«Ер юзида тирик қолган ягона одамлар!»

0

Нидерландиянинг Дренте провинциясида кўз кўриб қулоқ эшитмаган ҳолат аниқланди.
Қиролликнинг шимоли-шарқида жойлашган шаҳарчада 58 ёшли эркак ва унинг 6 нафар фарзанди 9 йил давомида маҳаллий фермалардан бири ҳудудида жойлашган кимсасиз уйнинг ертўласида яшаб келганлиги аниқланди. Болаларнинг ёши 16 дан 25 ёшгача бўлган оралиқни ташкил этади.
Пайдо бўлган дастлабки маълумотларга қараганда, ушбу ажабтовур оила охири замон бўлишини кутиб ертўладан чиқишмаган. Болаларнинг 25 ёшли тўнғичи уйдан қочиб чиқишга муваффақ бўлгач, улар ҳақида полиция хабар топган.
Ўтган йиллар давомида ушбу оила ҳеч ким билан алоқага чиқмаган. Ертўлада эсини таниган кенжа фарзандлар ўз оиласини Ер юзасида тирик қолган ягона одамлар деб ўйлашган. Уларнинг онасига нима бўлганлиги ва қаерда эканлиги ҳозирча номаълумлигича қолмоқда.