этилгач, Бразилиядаги кўплаб саводсизлар шу китобни ўқиб чиқиш илинжида саводини чиқарган экан.

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади