Қашқадарёда ҳатто аёл шифокор калтакланди

0

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлимидан хабар беришларича, жорий йил 16 октябрь куни соат 08.28 да Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қарши филиали тез тиббий ёрдам станцияси Call-марказига қўнғироқ қилган фуқаро Ш.

Г.ҳушидан кетгани учун “тез ёрдам” чақирган. Соат 8.36 да чақириқ жойига врач А. Б., фельдшер С. Н. ҳамда ҳайдовчи Ғ. Р.дан иборат “Тез ёрдам” бригадаси жўнатилган ва улар манзилга соат 08.42да етиб борган. Аммо, ўша хонадонда жам бўлган кишилар тез тиббий ёрдам ходимларини шахсиятга тегадиган ҳақоратли гаплар билан кутиб олишган.

Врач ва фельдшер хонага кирганида бемор ёнбош ётган, қўллари ва оёқлари букилган ҳолатда бўлган. Врач қон босимини ўлчаш учун унинг қўлини тўғрилашга уринганида қўли музлаганини сезган. Шундан сўнг шифокор дарҳол беморнинг бўйнидаги томир уришини аниқлашга ҳаракат қилган. Томир уриши сезилмаган, бемор нафас ҳам олмаган, кўз қорачиғининг ёруғликка таъсири текширилганида эса умуман реакция бўлмаган.

Шундан сўнг шифокор биологик ўлимни қайд этган. Бу ҳақда ёнида турган фельдшерга маълум қилган. Буни эшитган орқада турган икки эркак киши фельдшер С. Н.нинг белига тўсатдан кучли зарб билан қаттиқ тепган. Аёл киши бўлишига қарамасдан, врач А. Б.ни ҳам бир вақтнинг ўзида қаттиқ калтаклашган. Натижада фельдшер воқеа жойида ҳушидан кетган, врач эса жиддий тан жароҳати олган.

“Тез ёрдам” ҳайдовчиси ўша уйда бўлганлардан бири кўмагида шифокор ва фельдшерни машинага олиб чиқиб, РШТЁИМ Қарши филиалига олиб келган. Чақириқ бўлган хонадондаги марҳумнинг жасадини унинг яқинлари ўзларининг автомашинасида РШТЁИМ Қарши филиалига ўзлари олиб боришган. Реанимация бўлими шифокорлари уни тахминан бир соатча аввал вафот этганини тасдиқлаган. Шундан сўнг шифохона маъмурияти ичкиишлар бўлимига хабар берган. Айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари воқеа тафсилотларини ўрганмоқда.

Шу ўринда биз ҳам вазиятга изоҳ бериб, шуни айтишимиз мумкинки, “тез ёрдам” бригадаси чақирилга манзилган кечикмасдан бор-йўғи 6 дақиқада етиб борган. Ҳар қандай ҳолатда ҳам яхшилик қилиш умидида хонадонига кириб келган ва ўз хизмат вазифасини виждонан бажараётган шифокорга қўл қўтариш, тажовуз қилиш, унга тан жароҳати етказишни асло оқлаб бўлмайди. Бу инсонийликка, халқимизнинг яхшиликка яхшилик билан жавоб қайтаришдек эзгу қадриятларига асло тўғри келмайди.

Афсуски, кейинги пайтларда халқимизнинг асрий қадриятларига ва анъаналарига зид бўлган бундай номақбул ҳолатлар кўпайиб бораяпти. Айниқса, шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимида бу каби ҳолатлар кунда-кунора учраб турибди.

uza.uz